Шунингдек, эндиликда мусиқа фани учун ажратилган ўқув соатлари доирасида “Ҳаётимга ҳамроҳдир чолғу” шиори остида “Чолғу ижрочилиги” дарс машғулотлари йўлга қўйилиши ҳам айтиб ўтилган. Умумтаълим мактабларида айнан милллий чолғуларимизни чалишга ва ўрганишга эътибор қаратилиши бу миллий мусиқамизга бўлган эътибор демакдир. Агар болаларимиз ҳаётига миллий чолғуларимиз ҳамроҳ бўлса, уларнинг фақатгина телефон ва интернетга боғланган ҳаётида ўзгача ёруғлик – маънавий нур пайдо бўлади. Миллий қадриятларимизга ва анъаналаримизга нисбатан ўзгача меҳр уйғонади.

Давлатимиз раҳбари кўплаб маърузаларида миллий мусиқаларимиз ва мумтоз қўшиқларимизнинг инсон камолотида катта аҳамият касб этиши, агар болаларимиз ҳаётига миллий чолғуларимиз, миллий мусиқаларимиз ҳамроҳ бўлса, уларнинг фақатгина телефон ва интернетга боғланган ҳаётида ўзгача ёруғлик – маънавий нур пайдо бўлиши ҳақида таъкидлаганлар. Мен ҳаётимда касби ва фаолияти бошқа бўлса-да, дутор, танбур ёки найни маромига етказиб чала оладиган инсонларни биламан. Улар миллий созларимизни маънавий-руҳий оламларига мазмун бахш этиш учун чаладилар. Ва бу маънавий устунлик инсон соғлигига ҳам бевосита таъсир қилади. Қолаверса, миллий мусиқага бўлган интилишларимиз ва изланишларимиз ҳаётдаги мақсадларимизга ва ниятларимизга миллий руҳ бахш этади. Бўш вақтини, маънавий ҳордиқ онларини куй-қўшиқ билан ўтказадиган, китоб ўқийдиган одамлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Бундай инсонларнинг она юртига садоқати, атрофидаги инсонларга бўлган муносабатини кўриб ҳавасингиз келади.

Муножат ЙЎЛЧИЕВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони