Археологик қазишма ишлари Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг илмий ходимлари Амриддин Бердимуров, Ҳусниддин Раҳмонов ва Нигора Маҳкамовалар томонидан амалга оширилмоқда.
Қазишмалар натижасида ёдгорликнинг Арк (қалъа) қисмида жойлашган, милодий VIII асрнинг биринчи ярмига мансуб бўлган сарой мажмуасининг меъморий тузилиши очиб берилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, иншоотнинг қурилиш услуби илк асрлар даври шаҳарсозлиги, меъморчилиги ҳамда давлат бошқарув тизимини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади.
Шунингдек, қазишма ишлари давомида саройнинг зал қисмидан VIII асрга оид ҳайкалтарошлик намуналари ҳам топилиб, улар юзасидан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Археологларнинг қайд этишича, мазкур топилмалар Мингтепа ёдгорлигининг сиёсий, маданий ҳаёти, илк асрлардаги ҳудуднинг тарихий тараққиёти ҳақида янги илмий хулосалар чиқаришга хизмат қилади.