Дунёдаги неки табаррук тушунча бор — ҳаммаси онанинг мўътабар номи билан ёнма-ён айтилади. Шоирларнинг сара шеърлари, рассомларнинг энг гўзал асарлари, ҳайкалтарошларнинг фусункор ҳайкаллари она сиймосига бағишланган. Оламга зийнат берган оналик меҳри билан не-не мутафаккирларнинг бешигини тебратган, не-не алломаларга алла айтган буюк ва қаҳрамон момоларимиз инсонни инсон қиладиган юксак эътиқод, эзгулик тушунчаларини бўлажак даҳолар қалбига жо этгани ҳақиқат. Зотан, “Ота-она фарзанд учун энг биринчи ва олий мадрасадир”, “Оналар миллатнинг биринчи муаллимларидир”, ”Отаси яхшининг боласи яхши, онаси яхшининг ҳаммаси яхши” каби ҳикматлар бежиз айтилмаган.

Отамерос қадриятларнинг безаволлиги эса мукаммал таълим-тарбиянинг, яхшилик ва меҳр-оқибатнинг тимсоли бўлган, ҳамиша фарзанди, эл-юртининг доно маслаҳатгўйига айланган оналарнинг борлигидандир. Ҳик­матларда “Ота-она боласига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди”, деб таъкидлан­ган. “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмағай”, деган улуғ муҳаддис Имом Бухорийнинг она­си Фотимабегим кўриш қобилиятидан маҳрум бўлган ўғлини илм олишга рағбатлантирган. Тунлари Яратгандан боласининг кўз нурини қайтаришини сўраб ибодат қилгани ва фар­зандининг кўриш қобилияти тўлиқ тикланган­да шукроналар айтгани учун тарихда “Дуола­ри мустажоб аёл” номи билан қолган. Бундан бошқа заковатли момоларимиз ҳам алломаю жаҳонгир фарзандларни тарбиялаб камолга етказган. Жаҳонда тиб илмининг султони деб эътироф этилган қомусий олим, буюк ҳаким Абу Али ибн Сино, 27 давлатда адолат ва интизом ўрнатган Соҳибқирон Амир Темур, бетимсол “Хамса”си билан туркий тилнинг жозибасини етти иқлимга тан олдирган му­тафаккир Алишер Навоий, 1018 юлдузнинг ҳаракат жадвалини тузган фалакиётшунос аллома Мирзо Тарағай Улуғбек, шоҳ ва шоир, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби зотларнинг волидалари шулар жумласидан. Қолаверса, оқила Бибихоним, Зебуннисо, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин, Самарбону каби маъри­фатли ва юксак идрокли момоларимиз ўзбек аёлларининг ёрқин тимсоли сифатида шараф­ланиб тилга олинади.

Оналар маърифати

“Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир”, деб ёзган эди атоқли адибимиз. Тарих зарва­рақларида битилганидек, маърифатпарварлар ўз даврида аёлларнинг фаол бўлишини, жа­мият тараққиётида эркаклар билан бир қа­торда фаолият юритишини орзу қилган. Аб­дурауф Фитрат “Оила” асарида “Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги миллий озодлик, эрк учун зарур. Аёллар фақат уй-рўзғори ва бола тарбияси билан банд бўлиб қолмаслиги, уларнинг Европадаги каби сиёсатда қатнаши­ши ўринлидир”, деган эди. Бу орзу кўп ўтмай, ижобий маҳсулини берди. Ўзбек аёллари аж­додларига хос бўлган сиёсат, илм-маърифат ва маданият соҳаларида улкан зафар чўққи­ларини эгаллади.

Туркистоннинг “Кўмак” жамияти йўл­ланмаси билан хорижга ўқишга жўнатилган Марям Султонмуродова, Хайринисо Мажид­хонова ва Хадича Алиеванинг ўтган асрнинг йигирманчи йилларида миллат ҳуррияти ва озодлиги учун курашган, қатағон қилинган жадид маърифатпарварлари қаторида жасо­ратли фаолият кўрсатганини “Марям” филь­мида кўрган эдим. Зотан, улар тенгқурларига чинакам намуна бўлган эди.

Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўр­сатган фан арбоби, академик, юридик фан­лар доктори, профессор Хадича Сулаймо­нованинг юртимизда ҳуқуқшунослик фани ривожи йўлидаги илмий изланишлари, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таҳликали умри, етакчилик са­лоҳияти ҳамда қардош халқлар ўртасидаги ўзаро сиёсий ва иқтисодий муносабатлар таҳлилига доир тадқиқотлари, Бобурнинг қизи Гулбаданбегим ёзган “Ҳумоюннома” асарининг форс тилидан ўзбек тилига тар­жима қилиниши, шарқшунослик фанини ривожлантириш борасида эълон қилинган қатор илмий таҳлиллар — билимдон аёллар ҳамма замонларда ҳам элнинг ҳурмати ва эътиборида бўлганидан дарак беради.

Ўзбекнинг маърифатли оналари тимсоли­да замондошларимиз ҳам илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида қатор ютуқларни қўлга киритмоқда. Улар орасида Ўзбекистон Фан­лар академияси академиги, кимё фанлари доктори, профессор Сайёра Рашидова ҳам бор. У ЎзФА Полимерлар кимёси ва физика­си институти директори сифатида юзлаб шо­гирдлар тайёрлаган. Ўзи етиштирган 20 дан ортиқ фан докторлари, 300 дан зиёд илмий ишланмалари ва 20 дан ортиқ муаллифлик гувоҳномалари билан дунё олимлари орасида обрў-эътибор қозонган.

Дилфуза Эгамбердиева эса қишлоқ хўжали­ги фанлари доктори, профессор сифатида қиш­лоқ хўжалиги биотехнологиялари соҳасидаги тадқиқотлари, 200 дан зиёд илмий мақолалари ва илмий ишланмалари орқали янгиликлар яратган. У БМТ ҳузуридаги Умумжаҳон озиқ- овқат хавфсизлиги қўмитаси аъзоси.

Ўзбекнинг яқиндагина “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган машҳур оли­маси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова соя ва зайтун ўсимлигининг, шунингдек, таркибида клейко­вина миқдори юқори бўлган буғдойнинг янги навларини яратган. У 40 дан ортиқ шогирди билан қишлоқ хўжалиги соҳасида изланиш­лар олиб бориб, илмий кашфиётлар қилмоқда.

Умри илм-фан ҳамда маърифатга бағиш­ланган онахонларимиз, ёрқин истеъдодли, ҳикматгўй опа-сингилларимиз бизга ва биз­дан кейинги авлодларга намуна бўлиб қола­веради. Улардан ўрнак олаётган ёшларимиз эса маърифий анъаналарни кейинги авлод­ларга етказади. “Яхшиликнинг мукофоти — яхшилик”, деб шуни айтсалар керак-да.

Самарқанднинг Хосияти

Кечагина Президентимиз фармони билан самарқандлик ҳассос шоира Хосият Бобому­родовага “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилди. Самимий ва дарёдил шоирамизнинг шеърлари “Ватан ягонадир, Ватан биттадир” сатрлари орқали юрагимиздан жой олган. Аёл ижодкорнинг сермашаққат меҳнатини янада теран англаш ҳақида сўз юритар экан, Хосият опа: “Қўлига қалам тутган аёлнинг ҳаёти ҳеч қачон силлиқ кечмаган: у ўзининг мураккабликлари, синовларию дардини ва шу дардни қаламга туширишдек масъулият­ли юмушни гарданига олади. Тақдир менга мана шундай ҳаётни насиб этганидан доим шукр қилиб келганман”, дейди.

“Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари ва “Шуҳрат” медали соҳибаси бўлган Хосият Бобомуродованинг қуйидаги мисралари барчани руҳлантиради:

Гулхонага айлансин Ватан,

Нурхонага айлансин Ватан,

Дарсхонага айлансин Ватан,

Келгин бизнинг сафимизга!

Унинг “Дарёдан қатра”, “Қалб титроғи”, “Ватан ягонадир” каби шеърий тўпламлари, “Дийдор”, “Мурод қасри” достонлари эл-юрт ва Ватан меҳри билан йўғрилган. Хосият опа билан фирдавсмонанд Самарқанд ҳақида соатлаб гаплашиш мумкин. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов сценарийси ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев постановкаси асо­сида яратилган “Улуғ Амир ва донна Мария” фильми намойишида Ўзбекистон халқ артис­ти Севара Назархон ижросидаги “Самарқанд­га кел” қўшиғи янграганда кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд — очиқ осмон остидаги музей кўз олдимизда гавдаланиб, барчани завқлантирган эди.

Фидойилик рағбати

2018 йилда ҳукумат қарори билан “Мўъ­табар аёл” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Бугунгача бу мукофот билан 2110 аёл тақдирланган бўлса, бу йил яна 351 опа-синг­лимиз ушбу мукофотга сазовор бўлди.

Бу йилги тақдирланганлар сафида хотин- қизлар муаммоларини ҳал этишга кўмакла­шиб, уларнинг маънавиятини юксалтириш­га муносиб ҳисса қўшиб келаётган “Оқила аёллар”, “Аёллар маслаҳат кенгаши” ва “Бу­вижонлар мактаби” ҳаракати фаоллари бор. Шунингдек, аёллар жиноятчилигининг олди­ни олиш ва оилалар фаровонлигини таъмин­лаш йўлида намунали фаолият юритаётган­лар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаётганлар, Ватан сарҳадла­рини қўриқлаётган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари эътироф этилди.

Бундан ташқари, миллий урф-одатлар ва оилавий қадриятларни сақлаш ҳамда уларни ҳаётга изчил жорий этишда ташаббускорлик кўрсатаётган вазирлик ва идоралар, корхона, ташкилот, муассасалар, маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган маърифатли аёллар, эл-юрт хизматига камарбаста фарзандларни тарбия­лаган онахонлар ва ибратли қайноналар ҳам ушбу мукофотга муносиб топилди.

Мукофотланганлар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Муножат Йўлчие­ванинг борлигидан барчамиз қувондик.

— Санъат умримнинг мазмуни, — дейди Муножатхоним. — Ўзбек санъати довру­ғининг жаҳон саҳналаридаги эътирофи эса ҳаётимнинг энг шукуҳли байрамларидан би­ридир.

Дарҳақиқат, ўн икки асрдан буён мумтоз куй-қўшиқларимизни ардоқлаб келаётга­нимиз — ўзликни ва миллийликни англаш мезони саналмиш мақом санъатини келгуси авлодга безавол етказишдир. Бу йўлда олиб борилаётган улкан ислоҳотларда мана шун­дай забардаст санъаткорларимизнинг борли­ги ифтихор бағишлайди.

Европа мамлакатларида мусиқа мутахас­сислари ва ихлосмандлари “Шашмақом”ни турли концерт ҳамда фестивалларда тинглаб, юқори баҳолаб келаётган бир пайтда ўзбек миллий санъатида ўзига хос мақом мактаби­ни яратган соҳир овоз соҳибасининг меҳнат­лари таҳсинга лойиқ. Анъанавий мумтоз қў­шиқларимизнинг қатор хорижий давлатлар, хусусан, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Япония, Бельгия, Германия, Нидерландия, Испания, Италия, Марокаш, Тунис, Австрия, Норвегия, Венгрия, Украина, Финляндия, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Жа­нубий Корея, Туркия, Россия, шунингдек, Корсика ороли ҳамда Озарбайжон, Туркма­нистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғис­тон сингари ўлкаларда баралла янграётгани ҳам айнан Муножат Йўлчиеванинг фидойи меҳнати самараси.

Ўзбекистон давлат филармонияси ҳузури­даги “Сўғдиёна” ўзбек халқ чолғулари камер оркестри бадиий раҳбари, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Феруза Абду­раҳимованинг миллий мусиқамиз ривожи йўлидаги меҳнати беқиёс. “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан эъзозланаётган Феру­за Абдураҳимова миллий қадриятларимизни, ўзбекона мусиқий оҳангларимизнинг жозиба­сини дунёнинг энг олис чеккаларидаги муси­қа шинавандаларига ҳам танита олган моҳир устоз. Санъат таржима талаб қилмайди. У чин кўнгилдан ижро этилсагина, қалблар­га тўғридан тўғри кириб боради. Ижронинг мукаммаллиги эса нафақат созандаю баста­корга, балки бевосита оркестр раҳбарига ҳам боғлиқ. Камер оркестри концертларини тинг­лаган шинавандаларнинг Феруза опага меҳри ва ихлоси беқиёс.

Фалсафа фанлари доктори, профессор Матлуба Қаҳҳорованинг илмий тадқиқот­лари ҳамда қатор шогирдлари яратган ил­мий ишланмалар юртимизнинг қайси гў­шасига бормайлик, зиёлилар орасида катта нуфузга эга. Бугун Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари вазифасида меҳ­нат қилаётган Матлубахон мамлакатимиз хотин-қизлари орасида диний маърифат ва саводхонликни тарғиб қилиш бораси­да олималаримизга ибрат бўлиб келмоқда. Ўзининг қатор дарслик ва монографиялари, ҳаётий мисолларга бой илмий маърузалари билан ҳурмат қозонган профессоримизнинг ҳаётий ҳамда илмий тажрибалари барча­мизга ўрнак.

Мукофот соҳибаларидан яна бири — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳу­зуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бош мутахассиси Қурбоной Бобо­жоновадир. У 38 йил давомида таълимнинг барча бўғинида фаолият юритиб, умрини мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ҳамда олий таълим муассасалари фаолиятини ўрга­нишга бағишлаган. Шунингдек, у ёшларнинг билимини ошириш борасида катта ҳаётий тажрибага эга мутахассисдир. Қурбонойнинг қувончли сўзлари барча мукофотланганлар­нинг дил изҳорига ўхшайди.

— Аёл киши бутун умр меҳнат қилади, болаларига таълим-тарбия беради ва бу ва­зифани сидқидилдан бажариб, ҳеч қачон му­кофот кутмайди, — дейди Қурбоной Бобожо­нова. — Кутилмаганда мана шундай файзли давраларда унинг заҳмати муносиб эътироф этилса, кўнгли осмон қадар юксалар экан. “Миллатнинг биринчи тарбиячилари — она­лар”, деймиз, болалар эса келажакни барпо этади. Умримнинг салкам қирқ йилини таъ­лим-тарбия соҳасига бағишлаяпман. Бугун эса меҳнати роҳатини кўриб тақдирланаётган опа-сингилларим қаторидаман. Бу мен учун катта шарафдир.

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида ўз нуфузи, обрўси ва айтар сўзи бор. “Мўъта­бар аёл” кўкрак нишони билан мукофотлан­ган БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ни­гина Абасзаде, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая каби хонимлар ҳам юр­тимиз салоҳиятини халқаро доираларда эъти­роф этмоқда.

Бундан анча йил аввал ойнаи жаҳон ор­қали марғилонлик Минавархон Ғаниеванинг чиқишини кўрган эдим. Унинг фарзанди Бобуржон Ғаниев Мудофаа вазирлиги ти­зимида хизмат бурчини адо этаётиб, 2000 йил 4 августда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари тоғли ҳудудла­рида халқаро террорчи жангари тўдаларга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўл­ган эди. Ўшанда онаизор: “Менинг болам кўча-кўйда безорилик қилиб, муштлашиб ёки бировнинг ҳақига тажовуз қилиб ўлга­ни йўқ! Менинг фарзандим Ватан ҳимояси учун жон фидо қилди. Мен ундан мингдан- минг розиман. Яна икки ўғлим ҳам ҳарбий. Уларни ҳам юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиш учун чегарага юборишга тайёрман”, деганида арслонюрак фарзанд тарбиялаган ўзбек онасининг шижоати ва ўктамлигига қойил қолган эдим. Бугун Минавархон ая ҳам мукофотланди. Шунингдек, “Мўътабар аёл” мукофоти билан хизмат вазифасини ба­жараётиб ҳалок бўлган бир гуруҳ Ички иш­лар, Мудофаа ва давлат хавфсизлик тизими ходимларининг оналари ва турмуш ўртоқла­ри ҳам тақдирланди. Муборак Рамазон кун­ларида қаҳрамон болаларимизни ёд этиб, уларнинг руҳига ҳаловат тиладик.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ор­тиқова барча мукофотланганлар номидан сўзга чиқиб, юртнинг бойлиги, фахри ва суянчиғи бўлган мунис аёллар меҳнатига бе­рилган бундай юксак баҳо уларнинг келгуси фаолиятига янада катта шижоат бағишлаши­ни таъкидлади. Шунингдек, Президентимиз ислоҳотларнинг самараси ота-оналарнинг безавол таълим-тарбияси ҳамда хотин-қиз­ларнинг фидойи меҳнатида яққол намоён бўлаётганини айтди. “Энг муҳими, бу муко­фотлар билдирилган ишончнинг, ҳурмат ва эъзознинг акс садосидир. Оналаримиз ҳами­ша давлатимиз ардоғида бўлади”, деди муко­фот соҳибаси.

Шукроналик оғушида

Аёлларнинг жамият олдидаги энг буюк хизмати ҳар томонлама баркамол ва етук фарзандларни вояга етказишдир. Тарихдаги улуғ кишиларнинг камол топишида дониш­манд оталарга қараганда оқила оналарнинг ҳиссаси кўпроқ деймиз. Зотан, жаҳон аёл меҳри, она меҳри билан чароғондир.

Бугунги байрам кунларида оила, маҳал­ла, шаҳару кент осойишталиги ва фаро­вонлиги учун, билимдон ва фидойи фар­зандлар тарбияси йўлида катта масъулият билан жонфидолик қилаётган, қатор-қатор фарзандлару набиралар оғушида яйраёт­ган, шунингдек, янги Ўзбекистон довруғи­нинг жаҳонаро эътироф этилишига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётган барча Ўзбекистон аёлларининг, опа-сингилларимиз ҳамда қизларимизнинг кўнглидан қуйидаги фикр кечаётгани аён.

Дунё қалқиб турган бир замонда, олову сел ичида қолаётган юртларнинг болалари нон ва сувга зор бўлиб, оналар ўз фарзандла­рига етарли шароит яратиб беролмаётган бир даврда янги Ўзбекистон шукроналик ва фа­ровонлик оғушида ўз дилбандларини камолга етказаётир. Бу буюк неъматни юрагимиз орқа­ли ҳис этаётганимиз эса биздан янада юксак масъулият, ғайрат ва шижоат талаб этади.

Биз — оналармиз, оиланинг, жамиятнинг, Ватаннинг кўрар кўзларимиз. Оналик — масъулият, оналик — шараф. Оналик — Ўз­бекистонни авайлаш, юртнинг тинчлигини қўриқлаш, фарзандларни чинакам таълим- тарбия, меҳру ардоқ билан асраб-авайлаш демакдир!

Биз барчамиз тўмарислар, нодирабегим­лар, зулфияхонимларнинг муносиб авлод­ларимиз. Илоҳим, доимо Ватаннинг, эл-юр­тимизнинг ва оиламизнинг ёруғ юзи, кўрар кўзи, чақноқ сўзи бўлайлик! Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азизларим!

Сайёра ТЎЙЧИЕВА,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори,

фалсафа фанлари доктори, шоира