Дунёдаги неки табаррук тушунча бор — ҳаммаси онанинг мўътабар номи билан ёнма-ён айтилади. Шоирларнинг сара шеърлари, рассомларнинг энг гўзал асарлари, ҳайкалтарошларнинг фусункор ҳайкаллари она сиймосига бағишланган. Оламга зийнат берган оналик меҳри билан не-не мутафаккирларнинг бешигини тебратган, не-не алломаларга алла айтган буюк ва қаҳрамон момоларимиз инсонни инсон қиладиган юксак эътиқод, эзгулик тушунчаларини бўлажак даҳолар қалбига жо этгани ҳақиқат. Зотан, “Ота-она фарзанд учун энг биринчи ва олий мадрасадир”, “Оналар миллатнинг биринчи муаллимларидир”, ”Отаси яхшининг боласи яхши, онаси яхшининг ҳаммаси яхши” каби ҳикматлар бежиз айтилмаган.
Отамерос қадриятларнинг безаволлиги эса мукаммал таълим-тарбиянинг, яхшилик ва меҳр-оқибатнинг тимсоли бўлган, ҳамиша фарзанди, эл-юртининг доно маслаҳатгўйига айланган оналарнинг борлигидандир. Ҳикматларда “Ота-она боласига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди”, деб таъкидланган. “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмағай”, деган улуғ муҳаддис Имом Бухорийнинг онаси Фотимабегим кўриш қобилиятидан маҳрум бўлган ўғлини илм олишга рағбатлантирган. Тунлари Яратгандан боласининг кўз нурини қайтаришини сўраб ибодат қилгани ва фарзандининг кўриш қобилияти тўлиқ тикланганда шукроналар айтгани учун тарихда “Дуолари мустажоб аёл” номи билан қолган. Бундан бошқа заковатли момоларимиз ҳам алломаю жаҳонгир фарзандларни тарбиялаб камолга етказган. Жаҳонда тиб илмининг султони деб эътироф этилган қомусий олим, буюк ҳаким Абу Али ибн Сино, 27 давлатда адолат ва интизом ўрнатган Соҳибқирон Амир Темур, бетимсол “Хамса”си билан туркий тилнинг жозибасини етти иқлимга тан олдирган мутафаккир Алишер Навоий, 1018 юлдузнинг ҳаракат жадвалини тузган фалакиётшунос аллома Мирзо Тарағай Улуғбек, шоҳ ва шоир, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби зотларнинг волидалари шулар жумласидан. Қолаверса, оқила Бибихоним, Зебуннисо, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин, Самарбону каби маърифатли ва юксак идрокли момоларимиз ўзбек аёлларининг ёрқин тимсоли сифатида шарафланиб тилга олинади.
Оналар маърифати
“Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир”, деб ёзган эди атоқли адибимиз. Тарих зарварақларида битилганидек, маърифатпарварлар ўз даврида аёлларнинг фаол бўлишини, жамият тараққиётида эркаклар билан бир қаторда фаолият юритишини орзу қилган. Абдурауф Фитрат “Оила” асарида “Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги миллий озодлик, эрк учун зарур. Аёллар фақат уй-рўзғори ва бола тарбияси билан банд бўлиб қолмаслиги, уларнинг Европадаги каби сиёсатда қатнашиши ўринлидир”, деган эди. Бу орзу кўп ўтмай, ижобий маҳсулини берди. Ўзбек аёллари аждодларига хос бўлган сиёсат, илм-маърифат ва маданият соҳаларида улкан зафар чўққиларини эгаллади.
Туркистоннинг “Кўмак” жамияти йўлланмаси билан хорижга ўқишга жўнатилган Марям Султонмуродова, Хайринисо Мажидхонова ва Хадича Алиеванинг ўтган асрнинг йигирманчи йилларида миллат ҳуррияти ва озодлиги учун курашган, қатағон қилинган жадид маърифатпарварлари қаторида жасоратли фаолият кўрсатганини “Марям” фильмида кўрган эдим. Зотан, улар тенгқурларига чинакам намуна бўлган эди.
Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик, юридик фанлар доктори, профессор Хадича Сулаймонованинг юртимизда ҳуқуқшунослик фани ривожи йўлидаги илмий изланишлари, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таҳликали умри, етакчилик салоҳияти ҳамда қардош халқлар ўртасидаги ўзаро сиёсий ва иқтисодий муносабатлар таҳлилига доир тадқиқотлари, Бобурнинг қизи Гулбаданбегим ёзган “Ҳумоюннома” асарининг форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниши, шарқшунослик фанини ривожлантириш борасида эълон қилинган қатор илмий таҳлиллар — билимдон аёллар ҳамма замонларда ҳам элнинг ҳурмати ва эътиборида бўлганидан дарак беради.
Ўзбекнинг маърифатли оналари тимсолида замондошларимиз ҳам илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида қатор ютуқларни қўлга киритмоқда. Улар орасида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, кимё фанлари доктори, профессор Сайёра Рашидова ҳам бор. У ЎзФА Полимерлар кимёси ва физикаси институти директори сифатида юзлаб шогирдлар тайёрлаган. Ўзи етиштирган 20 дан ортиқ фан докторлари, 300 дан зиёд илмий ишланмалари ва 20 дан ортиқ муаллифлик гувоҳномалари билан дунё олимлари орасида обрў-эътибор қозонган.
Дилфуза Эгамбердиева эса қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор сифатида қишлоқ хўжалиги биотехнологиялари соҳасидаги тадқиқотлари, 200 дан зиёд илмий мақолалари ва илмий ишланмалари орқали янгиликлар яратган. У БМТ ҳузуридаги Умумжаҳон озиқ- овқат хавфсизлиги қўмитаси аъзоси.
Ўзбекнинг яқиндагина “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган машҳур олимаси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова соя ва зайтун ўсимлигининг, шунингдек, таркибида клейковина миқдори юқори бўлган буғдойнинг янги навларини яратган. У 40 дан ортиқ шогирди билан қишлоқ хўжалиги соҳасида изланишлар олиб бориб, илмий кашфиётлар қилмоқда.
Умри илм-фан ҳамда маърифатга бағишланган онахонларимиз, ёрқин истеъдодли, ҳикматгўй опа-сингилларимиз бизга ва биздан кейинги авлодларга намуна бўлиб қолаверади. Улардан ўрнак олаётган ёшларимиз эса маърифий анъаналарни кейинги авлодларга етказади. “Яхшиликнинг мукофоти — яхшилик”, деб шуни айтсалар керак-да.
Самарқанднинг Хосияти
Кечагина Президентимиз фармони билан самарқандлик ҳассос шоира Хосият Бобомуродовага “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилди. Самимий ва дарёдил шоирамизнинг шеърлари “Ватан ягонадир, Ватан биттадир” сатрлари орқали юрагимиздан жой олган. Аёл ижодкорнинг сермашаққат меҳнатини янада теран англаш ҳақида сўз юритар экан, Хосият опа: “Қўлига қалам тутган аёлнинг ҳаёти ҳеч қачон силлиқ кечмаган: у ўзининг мураккабликлари, синовларию дардини ва шу дардни қаламга туширишдек масъулиятли юмушни гарданига олади. Тақдир менга мана шундай ҳаётни насиб этганидан доим шукр қилиб келганман”, дейди.
“Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари ва “Шуҳрат” медали соҳибаси бўлган Хосият Бобомуродованинг қуйидаги мисралари барчани руҳлантиради:
Гулхонага айлансин Ватан,
Нурхонага айлансин Ватан,
Дарсхонага айлансин Ватан,
Келгин бизнинг сафимизга!
Унинг “Дарёдан қатра”, “Қалб титроғи”, “Ватан ягонадир” каби шеърий тўпламлари, “Дийдор”, “Мурод қасри” достонлари эл-юрт ва Ватан меҳри билан йўғрилган. Хосият опа билан фирдавсмонанд Самарқанд ҳақида соатлаб гаплашиш мумкин. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов сценарийси ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев постановкаси асосида яратилган “Улуғ Амир ва донна Мария” фильми намойишида Ўзбекистон халқ артисти Севара Назархон ижросидаги “Самарқандга кел” қўшиғи янграганда кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд — очиқ осмон остидаги музей кўз олдимизда гавдаланиб, барчани завқлантирган эди.
Фидойилик рағбати
2018 йилда ҳукумат қарори билан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Бугунгача бу мукофот билан 2110 аёл тақдирланган бўлса, бу йил яна 351 опа-синглимиз ушбу мукофотга сазовор бўлди.
Бу йилги тақдирланганлар сафида хотин- қизлар муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиб, уларнинг маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган “Оқила аёллар”, “Аёллар маслаҳат кенгаши” ва “Бувижонлар мактаби” ҳаракати фаоллари бор. Шунингдек, аёллар жиноятчилигининг олдини олиш ва оилалар фаровонлигини таъминлаш йўлида намунали фаолият юритаётганлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаётганлар, Ватан сарҳадларини қўриқлаётган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари эътироф этилди.
Бундан ташқари, миллий урф-одатлар ва оилавий қадриятларни сақлаш ҳамда уларни ҳаётга изчил жорий этишда ташаббускорлик кўрсатаётган вазирлик ва идоралар, корхона, ташкилот, муассасалар, маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган маърифатли аёллар, эл-юрт хизматига камарбаста фарзандларни тарбиялаган онахонлар ва ибратли қайноналар ҳам ушбу мукофотга муносиб топилди.
Мукофотланганлар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Муножат Йўлчиеванинг борлигидан барчамиз қувондик.
— Санъат умримнинг мазмуни, — дейди Муножатхоним. — Ўзбек санъати довруғининг жаҳон саҳналаридаги эътирофи эса ҳаётимнинг энг шукуҳли байрамларидан биридир.
Дарҳақиқат, ўн икки асрдан буён мумтоз куй-қўшиқларимизни ардоқлаб келаётганимиз — ўзликни ва миллийликни англаш мезони саналмиш мақом санъатини келгуси авлодга безавол етказишдир. Бу йўлда олиб борилаётган улкан ислоҳотларда мана шундай забардаст санъаткорларимизнинг борлиги ифтихор бағишлайди.
Европа мамлакатларида мусиқа мутахассислари ва ихлосмандлари “Шашмақом”ни турли концерт ҳамда фестивалларда тинглаб, юқори баҳолаб келаётган бир пайтда ўзбек миллий санъатида ўзига хос мақом мактабини яратган соҳир овоз соҳибасининг меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Анъанавий мумтоз қўшиқларимизнинг қатор хорижий давлатлар, хусусан, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Япония, Бельгия, Германия, Нидерландия, Испания, Италия, Марокаш, Тунис, Австрия, Норвегия, Венгрия, Украина, Финляндия, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Жанубий Корея, Туркия, Россия, шунингдек, Корсика ороли ҳамда Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон сингари ўлкаларда баралла янграётгани ҳам айнан Муножат Йўлчиеванинг фидойи меҳнати самараси.
Ўзбекистон давлат филармонияси ҳузуридаги “Сўғдиёна” ўзбек халқ чолғулари камер оркестри бадиий раҳбари, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Феруза Абдураҳимованинг миллий мусиқамиз ривожи йўлидаги меҳнати беқиёс. “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан эъзозланаётган Феруза Абдураҳимова миллий қадриятларимизни, ўзбекона мусиқий оҳангларимизнинг жозибасини дунёнинг энг олис чеккаларидаги мусиқа шинавандаларига ҳам танита олган моҳир устоз. Санъат таржима талаб қилмайди. У чин кўнгилдан ижро этилсагина, қалбларга тўғридан тўғри кириб боради. Ижронинг мукаммаллиги эса нафақат созандаю бастакорга, балки бевосита оркестр раҳбарига ҳам боғлиқ. Камер оркестри концертларини тинглаган шинавандаларнинг Феруза опага меҳри ва ихлоси беқиёс.
Фалсафа фанлари доктори, профессор Матлуба Қаҳҳорованинг илмий тадқиқотлари ҳамда қатор шогирдлари яратган илмий ишланмалар юртимизнинг қайси гўшасига бормайлик, зиёлилар орасида катта нуфузга эга. Бугун Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари вазифасида меҳнат қилаётган Матлубахон мамлакатимиз хотин-қизлари орасида диний маърифат ва саводхонликни тарғиб қилиш борасида олималаримизга ибрат бўлиб келмоқда. Ўзининг қатор дарслик ва монографиялари, ҳаётий мисолларга бой илмий маърузалари билан ҳурмат қозонган профессоримизнинг ҳаётий ҳамда илмий тажрибалари барчамизга ўрнак.
Мукофот соҳибаларидан яна бири — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бош мутахассиси Қурбоной Бобожоновадир. У 38 йил давомида таълимнинг барча бўғинида фаолият юритиб, умрини мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ҳамда олий таълим муассасалари фаолиятини ўрганишга бағишлаган. Шунингдек, у ёшларнинг билимини ошириш борасида катта ҳаётий тажрибага эга мутахассисдир. Қурбонойнинг қувончли сўзлари барча мукофотланганларнинг дил изҳорига ўхшайди.
— Аёл киши бутун умр меҳнат қилади, болаларига таълим-тарбия беради ва бу вазифани сидқидилдан бажариб, ҳеч қачон мукофот кутмайди, — дейди Қурбоной Бобожонова. — Кутилмаганда мана шундай файзли давраларда унинг заҳмати муносиб эътироф этилса, кўнгли осмон қадар юксалар экан. “Миллатнинг биринчи тарбиячилари — оналар”, деймиз, болалар эса келажакни барпо этади. Умримнинг салкам қирқ йилини таълим-тарбия соҳасига бағишлаяпман. Бугун эса меҳнати роҳатини кўриб тақдирланаётган опа-сингилларим қаторидаман. Бу мен учун катта шарафдир.
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида ўз нуфузи, обрўси ва айтар сўзи бор. “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан мукофотланган БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая каби хонимлар ҳам юртимиз салоҳиятини халқаро доираларда эътироф этмоқда.
Бундан анча йил аввал ойнаи жаҳон орқали марғилонлик Минавархон Ғаниеванинг чиқишини кўрган эдим. Унинг фарзанди Бобуржон Ғаниев Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат бурчини адо этаётиб, 2000 йил 4 августда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари тоғли ҳудудларида халқаро террорчи жангари тўдаларга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган эди. Ўшанда онаизор: “Менинг болам кўча-кўйда безорилик қилиб, муштлашиб ёки бировнинг ҳақига тажовуз қилиб ўлгани йўқ! Менинг фарзандим Ватан ҳимояси учун жон фидо қилди. Мен ундан мингдан- минг розиман. Яна икки ўғлим ҳам ҳарбий. Уларни ҳам юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиш учун чегарага юборишга тайёрман”, деганида арслонюрак фарзанд тарбиялаган ўзбек онасининг шижоати ва ўктамлигига қойил қолган эдим. Бугун Минавархон ая ҳам мукофотланди. Шунингдек, “Мўътабар аёл” мукофоти билан хизмат вазифасини бажараётиб ҳалок бўлган бир гуруҳ Ички ишлар, Мудофаа ва давлат хавфсизлик тизими ходимларининг оналари ва турмуш ўртоқлари ҳам тақдирланди. Муборак Рамазон кунларида қаҳрамон болаларимизни ёд этиб, уларнинг руҳига ҳаловат тиладик.
Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова барча мукофотланганлар номидан сўзга чиқиб, юртнинг бойлиги, фахри ва суянчиғи бўлган мунис аёллар меҳнатига берилган бундай юксак баҳо уларнинг келгуси фаолиятига янада катта шижоат бағишлашини таъкидлади. Шунингдек, Президентимиз ислоҳотларнинг самараси ота-оналарнинг безавол таълим-тарбияси ҳамда хотин-қизларнинг фидойи меҳнатида яққол намоён бўлаётганини айтди. “Энг муҳими, бу мукофотлар билдирилган ишончнинг, ҳурмат ва эъзознинг акс садосидир. Оналаримиз ҳамиша давлатимиз ардоғида бўлади”, деди мукофот соҳибаси.
Шукроналик оғушида
Аёлларнинг жамият олдидаги энг буюк хизмати ҳар томонлама баркамол ва етук фарзандларни вояга етказишдир. Тарихдаги улуғ кишиларнинг камол топишида донишманд оталарга қараганда оқила оналарнинг ҳиссаси кўпроқ деймиз. Зотан, жаҳон аёл меҳри, она меҳри билан чароғондир.
Бугунги байрам кунларида оила, маҳалла, шаҳару кент осойишталиги ва фаровонлиги учун, билимдон ва фидойи фарзандлар тарбияси йўлида катта масъулият билан жонфидолик қилаётган, қатор-қатор фарзандлару набиралар оғушида яйраётган, шунингдек, янги Ўзбекистон довруғининг жаҳонаро эътироф этилишига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётган барча Ўзбекистон аёлларининг, опа-сингилларимиз ҳамда қизларимизнинг кўнглидан қуйидаги фикр кечаётгани аён.
Дунё қалқиб турган бир замонда, олову сел ичида қолаётган юртларнинг болалари нон ва сувга зор бўлиб, оналар ўз фарзандларига етарли шароит яратиб беролмаётган бир даврда янги Ўзбекистон шукроналик ва фаровонлик оғушида ўз дилбандларини камолга етказаётир. Бу буюк неъматни юрагимиз орқали ҳис этаётганимиз эса биздан янада юксак масъулият, ғайрат ва шижоат талаб этади.
Биз — оналармиз, оиланинг, жамиятнинг, Ватаннинг кўрар кўзларимиз. Оналик — масъулият, оналик — шараф. Оналик — Ўзбекистонни авайлаш, юртнинг тинчлигини қўриқлаш, фарзандларни чинакам таълим- тарбия, меҳру ардоқ билан асраб-авайлаш демакдир!
Биз барчамиз тўмарислар, нодирабегимлар, зулфияхонимларнинг муносиб авлодларимиз. Илоҳим, доимо Ватаннинг, эл-юртимизнинг ва оиламизнинг ёруғ юзи, кўрар кўзи, чақноқ сўзи бўлайлик! Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азизларим!
Сайёра ТЎЙЧИЕВА,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори,
фалсафа фанлари доктори, шоира