Исҳоқхон тўра Ибрат фаолият доираси кенг шоир ва олим, ношир ва публицист, педагог ва сайёҳ, миллий уйғониш даврининг машҳур ислоҳотчиси сифатида бутун ҳаётини Ватан ва миллат манфаатларига, унинг истиқлолига бағишлади. Шу боис, унинг бой маданий-маърифий, илмий-бадиий мероси нафақат мамлакатимизда, ҳатто яқин ва узоқ хорижда ҳам кенг ўрганилмоқда. Кейинги йилларда Ибратнинг “Мезон уз-замон” (“Замон тарозуси”) маърифий асарининг япон ва ўзбек профессорлари Хисао Коматсу ва Бахтиёр Бобожонов томонидан ҳамкорликда Тошкент ва Токиода нашр этилиши, шоир шеърларининг салмоқли сўзбоши билан Туркияда чоп этилгани ушбу фикрни тасдиқлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев юксак лавозимини бажаришга киришган дастлабки кунларда Наманган вилоятига сафари чоғида истиқлол фидойиларидан Исҳоқхон тўра Ибрат ҳақида гапириб, унинг музейини қайта тиклаш ва тўлдириш, асарларини нашр этиш ҳақида қимматли фикрлар баён қилган эди. Дарҳақиқат, мустақиллик, истиқлол мафкураси миллат, Ватан учун жон фидо қилган инсонларнинг умумбашарий ишларини, ўлмас асарларини халқимиз тафаккурига, келажагимиз эгалари – ёшлар шуурига сингдириш орқали амалга оширилади.

ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида мамлакатимиз маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ва фалсафий тафаккури тарққиётида матбуот, нашриёт, матбаа ва кутубхоналар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Публицистика жанри миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг энг илғор, ҳозиржавоб ажралмас бир қисмига айланди. У анча масъулиятли, таъсирчан, оммавий, шу билан бирга, ўзбек адабиёти учун нисбатан янги жанр бўлишига қарамай, маърифатпарварларнинг жанговар минбарига айланди. Шунинг учун ҳам Исҳоқхон тўра Ибрат қатор публицистик мақола ва шеърларида матбуотнинг халқ маърифий-маданий, сиёсий ҳаётидаги аҳамиятига юксак баҳо берди. У бошқа маърифатпарварлар каби ўз шеър ва мақолаларини ўзбек тилидаги илк матбуот органи бўлмиш “Туркистон вилоятининг газети”да эълон қилди, кескин мунозараларда фаол иштирок этди.

Маълумки, ушбу газета чор Россиясининг Туркистон ўлкасидаги мустамлакачилик сиёсатини мустаҳкамлаш, ерли аҳолини тобеликда, тутқунликда сақлаш мақсадида ташкил этилган эди. Бу газета ўта қабиҳ, ўта салбий мақсадларни амалга оширишни кўзлаган бўлса-да, миллий уйғониш ҳаракатининг етакчи намояндалари ҳали жадид газета ва журналлари дунё юзини кўрмаган бир пайтда бу газета саҳифаларидан миллат манфаатлари йўлида, ўзларининг орзу-армонларини халққа етказишда минбар сифатида фойдаланди. Шунинг учун ҳам мазкур газета ўзбек публицистикаси ва журналистикаси тарихининг илк саҳифаси ҳисобланади.

Комил Хоразмий, Сатторхон Абдуғаффоров, Муҳиддинхўжа қози, Шарифхўжа қози, Рожий Марғиноний, Фурқат, Саидрасул Саидазизов каби Миллий уйғониш даврининг дастлабки намояндалари — янгича маърифатпарварлик оқимининг раҳнамолари ушбу газетада ўз мақолалари, шеърлари билан фаол иштирок этган. Шулар қаторида Исҳоқхон Ибрат ҳам бор эди.

Унинг биз тўплаган мақолалари элликдан ошиқ бўлиб, шулардан тахминан 30 таси “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида босилган. Публицистикасининг асосини маърифатпарварлик ғоялари ташкил этади. У дастлабки мақолаларидан бошлаб меҳнаткаш халқ бошидаги оғир мустамлакачилик зулмини фош этишга, халқни маънан уйғотишга ҳаракат қилди. Шунинг учун ҳам Ибрат асрлар давомида ҳеч бир ижобий ўзгаришсиз келаётган эски схоластик таълим-тарбия, ўқув-ўқитув тизимига қарши кураш бошлади.

Ўзбек мутафаккирлари — жадидчилик ҳаракатининг М.Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Сиддиқий Ажзий каби сардорлари ўз ватанини мустақил, халқини ривож топган халқлар билан тенг кўришни орзу қилди. Буни амалга оширишда мактаб ва мадрасаларни тубдан ислоҳ қилиш масаласига бутун куч ва ғайратини, билимини, ҳатто мол-мулкини, керак бўлганда, жонларини ҳам бахш этди.

Исҳоқхон Ибрат Тошкент жадидлари раҳбарлик қилган “Тараққий”, “Тужжор”, “Садойи Туркистон” “Ал-ислоҳ” каби газета-журналларда, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойина” журналида, Обиджон Маҳмудовнинг “Садойи Фарғона” газетасида шеър ва мақолалари билан фаол иштирок этди. У Мунавварқорининг таклифига биноан бир неча марта Тошкентда, унинг мактаби имтиҳонларида иштирок этди, улар ҳақида туркум мақолалар эълон қилди. Мунавварқори 1907 йилда Исҳоқхон тўрага махсус “Даъватнома” билан мурожаат қилади:

“Ҳурматлу Исҳоқхон ҳожи жанобларина! 1907 йил май ойиндан эътиборан Тошкантда Тарновбоши маҳалласидаги “Хония” мактабинда талабаларни(нг) йиллик имтиҳонлари бошланур. Сиз, ҳурматлудан рижо қилурмизки, тавобингизда бўлғон усули жадидия мактаблари мудирлари ила имтиҳон мажлисларина ташриф қилсангиз, муаллим ва шогирдлар Сиздан мамнун бўлур эдилар.

Муҳибингиз Мунавварқори. 15 март, 1907 йил”.

Бу таклифга биноан Исҳоқхон Ибрат ўз яқинлари Ҳусаин Макаев, шогирди Мулла Искандар Абдуваҳоб ўғли билан ярим ойга яқин Тошкентда бўлади, усули жадид мактабларида Мунавварқори жорий қилган имтиҳон маросимларида иштирок этади, Мунавварқори ва Абдулла Авлоний яратган дарсликлар билан танишади, “усули жадид” мактаблари билан бир қаторда Тошкентдаги “усули қадим” мактабларида ҳам бўлади ва ўз муносабатларини, танқидий қарашларини “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида туркум мақолаларида эълон қилди. Исҳоқхон Ибрат публицистикасида “усули қадим” ва “усули жадид” ўртасидаги кескин курашлар етакчилик қилади.

 Илғор педагоглар ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларига келиб, “усули қадимия”га қарама-қарши давр талабларига жавоб бера оладиган, замонавий педагогиканинг илғор ютуқлари билан қуролланган “усули жадидия” мактабларини вужудга келтира бошлади. Улар хотин-қизларни маърифат нуридан баҳраманд қилиш ғоялари билан чиқиб, уни ўз амалий фаолиятларига ҳам татбиқ қилишди. Исҳоқхон Ибрат янги мактабларни олқишлабгина қолмай, уларни “усули қадим” тарафдорларидан қаттиқ туриб ҳимоя қилди. Бу ўринда 1907 йилда Исҳоқхон Ибрат билан Тошкент шаҳар Себзор даҳасидаги эски мактабдор Мулла Ҳусанхўжа ўртасида кечган мунозара диққатга сазовор. Мулла Ҳусанхўжа домла ўз мактабини енгил-елпи ислоҳ қилиб, “жадид мактаби” деб эълон қилади ва бу ҳақда газета маъмурияти қуйидагиларни ёзади:

“Мулла Ҳусанхўжа Эшон ўғли ушбу 1907-нчи йилни(нг) биринчи сентабридан бошлаб сартия болаларига ўқитадурғон усули қадимиямизни усули жадид тартибига олиб, жамоа-жамоа қилиб ўқитадур. Чораки, мазкур тариқа тартибида мактаб болаларини(нг) тез фурсатда саводлари чиқиб, кўб фойдалар ҳосил бўлур экан. Биринчи жамоа “Ҳафтияки шариф”, иккинчи жамоа “Каломи шариф”, учинчи жамоа “Чахор китоб” билан “Фузулий” ёки “Навоий”, тўртинчи жамоа “Илми фароиз” ўқуб, муддати икки ёинки уч йил миёнасида мадрасаларда ўқумоқни хоҳлаганлари мадрасаларга чиқиб ўқумоққа қодир бўлур эканлар. (“Туркистон вилоятининг газети”, 1907 й. 66-сон).

Юқоридаги сўзлардан маълум бўладики, Мулла Ҳусанхўжа домла ўз мактабини “ислоҳ” қилиб, жамоа-жамоага бўлиб ўқитишдан ташқари ҳеч қандай ижобий ўзгариш киритгани йўқ. Халқ фарзандларини саводли қилишда катта эътибор қозонаётган “усули савтия” методи (ҳозирги бошланғич синфларда қўлланадиган “аналитик товуш методи” – У.Д.) асосида Саидрасул Саидазизовнинг “Устоди аввал”, Мунавварқорининг “Адиби аввал” алифбо ва ўқиш китоби дарсликлари нашрдан чиққан, Исмоилбек Гаспринскийнинг “Хўжаи сибён” алифбоси ва “усули савтияи тадрижия” методининг хос хусусиятларини кўрсатиб берган “Раҳбари муаллимин ёки муаллимларга йўлдош” методик қўлланмаси ўлкамизда кенг тарқалаётган, янги ўқув усуллари вужудга келаётган бир пайтда мазкур домла ёш болалар руҳиятига, билим савиясига мос келмайдиган китобларни ўқитишни давом эттиради.

Ушбу мактабнинг моҳиятини, эски схоластик мактаблардан ҳеч қандай фарқи йўқлигини аниқлаган Исҳоқхон Ибрат ўшанда Ҳусанхўжа домладан қаттиқ ранжийди. Эътиборли томони шундаки, Исҳоқхон Ибрат 1907 йили Тошкентга келган кунлари ушбу мактабни кузатган ва ўқитувчиси билан суҳбатлашган. Ҳусанхўжа домла ўзининг “Тошкент мусулмон мактаблари ҳақинда” мақоласида “усули савтия” методига асосланган жадид мактабларни танқид қилади ва эски – анъанавий мактабларни номига ислоҳ қилиш – калтак билан жазолашни бекор қилиш, уларни жамоа-жамоа қилиб ўқитиш ва давоматни тартибга солиш талаби билангина чиқди. Фақат буларнинг ўзи ўқув-тарбия савиясини кўтаришда сезиларли натижа бера олмас эди. Чунки бундай мактабларда ўқув-тарбия асосини ўқувчи тушуниб етмайдиган ўта мураккаб китоблар, фақат диний ақидаларни тушунмасдан қуруқ ёдлаш ташкил қилар, бунинг устига кўплаб тавсия этилган китоблар араб ва форс тилларида эди.

Ўқитиш методи бутунлай яроқсиз бўлган бундай мактабларни енгил-елпи ислоҳ қилишга Исҳоқхон Ибрат кескин қарши чиқди ва эски таълим-тарбия ҳамда ўқитиш тизимига доир ёзган танқидий мақолаларида эски мактабларни ҳашарот уясига ўхшатиб, шундай ёзади: “Болаларни эски мактаблар ила жамоаларға тақсим қилиб, келиш-кетиш, калтак ила қамчи масъалаларин ислоҳ қилмоқ албатта лозимдур. Лекин ўқулажак китоблари – мазкур эски китоблар, ўқутажак домлалар – эски домлалар, мактаблари-да – эски ҳашарот уялари бўлғондин бу масъалалар минг мартабалаб ислоҳ этилса-да бекор ва беҳудадур”.

Халқ фарзандларининг ўн-ўн беш йиллаб мактаб ва мадраса тупроғини ялаб, охири саводсиз ёки чаласавод бўлиб чиқишлари Ибратни изтиробга солди. Чунки узоқ йиллар Шарқ ва Ғарб давлатларида таълим-тарбия, илм-фан соҳасидаги буюк ўзгаришларни кузатган мутафаккир ўз ватанидаги ҳеч бир ўзгаришсиз фаолият кўрсатиб келаётган бундай мактаблар миллатни хароб қилишини тушуниб етган ва чет эллардалигидаёқ уларни тубдан ўзгартириш фикрига келган эди: “Агар виждон, инсоф ила муҳокама қилсак, таваққуфсиз ва тараддудсиз эски мактабларимизни асосларидан йиқиб, жойларига тартиб ва интизом билган, янги усул домлаларнинг ҳимоясида бўлган мактаблар очмак лозимдур. Эски мактабдорларимизни деҳқончилик ҳунарларига саҳв этмак мувофиқи ҳақиқатдур”. (“ТВГ”, 1907, 66-сон).

Исҳоқхон Ибрат мақолаларида эски таълим-тарбия тизимига кескин қарши чиқар, “усули савтияи тадрижия” методини тарғиб қилар экан, у, биринчи навбатда, ўзининг амалий педагогик фаолиятига, ўлкага кириб келаётган илғор педагогик технологияларга суянди. 1907 йилда қишлоқ болалари учун иккинчи марта эски мактаблардан тубдан фарқ қилган, бепул “усули жадид” мактаби очди. Бу мактабда ўз фарзандлари билан бирга 50 нафар қишлоқ болаларини ўқитди. Мактаб “Исҳоқия боғи”даги ҳашаматли бинода – катта, ёруғ, деразали хонага жойлашган бўлиб, у янги ўқув қуроллари, асбоб-ускуналари – парта, стол-стул, қора тахта (доска), бўр, курраи арз (глобус), янги китоблар, дарсликлар, дафтар-қаламлар билан жиҳозланди ва таъминланди, ўқиш-ўқитиш ишларини ўзи тузган дастур асосида олиб борди.

У “усули жадид” мактабининг ниҳоятда катта афзалликларини исботлашда кўпроқ ўзи эришган ютуқларга, ўз амалий фаолиятига татбиқ қилган янги методларга асосланди. Ибратнинг ушбу сўзларига эътибор беринг: “Мен ҳам ўзимга қарашлик ўнта-ўн бешта болаларни(нг) эски мактабда ҳеч баҳра топмай юрдуқларина жоним ачиб, Қозон тарафиндан бир мулла (Ҳусаин Макаев – У.Д.) жалб эдуб, мактаб қилиб бердим. Мактабнинг кушодиға уч ой бўлгани йўқ, йигирмадан зиёда кичик болалар тамом саводи чиқиб, ҳар нарсани ёзадурган бўлдилар. Тўрт-беш, етти-саккиз саналар Қўқонга юруб, ҳеч нарса билмаган муллавоччалар батамомиҳи арабий муколамаға қодир бўлуб, ҳар бир китобларни мутолаа этадурган бўлдилар. Шул сабабдан биз кўзумиз ила тажриба қилиб, бул ўқутиш (усули савтия)га тамом ихлос қилдик. (“ТВГ”, 1913, 38-сон).

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу мунозара энди дунё юзини кўраётган “усули жадид” (“усули савтия”) методи билан “усули қадим” (“усули ҳижоия”) методи ўртасидаги курашларнинг бошланиши эди. Бу мунозара кейинроқ жиддий сиёсий курашларга айланиб кетди.

Ҳаётда юз бераётган ҳар қандай ижобий ўзгаришлар Исҳоқхон Ибрат публицистикасига асосий мавзу бўлиб кирди. Таълим-тарбия, маориф, фан ва маданият, техника соҳасидаги янгиликлар унинг мақолаларида акс садо берди. 1912 йил 7 июлда Қўқон ва Наманган шаҳарларида Наманган – Қўқон темир йўлининг очилиши муносабати билан катта тантаналар бўлди. Исҳоқхон матбуотда бу воқеаларни моҳир журналист-публицист сифатида ёритиб борди: “Тортиб қўйилган лентани кесиб, анинг устиға “Намангонга салом!” деган ёзувни вогзолга рўбарў қилиб, ул поездға Намангонга шукрона байрамга борадурғон кишилар тушуб, алоҳида чиройлик қилиб, устига “Яхши соатда!” деб ёзилган дарвозадан поезд ўтуб, Намангонга қараб жўнаб, ўша аснода фотографлар ва ҳам алоҳида чиқарилган синимотограф ўшал ерда ҳозир бўлуб, тасвирларни олиб турубдурлар... 7 июлда Намангонда поездни(нг) дохили муносабати илан ўн кун сайил бўлуб, фуқоро меҳнатидин роҳатга чиққанига хурсандлик тўйи бўладур”. (Намангандин умумий хабар хурсанди. “ТВГ”, 1912, 56-сон).

Журналист Исҳоқхон Ибрат кейинги “Намангондин умумий хабар хурсанди” мақоласида темир йўл ва Сирдарё устига кўприк қурилишида қўл келган замона техникасига, илм-маърифатига, халқ қудратига, меҳнатига тасаннолар айтади, уларни “хурсандлик тўйи”да қатнашишга даъват этади:

Ўқингиз илм ҳикмат сизга бу иш катта Ибратдур,

Агар илм ўрганурсиз, барча ишда сизга нусратдур,

Агар илм ўлмаса, нодон умри барча кулфатдур,

Бу ашёйи жадиди мубаддини асли ҳикматдур,

Ажиб бир фойизи арзоқи инсоний вагон келди. (“ТВГ”, 1911, 14-сон).

Афсуски, бундай ишларда Чор ҳукумати, генерал губернаторлик ҳеч қачон мустамлака ўлка халқи манфаатларини назарда тутган эмас эди, аксинча, унинг маънавий ва моддий бойликларига эгалик қилиш, тезроқ ва кўпроқ ташиб кетишни мақсад қилиб қўйган ва бунга эришган эди. Албатта, буларни мустамлакачи ҳукумат газета саҳифаларида айтиш амри маҳол эди.

Исҳоқхон Ибратнинг бу туркум мақолалари журналистиканинг энг долзарб жанри – репортаж жанрининг анча мукаммал ва чиройли намунаси деса арзийди. Ҳаётда юз бераётган ҳар қандай ижобий ўзгаришлар Исҳоқхон тўра Ибрат публицистикасига асосий мавзу бўлиб кирди. Таълим-тарбия, маориф, фан ва маданият, техника соҳасидаги янгиликлар унинг публицистик мақолаларида ўз ифодасини топди. Жадид матбуотининг вужудга келиши билан унинг саҳифаларида Исҳоқхон Ибратнинг мақола ва шеърлари ҳам тез-тез кўрина бошлади, газета ва журнал мутасаддиларига чин кўнгилдан муваффақиятлар тилади.

 Исҳоқхон Ибрат 1908 йилда Москва ва Петербург саёҳатида бўлади, диққатга сазовор ўқув ва маданият масканларида бўлади. Эрмитажда сақланаётган “Мусҳафи Усмоний”ни кўзига суртади. Қайтишда Оренбург ва Уфа шаҳарларида бўлади, туркий халқларнинг улуғ мутафаккирлари Ризоиддин Фахриддиннинг “Шўро” журнали билан, Фотиҳ Каримийнинг “Вақт” газетаси билан алоқа ўрнатади ва уларнинг доимий муштарийсига айланади, “усули жадид” хусусида улар билан узоқ суҳбатлашади. Оренбургда Исҳоқхон Гауфман деган матбаачидан пулини ўн йил давомида тўлаш шарти билан кредитга литографик машина сотиб олади ва уни бутун анжомлари билан жуда катта машаққатларга қарамай, Оренбургдан Қўқонга поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларда олиб келди. 1908 йилда бир неча йилдан бери бўш ётган, ўзи қурдирган ҳаммом биносида босмахона ташкил қилади ва “Матбааи Исҳоқия” номи билан ишга туширади. Матбаа ишларидан анча хабардор бўлган Ҳусаин Макаев ва Абдулрауф Шаҳидий Исҳоқхон Ибрат билан ёнма-ён туриб ишлайди. Туркистон ўлкасининг чекка бир қишлоғида матбаанинг вужудга келиши ўзбек халқининг таълим-тарбия, маърифат соҳасидаги улкан ютуғи эди. Бу ҳақда “Таржимон”, “Вақт” газеталарида туркум мақолалар эълон қилинган.

