Яъни, марказининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари, дунё тан олган олим ва мутахассислар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали Имом Мотуридий илмий-маънавий меросини чуқур тадқиқ этган ҳолда глобаллашув даври таҳдидларига муносиб қарши курашиш мақсадида Марказ қошида Халқаро илмий ҳайъати тузилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатининг дастлабки мажлиси ўтказилди.
«ZООM» платформаси орқали онлайн тарзда ташкил этилган ҳайъат йиғилишини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов кириш сўзи билан очаркан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатининг фаолиятига муваффақият тилади.
– «Имом ал-Худа» ва «Имом ал-мутакаллимин» каби шарафли номлар билан улуғланган Имом Мотуридий ва унинг таълимоти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларни беҳад қутлаб, Халқаро илмий ҳайъат аъзоларини самимий муборакбод этаман, – дейди ўз сўзида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов. – Бугунги глобаллашган, ғоявий ва мафкуравий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган даврда асрлар оша синовдан ўтиб келаётган таълимот атрофида жипслашиш мусулмонлар ўртасидаги иноқлик, ҳамфикрлиликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Халқаро илмий ҳайъат олдида долзарб вазифа ва масалалар турибди.
Ўз навбатида таъкидлаш лозимки, Халқаро илмий ҳайъати таркиби йигирмадан зиёд маҳаллий ва халқаро миқёсдаги олимлардан ташкил топган бўлиб, унга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси аъзоси, Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси Усмонхон Алимов раис ҳисобланади.
Нуфузли анжуманда Истанбул 29 май университети профессори Юсуф Шавқи Явуз, Ислом ақидаси ва фалсафаси профессори Саид ибн Абдуллатиф Фуда, Россия ислом университети ректори, академик Рафик Мухаметшин, Бутунжаҳон боснияликлар конгресси президенти, фалсафа фанлари доктори Мустафа Черич, Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори Ҳамза Бакрий, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси Аҳмад Саъд Даманхурий, Малайзия ислом илмлари университети профессори Камалуддин Мержуни каби нуфузли хорижлик олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, Миср, Иордания, Туркия, Германия, Босния ва Герцеговина, Россия, Афғонистон, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон каби 50 дан зиёд жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчи-мутахассислар ҳамда Марказ илмий ходимлари иштирок этди.
Илм машваратида Халқаро илмий ҳайъат фаолиятининг йўлга қўйилиши муносабати билан истиқболдаги режалар, ислом оламида мўътадил таълимотни кенг тарғиб қилиш, шу жумладан, мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши, Марказ фаолиятини халқаро миқёсда ташкил этиш учун жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, хусусан, хорижий грантларни Марказ фаолиятига жалб этиш, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия низомининг муҳокамаси, Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхаларини Марказ кутубхонасида жамлаш ва уларнинг электрон платформасини яратиш каби муҳим масалалар ҳамда келгусида Марказ томонидан амалга ошириладиган тадқиқотлар режаси муҳокама қилинди.
– Марказ фаолиятини халқаро миқёсда ташкил этиш учун жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, мутахассислари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, жумладан, хорижий грантларни жалб қилиш зиммамизда турган асосий вазифалардан биридир, – дейди Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Махсудов. – Марказ фаолиятининг ташкил топганига кўп вақт бўлмаган бўлсада, ислом оламидаги йирик илмий-тадқиқот муассасалари, олим-мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида кўплаб мулоқотлар амалга оширилди.
Дарҳақиқат, ўтган қисқа давр мобайнида Марказ мутахассислари томонидан Имом Мотуридийнинг «Таъвилот ал-Қуръон» асари 29 жуъзи ўзбек тилига тўлиқ таржима қилинди. «Тафсир» китобининг 27 ҳамда 28 жуъзларини ўзбек тилига таржима қилиш ишлари давом этяпти. Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби мовароуннаҳрлик алломалар ҳаёти ва ижодига бағишланган 10 дан зиёд халқчил рисолалар тайёрланмоқда.
Анжуманда Мисрнинг ал-Азҳар университети доктори, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими Аҳмад Саъд Даманҳури ҳам сўзга чиқиб, Мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхаларини Марказ кутубхонасида жамлаш ва уларнинг электрон платформасини яратиш ташаббуси соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган олимлар ва мутахассислар учун долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шунингдек, бугунги кунга қадар мотуридийлик таълимотига оид мингдан (1000) зиёд араб, турк, немис ва инглиз тиллардаги қўлёзма ва замонавий нашрлар аниқлангани иштирокчилар томонидан юксак баҳоланди.
Анжуман давомида Ўзбекистоннинг ташаббуси билан мотуридийшунос олимларнинг халқаро миқёсда ягона илмий Ҳайъат доирасида бирлашуви ҳозирги кунга қадар дунёда аналоги бўлмаган ташаббус сифатида юксак баҳоланди. Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка етказиш шарафли ҳамда масъулиятли вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди. Халқаро ҳайъат аъзолари келгусида ўзаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳайъат йиғилишини доимий тарзда ўтказишга келишиб олишди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати