Бугун мутахассислар Жиззах шаҳридаги 18-мактабнинг уйда таълим оладиган ўқувчиларига яратилган шароитлар билан танишиб, уларнинг муаммосини ўрганди. Мактабга 4 нафар ўқувчи бириктирилган бўлиб, улар тенгдошлари сингари мактабга келиб ўқиш имконига эга эмас. Уларнинг хонадонларига бориб ўрганилганда камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Жиззах шаҳри “Улуғбек” МФЙда яшовчи З.Р. шу мактабнинг 7-синф ўқувчиси. Унинг дарс жадвали кўздан кечирилганда 13 мартдан буён математика фани ўқитувчиси умуман дарс ўтмагани маълум бўлди. Онаси қизининг синф  раҳбарига бир неча бор математика фани ўқитувчисини алмаштириб беришни сўраб мурожаат қилган, лекин илтимоси эътибордан четда қолган. Бундан ташқари, инглиз тили, география каби фанлардан ҳам анчадан буён ўқитувчилар келиб машғулот ўтмаётгани аниқланган.

Уйда таълим олаётган яна бир қиз — 2-синф ўқувчиси Ч.Ҳ.нинг синф раҳбарининг ўқув машғулотларини ўтиш тўғрисида маълумотлар ёзилган кундалиги кўрилганда апрель ойининг ўзида кўп машғулотлар ўтилмагани маълум бўлди. Боиси, ўқитувчининг дафтарига у келиб-кетганлиги тўғрисида маълумот тариқасида ўқувчининг ота-онаси имзо қўядиган жой бўш. Бу эса бир ой давомида ўтилиши лозим бўлган кўп дарслар ўз вақтида ўтилмаганини билдиради. Бундан ташқари, мактаб ўқитувчилари уйда таълим оладиган ўқувчилар, уларнинг дарс машғулотлари ҳақида бирорта маълумот ёзиб борилмаётгани аниқ бўлди. Бу эса, ўз навбатида, инклюзив таълим олаётган ўқувчиларга нисбатан бефарқлик мавжудлигини кўрсатади.

Шу мактабнинг 3-синф ўқувчиси А.Т. хонадонида борилганда мактаб томонидан барча шароит яратилгани, дарслар ўз вақтида ўтилаётгани аён бўлди. Бироқ болакайнинг бувиси бошқа жиҳатдан эътирози борлигини маълум қилди. Айтишича, улар рўйхатда турган 3-оилавий поликлиникадан бирорта шифокор келиб, неварасидан хабар олмаслигини, болакайни даволатиш учун қанча ҳаракат қилишмасин, сансалорликдан чарчаб кетганини айтди.

Касаллиги туфайли мактабга бора олмаётган бу каби болажонларнинг нафақат таълим, балки тиббиёт хизматлардан фойдаланиш бўйича ҳам истеъмолчи сифатида ҳуқуқи кўп ҳолларда бузилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу ўрганишлардан кўзланган асосий мақсад уйда таълим олаётган ўқувчилар муаммосини ўрганиш ва ҳал этишдан иборат, дейилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати хабарида.