Исҳоқхон матбаани очган йилиёқ уни кенгайтириш, ўлкада кўзга кўринган босмахоналардан бирига айлантириш учун ҳаракат қилди, керакли анжомлар тайёрлади, ҳукуматга ариза ҳам берди: “Ушбуни эълон этамиз. Ушбу кундан ибтидоан матбааимизда заказлар қабул қилинадур. Чунончи, рисолалар, ҳар хил бланкалар ва табрикномалар, ишчўтлар, карточкалар, мактуб варақалари, ҳар нима чоп этмак мумкин... Матбаамизни вилоятда танҳо қилмоқ аввалдан матлабимиздур. Анқариб уруфот босмахонаси ҳам очилур, асбоблар ҳам тайёр. Ҳукуматдан ижозат олинган”. (Исҳоқхон Ибрат. Илми Ибрат. 1908 й. 16-бет).

Миллат маънавияти, маорифи, илм-фани тараққиётида матбуотнинг улкан аҳамиятини яхши тушунган жадид мутафаккирлари Беҳбудий, Мунавварқори, Авлоний, Убайдуллахўжаев, Обиджон Маҳмудовлар ташкил этган газета ва журналларни қўллаб-қувватлаган, уларда ўз мақола ва шеърлари билан фаол иштирок этган Исҳоқхон Ибрат ўзи ҳам 1913 йилда “Матбааи Исҳоқия” қошида “Ал-тижорал Намангон” номида газета чиқаришга ҳаракат қилди, ҳукуматдан рухсат олиш учун ариза ҳам беради. Бу ҳақда Оренбугда чиқадиган, Марказий Осиёда, умуман, турк дунёсида машҳур бўлган “Вақт” газетаси катта мамнуният билан қуйидагиларни ёзади: “Намангон мўътабариндин Исҳоқ қози ҳазратлари “Ал-тижорал Намангон” исминда бир газета чиқарарға сўраб ариза берди. Бу зот 1908 йилда Намангонда бир матбаа очган эди. Бу йил “Кутубхонаи Исҳоқия” исминда кутубхона очиб, турк, татар, ўзбек, рус тилларинда бўлғон адабиёт китоблари олдирди. Ҳозир газета чиқармоқ ҳаддиндадур. Чин кўнгулдан муваффақият тилаймиз”.

Ҳар қанча ҳаракат қилса-да, Ибрат газета чиқаришга муваффақ бўла олмади. Узлуксиз мустамлакачиларнинг маҳфий органлари таъқибида бўлган Ибратга рухсат бермадилар. Лекин ўз уйида ниҳоятда бой кутубхона ташкил қилди ва “Кутубхонаи Исҳоқия” деб атади. Унда дунёга машҳур Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари ноёб қўлёзмасининг бир неча ўн йиллар давомида сақланиши ва ўтган асрнинг 20-йилларида Фитрат ва Лутфулла Олимийлар томонидан давлат кутубхонасига топширилиши “Кутубхонаи Исҳоқия”нинг буюк аҳамиятини таъминлайди. Надоматлар бўлғайким, 30-йиллар қатағони авж палласида бу кутубхона бор маънавий бойликлари билан барбод этилди.

Халқ ўртасида китоб ва турли хил рисолаларга талаб ортиши натижасида “Матбааи Исҳоқия” 1910 йилда Наманган шаҳрига кўчирилди ва типолитографияга айлантирилди. Қисқа вақт ичида ўзининг “Санъати Ибрат”, “Илми Ибрат”, “Жомеъ ул-хутут” асарларини босмадан чиқарди, ўзга муаллифларнинг асарларини нашрга тайёрлади. Афсуски, Исҳоқхон Ибратнинг улкан орзу-умидлари армон бўлиб қолди: октябр тўнтаришининг дастлабки йилиёқ шўро ҳукумати “Матбааи Исҳоқия”ни зўрлик билан тортиб олди...

2018 йили Тўрақўрғонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига биноан буюк мутафаккир Ибрат номидаги мажмуа ташкил этилиб, у катта боғ, унинг ўртасида Исҳоқхон тўра Ибратнинг маҳобатли ҳайкали, миллий усулда айвон, мусиқали фаввора, замонавий матбаа, болалар боғчаси, чет тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 400 ўринли мактаб-интернат, тарихий-меъморий музейдан иборат барпо этилган обидаларни ўз ичига олади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан яқиндан — 2022 йил 9 июнда имзоланган “Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор мутафаккир бобомиз педагогик фаолиятининг ёрқин эътирофи бўлди.

Улуғбек ДОЛИМОВ,

педагогика фанлари доктори