Ҳар доим маданият ва санъат ҳақида сўз юритилганида, Президентимизнинг “Агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак. Ана шундай улкан маънавий бойликнинг шаклланиши ва тараққиётида, бу умрбоқий санъатнинг бизгача етиб келишида беқиёс хизмат кўрсатган улуғ шоир ва мутафаккирлар, бастакор ва созандалар, буюк ҳофизларнинг хотирасини ҳурмат-эҳтиром билан ёд этамиз”, деган сўзлари қулоқларим остида жаранглаб тураверади.

Бу барча санъат ихлосмандлари, соҳа вакиллари ва ёш иқтидор эгаларига мақом санъати негизида нечоғлиқ улкан маъно ва мазмун мужассам эканини яна бир бор англатиб, тасдиқлаб туради.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 февраль куни имзолаган “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса маданият ва санъат соҳаси ривожида муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳужжат мақом санъатининг ҳам янада ривожланиши, тараққий этиши ва юксалиб боришида муҳим омил бўлади. Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган мақом қадимий тарихи, теран фалсафаси, бетакрор бадиий услуб ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди.

Узоқ йиллардан бери санъат майдонида ижод қилиб келаётган бўлсам-да, фақат сўнгги йиллардагина Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва ғамхўрлиги билан маданият ва санъат соҳасига катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўляпман. Хусусан, мақом санъатини ўрганаман, деган ижодкорга барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Энди ушбу имкониятларнинг қадрига етиш, қалб қуввати билан астойдил изланиш ва ижод қилиш керак.

Бугун мақом санъати ижро мактаблари ва анъаналари янги босқичда, янгича руҳда юксалмоқда. Ўзим мақом санъати ва унинг доирасида Бухоро “Шaшмақом”ининг шаклланиш тарихи йўналишида илмий изланиш олиб боряпман. Чунки бу соҳа ҳали етарлича ўрганилмаган. Ўрта асрлардан қолган ёзма манбаларда қайд этилишича, Бухорода мақом турли тарихий даврларда турли шакл ва анъаналарда ижро этилган. Биргина Бухоро “Шaшмақом”и кўп миллатли шаҳар мусиқа маданиятининг энг ёрқин анъаналари ва услубларини ўзида мужассамлаштирган.

Ҳозирги “Шaшмақом”да биз учта асосий — тожик, турк-ўзбек ва бухоро-яҳудий мусиқий анъаналари ҳиссасини кўрамиз. Мутахассислар мақомларни икки бўлимга ажратган. Чолғу бўлими — мушкилот, ашула бўлими — наср номи билан аталади. Улар Марказий Осиёда мусиқанинг ушбу мумтоз тури давом этиши ва ривожланишига улкан ҳисса қўшди, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз қарори биз, санъат аҳли юрагига ёқимли бир наводай сингиб, кўнглимизга хушнудлик, соҳамизга янада муҳаббат билан ёндашиб хизмат қилишни ва келажак авлод қалбига куй ва қўшиқ сеҳри билан энг гўзал хислатларни сингдириб боришимизда муҳим ва нурли бир довондир.

Зеро, миллий мусиқанинг мустаҳкам пойдевори бўлмиш мақом халқимиз ҳаётининг акс-садосидир. Бу куй ер юзидаги барча инсонлар қалбини тебрата олган, мураккаб руҳий кечинмалар, теран фалсафий фикрлар билан жилоланган мўъжиза бўлиб, бизнинг даврга келиб, элнинг дарду ҳасрати, жасорати, бахти, шодиёнаси, севги-муҳаббатини тараннум этиб, энг мукаммал шаклу шамойилда намоён бўлаётир.

Сойибжон НИЁЗОВ,

Ўзбекистон халқ ҳофизи