Ўғил болалар 11 вазн тоифасига кўра, қизлар 9 вазн тоифасида беллашган чемпионатда 200 дан ортиқ спортчи кучли учликдан жой олиш мақсадида гиламга тушди.
Натижада Қувончбек Шодиев (Чирчиқ ш.), Асадбек Абдиев (Ангрен ш.), Бобур Исломов (Чирчиқ ш.), Жавоҳир Рустамов (Чирчиқ ш.), Диёр Ўрмоналиев (Ангрен ш.), Б.Умрзоқова (Чирчиқ ш.) сингари полвонлар ўз вазн тоифаларида шоҳсупадан жой олди. Умумжамоа ҳисобида эса Чирчиқ ва Ангрен шаҳри полвонлари етакчиликни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Тошкент вилояти кураш федерацияси ижрочи директори Ёқуб Сайдуллаев. – Бу мусобақа ҳам қарор ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшлар орасида вилоят терма жамоасига муносибларни аниқлаш, республика миқёсида ўтадиган чемпионатга саралаш каби вазифаларни ўз ичига олди. Чемпионатнинг кўтаринки руҳда, муросасиз ва байрамона тусда ўтишига бош-қош бўлган мутасаддиларга полвонлар, федерациямиз номидан ташаккур айтамиз. Ўйлаймизки, энг кучли, дея эътироф этилган ва республика чемпионатига йўлланма олган ёш полвонларимиз эртага мамлакат миқёсидаги баҳсларда ҳам кучлилар қаторида бўлади.
Илҳом РАҲМОНОВ