Шу муносабат билан, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши доирасида «Чимён» халқаро умуммавсумий курорт обектларини қуриш бўйича «Белдирсой-Чимён-Нанай» халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича лойиҳа офиси ҳамда Франциянинг «Montagne et Neige Développement» компанияси ўртасида шартнома имзоланди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида мамлакатимиз аҳолисига ҳам, хорижлик меҳмонларга ҳам очиқ ҳавода ҳордиқ чиқаришнинг ҳар хил турларини таклиф этадиган халқаро даражадаги умуммавсумий мажмуа ташкил этилади.

Лойиҳа доирасида дам олувчиларни 2 515 метр баландликка кўтариладиган гондол типидаги 10 кишилик оралиқ осма йўли (максимал қуввати - 2000 киши/соат) ва 3 309 метр баландликка чиқадиган маятник типидаги 80 кишилик асосий осма йўли (максимал сиғими - 800 киши/соат) қурилади. Курорт бундай иншоотларга эга бўлган Марказий Осиё мамлакатларидаги энг баланд нуқтага айланади. Шунингдек, унда XXL Zip line, Alpine coaster, Adventure tower, Tubing, Via ferrata каби 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги аттракционлар ташкил этилади, умумий узунлиги 20 км дан ортиқ бўлган турли даражадаги 11 та чанғи учиш жойлари, 6 000 нафар туристга мўлжалланган меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар қурилади.

Ушбу йирик ташаббусдан кўзланган мақсад халқаро миқёсдаги умуммавсумий курорт, сайёҳлик жойлари ва турли кўнгилочар аттракционлар ҳамда осма йўлларга эга янги туристик мажмуаларни қуриш орқали ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтириш, Тошкент вилоятининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида оммавий спортни рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва янги иш ўринлари ташкил этишдир.

Натижада йилига 3,1 миллион кишига хизмат қиладиган халқаро умуммавсумий курорт ташкил этилади ҳамда 451та янги иш ўринлари яратилади, деб хабар беради Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати.