2025 йил 13 февраль куни “U-Enter” инновацион марказида Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ва “ЮНEСКО”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “13 февраль Бутунжаҳон радио куни” муносабати билан “Радиода миллий контент истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси Бош директори Абдуазиз Абуталипов бирлашмага аъзо барча радиоканалларни “13 февраль Бутунжаҳон радио куни” муносабати билан табриклаб уларга “Олтин фонд” миллий дурдоналар тўпламини топширди.

Конференция доирасида ташкил этилган панель сессияда радио соҳаси истиқболлари, янги технологиялар ва мавжуд муаммолар бўйича халқаро экспертлар иштирокида муҳокамалар ҳамда радио дастурларида миллий контент ҳажмини ошириш ва сифатли ахборот билан таъминлаш, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий эшиттиришларни ривожлантириш, сунъий интеллект ёрдамида радиоконтент яратиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва радио журналистларининг малакасини ошириш, шунингдек, радио орқали экология ва атроф-муҳит муҳофазасига эътибор қаратиш масалалари муҳокама қилинди.

Конференция давомида Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмасига аъзо радиоканаллар учун мумтоз, бахшичилик достонлари, халқ куйлари ва фольклор қўшиқларидан иборат “Олтин фонд” миллий мусиқа тўплами тақдим этилди.

Конференция якунида Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмасининг умумий йиғилиши ўтказилиб, 2024 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда 2025 йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Мазкур халқаро конференция радио соҳасининг долзарб масалаларини ёритиш, миллий контентни бойитиш ва халқаро тажрибаларни ўрганиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.