Учрашувда элчихона ва «BMB TRADE GROUP» компанияси билан ҳамкорликда Болтиқбўйи мамлакатларига миллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида миллий маҳсулотларни Европага экспорт қилишда Латвия ўзининг қулай ва функционал логистика тизими билан муҳим хабга айлангани алоҳида таъкидланди. Қуруқлик, темир йўл ва ҳаво йўллари орқали юк ташиш учун қулай имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Элчи компания маҳсулотларини Болтиқбўйи мамлакатларига экспорт қилиш бўйича барча зарур ёрдам кўрсатилишини айтиб ўтди ва яқинда Рига шаҳрида очилган «Ўзбекистан» савдо уйи имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Компания раҳбари Беҳзод Маматқулов, ўз навбатида, дипломатия миссияси кўмагида Латвиянинг йирик компанияларини «BMB TRADE GROUP» томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, шафран ҳақида кенгроқ хабардор қилишда кўмак беришни таклиф қилди.
Учрашув натижасида «BMB TRADE GROUP» маҳсулотларини Болтиқбўйи мамлакатлари бозорларига киритиш бўйича амалий саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш тўғрисида келишиб олинди.