21 май куни пойтахтдаги Тошкент шаҳар ёшлар марказида ўтказилган "Мирзо Улуғбек ворислари" Республика танловининг финал босқичи ғолиблари тақдирланди. Ижтимоий тармоқларда мазкур танлов натижаларига эътироз билдирилган видео лавҳалар эълон қилинди.
Мазкур масала юзасидан, инновацион ривожланиш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни илмий-техник ва инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш, иқтидорли ёшларнинг, жумладан, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг февраль-май ойларида "Мирзо Улуғбек ворислари" Республика танлови ўтказилди.
Мазкур танловни самарали ташкил этиш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
махсус платформалар орқали жами 23 811 нафар иқтидорли ёшлар (10 646 нафари қиз бола, 13 165 нафари ўғил бола, 18 345 нафари 16-20 ёш, 5466 нафари 21-25 ёш) танловда иштирок этиш мақсадида рўйхатдан ўтди;
Танловни ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга ва халқаро тажрибага мувофиқ рўйхатдан ўтган иштирокчилардан 3130 нафар ёшлар (1217 нафар қиз бола, 1913 нафар ўғил бола) IQ тест синовларидан муваффақиятли ўтди;
Танловнинг 1-босқичи 2022 йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 205 та туман ва шаҳарлар кесимида ўтказилди. Ҳар бир туман ва шаҳардан 5 нафардан энг иқтидорли ёшлар ғолиб деб топилди ва уларга танловнинг 2-босқичига йўлланма ҳамда маҳаллий бюджетдан БҲМнинг 5 баравари миқдоридаги пул мукофотлари берилди;
Танловнинг 2-босқичи 2022 йилнинг апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳарлари кесимида ўтказилди. Ҳар бир ҳудудда 20 нафардан энг иқтидорли ёшлар ғолиб деб топилди ва уларга танловнинг 3-босқичига йўлланма ҳамда БҲМнинг 10 баравари миқдоридаги пул мукофотлари берилди.
Танловнинг Республика босқичига йўлланма олганларнинг 82 нафари 16-20 ёш ва 198 нафари 21-25 ёш оралиғидаги жами 280 нафар ёшлар бўлиб, улардан 104 нафари қиз ҳамда 176 нафари ўғил болаларни ташкил этади.
Танловнинг Республика босқичини юқори савияда ташкил этиш мақсадида қуйидагилар ишлар амалга оширилди:
Танловнинг Республика босқичи жорий йилнинг 19-21 май кунлари Тошкент шаҳридаги "ИННО" Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида ўтказилди;
Танловнинг Республика босқичида Тошкент шаҳрига Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 280 нафар ёшлар мини-технологиялар, робототехника, инновацион хизматлар, дастурлаш, VR ва AR, қишлоқ хўжалиги, биотехнология, муқобил энергия, соғлиқни сақлаш, сунъий интеллект ва 3D прототиплаш каби йўналишлар бўйича ўз ғоя ва ишланмалари билан иштирок этдилар;
Танлов иштирокчилари уларнинг салоҳияти ва билимига қараб тегишли вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мутахассислар ҳамда олимлардан тузилган. Танлов комиссияси томонидан 100 нафар энг яхши лойиҳа муаллифлари ғолиб сифатида саралаб олинди.
Танлов ғолиблари Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш "Улуғбек" жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул ўқиш имкониятига эга бўлди, шунингдек, БҲМнинг 20 баравари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилди.
Танлов ҳайъати аъзолари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар парламенти, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш "Улуғбек" жамғармаси, Ёшлар парламенти, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходимлари, етук мутахассисларидан шакллантирилди.
Танловнинг Республика босқичи мобайнида иштирокчиларнинг турар жой, яшаш ва транспорт харажатлари Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш "Улуғбек" жамғармаси ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қопланди.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, мазкур танловнинг республика босқичига ўтган ёшлар мукофотсиз қолишмаган, балки туман босқичида ва вилоят босқичида пул мукофотлари олишган. Танлов борки, ғолиблар ва мағлублар бўлади, акс ҳолда, танлов ўтказишнинг маъноси бўлмайди. Аммо айнан мана шу танловда бирорта иқтидор эгаси беэътибор қолдирилмади, деб ўйлаймиз.
Танловнинг топ-100 рўйхатига кирмаган иқтидорли ёшлар ҳам Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш "Улуғбек" жамғармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги эътиборида бўлади. Танлов ғолиблари бўлолмаган ёшларимизнинг мазкур танловда иштирок этиб, финалга чиққанлари атрофларидаги ёшларнинг лойиҳаларни кузатиш имкониятига эга бўлди, тажриба орттирди. Ўйлаймизки, улар кейинги йил ўтказиладиган мазкур танловда ҳам фаол иштирок этиб, янада каттароқ ютуқларни қўлга киритади.
Танловда иштирок этган барча ёшларга ўз миннатдорлигимизни билдириб, кейинги йилги танловга пухта тайёргарлик кўришни тавсия қиламиз, дея хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги.