Қонун лойиҳаси ИИВ томонидан ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, митинг, йиғилиш ва намойишларни ҳафтанинг иш кунлари соат кундузи 10:00 дан 18:00 гача вақт оралиғида ўтказишга рухсат берилади. Бир жойда ва бир вақтнинг ўзида бир объект ёнида икки ёки ундан ортиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат берилмайди.

Қонун билан митинг, йиғилиш ва намойишлар давомийлиги икки соатдан ошмаслиги белгиланади.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун ариза ташкилотчи ёки уларнинг вакиллари томонидан маҳаллий ижро этувчи хокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишигача ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун берилган мурожаатнинг қонун талабларига мувофиқлиги маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари томонидан ўн иш куни давомида кўриб чиқилади.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, бошқа меъёрлар ҳам белгиланиши назарда тутилган.

Хорижий давлатлар, халқаро, хорижий ноҳукумат ва нотижорат ташкилотлар томонидан, ёки уларнинг топшириғига асосан бошқа шахслар томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш учун молиялаштириш ва мулк тақдим этишга рухсат берилмайди. Фуқароларни моддий рағбатлантириш эвазига митинг, йиғилиш ва намойишларга жалб қилиш тақиқланади.

Лойиҳага мувофиқ, тўлиқ масъулиятни зиммасига оладиган 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиси бўлиши мумкин. У намойишлар давомида товушнинг баландлик даражаси қонунга мувофиқ бўлган, товушни кучайтирувчи техника воситаларидан фойдаланиши мумкин.

Ташкилотчи ўзини фарқловчи белги тақиши керак.

Ташкилотчи ва иштирокчилар томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир этилиши ва мазкур қонун талабларининг қасддан бузилиши, ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги талабларни бажармаслик, жамоат хавфсизлиги, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига ҳақиқий таҳдидни юзага келтирувчи ҳолатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар юзага келса ушбу тадбирлар тугатилади.

Ушбу Қонун сиёсий партиялар ва бошқа диний ташкилотлар томонидан йиғилиш ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказилишида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди. Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Ўзбекистон қонунчилиги билан белгиланади.

Маълум қилинишича, вазирлик ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда Россия, АҚШ, Қозоғистон, Туркманистон, Германия, Франция, Эстония ва Озарбайжон давлатларининг тажрибаларини ўрганган.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 2 сентябргача давом этади.