Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Мисрга ташрифи доирасида ўтказилган учрашувда Мисрнинг электротехника, тўқимачилик, чарм ва пойабзал, фармацевтика маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритаётган компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва сармояларни жалб этиш истиқболлари кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлди.
Хусусан, Elsewedy Electric президенти Аҳмад Садек билан (компания 17 та давлатдаги корхоналарга эга бўлган Мисрнинг энг йирик электр энергияси, трансформатор ва кабель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Активлари 6 миллиард долларни ташкил этади) энергетика ва электротехника саноатидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, трансформаторлар, кабель-сим маҳсулотлари ва аксессуарлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича Ишчи гуруҳ тузишга келишилди.
Fresh компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда электротехника соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. (компания 1,5 минг турдаги электротехника маҳсулотлари, жумладан, маиший техника ишлаб чиқаради. Экспорт географияси дунёнинг 52 давлатини қамраб олади. Сотувлар ҳажми 1 миллиард долларни ташкил этади). Тошкент вилоятида электротехника маҳсулотлари қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш, шунингдек, мис ва бутловчи қисмларни биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди.
Orascom Construction компанияси ижрочи директори Иҳаб Маҳавед билан бўлиб ўтган учрашувда (компания анъанавий ва қайта тикланадиган электр энергияси, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда, сув ресурсларини бошқариш ва қайта ишлашда 70 йиллик тажрибага эга) энергетика, йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Лойиҳаларни батафсил ўрганиш бўйича қўшма Ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишувга эришилди.
Шу куни Al Rowad va ARC Shoes (компаниялар Европа, Яқин Шарқ, Осиё ва Африка мамлакатларига пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи йирик корхоналар ҳисобланади), шунингдек, Lotus Garment Group (Leviʼs, Lee, Gap, Wrangler, Ralph Lauren, Calvin Klein ва бошқа халқаро брендлар учун кийимлар ишлаб чиқаради) ва Pharco Pharmaceutical
(компания 450 дан ортиқ турдаги дори-дармонларни ишлаб чиқариб, 50 мамлакатга экспорт қилади) раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди. Музокараларда қўшма корхоналар ташкил этиш ва юқори сифатли чарм, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалий ишлаб чиқишни бошлашнинг ташкилий масалалари келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.