2021 йил 7 декабрь куни ИИВга Ж.М. ариза билан мурожаат қилиб, Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидан тўлиқ қуриб битказилмаган кўп қаватли уйлардан хонадонни ипотека кредити асосида сотиб олиш мақсадида «Мирокредитбанк» АТБ Тошкент филиалига борган.

Банкнинг «Чакана хизматлар» бўлими бошлиғи З.Ш. унинг номига 7 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити ажратиб бериш эвазига 2.000 АҚШ доллари беришини талаб қилиб, пулларни унинг таниши Х.Я.га бериб қўйишни айтганлигини маълум қилиб, қонуний чора кўришликни сўраган.

Мазкур аризага асосан, шу куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ҳамда ИЖҚК Департаменти Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 2-мавзеси Арнасой кўчаси 28-уй олдида Х.Я. ариза муаллифидан 2.000 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган ҳамда З.Ш. қўлга олиниб, суриштирувга жалб қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Х.Я. ва З.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 28,211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Тошкент вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси