— давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади, шунингдек, заруратга кўра, давлат музейлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин;

— пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади, қўшимча тўловлар тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби музейлар томонидан уларнинг юқори турувчи органи билан келишган ҳолда белгиланади;

— давлат музейларига уларда ташкил этиладиган хизматлар учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги билан келишган ҳамда бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида қўшимча  ходимларни жалб этишга рухсат берилади.

Давлат музейлари томонидан хизматларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, музейларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Маданий мерос жамғармаси маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат ташкилотлари ва муассасалари ўзлари ишлаб чиқараётган янги турдаги муҳим маҳсулотлардан намуналарни давлат музейларига бепул беради.

Аҳолидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга қаратилган “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси 2022 йил 1 июлдан бошлаб ташкил этилади ва доимий равишда ўтказиб борилади.

“Мозийга саёҳат” дастури доирасида:

— туризм инфратузилма субъектларига (жойлаштириш воситаларига) чегирма тақдим қилиш ва акциялар ўтказиш тавсия этилади;

— давлат олий таълим муассасалари талабаларининг жойлаштириш воситаларида туриш харажатларининг 50 фоизгача миқдори тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, таълим муассасалари ўқувчиларининг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жойлаштириш воситаларида туриш харажатларининг 50 фоизгача миқдори маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши мумкин;

— “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат музейларига бепул киритилади;

— “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг темир йўл чипталари ҳамда жойлаштириш воситаларида туриш харажатлари тўлиқ ҳажмда тегишлича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан қопланади;

— давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан ҳар йили камида бир марта бюджетдан ташқари маблағлар, касаба уюшмалари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун музейларга кириш чипталарини харид қилиш амалиёти жорий этилади.