Ҳудудларни қўллаб-қувватлаш ва тиббий билим бериш бўйича ўз дастурининг навбатдаги босқичини Миллий палата Навоий вилоятида амалга оширишдан бошлади.
Миллий палата раҳбари ва Навоий вилояти ҳокими ўртасида бўлиб ўтган учрашувда шунингдек тиббий туризм соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари, ҳудуд соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш, вилоятга чет эл инвестицияси ва инновацион тиббий технологияларни жалб этиш масалалари, жумладан ҳудудда Россия инвестицияси кўмагида замонавий флебологик хизматини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама этилди.
Ташриф доирасида Миллий палата ва Навоий вилояти ҳокимияти ўртасида тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Таркибида рух бор дори воситаларини топшириш учун мамлакатнинг 6-7 та ҳудудлари танлаб олинган. Бунинг учун чекка ҳудудларнинг аҳоли яшаш пунктларидан махсус гуруҳлар — бошланғич синф ўқувчилари (1-4 синф) танлаб олинган. Тадбир, шунингдек аҳолининг кенг қатлами, айниқса ота-оналар ва болалар орасида зарур тиббий билимларни ёйишни мақсад қилган.
Бугун рух каби микроэлемент COVID-19нинг енгил шакли билан касалланган беморларни даволашда қўл келаётгани учун унга жиддий эътибор қаратилган. Рух организмнинг иммун ҳимоясига кўмаклашиш ва нормал ўсиши учун зарур. Бу айниқса болалар учун жуда муҳим. Организмда рухнинг тақчиллиги билан боғлиқ ҳолатларда одатда суякларнинг ўсиши секинлашиши кузатилади. Шунинг учун айниқса чекка ҳудудларда яшаётган аҳолининг тиббий билимини оширишга қаратилган тадбирлар бугун жуда долзарб саналади, деб хабар беради Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати.