Асосан, обуна ҳисобига фаолият юритувчи нашрларда қоғоз харид қилиш, газетани чоп этиш ва ходимларга ойлик маош тўлашда моддий етишмовчилик юзага келди. Шундай бўлишига қарамай, баъзи газеталар фаолиятини тўхтатмади.

-Ходимларимиз икки ой давомида ойлик маошсиз хизмат қилдилар,-дейди Андижон вилояти ҳокимлиги нашри “Андижонннома” ва “Андижанская правда” газеталари Бош муҳаррири Саидаҳмад Шукуров. –Шундай бўлишига қарамай, газетамиз ҳафтада бир марта нашр этилмоқда. Юртдошларимизнинг аксарияти карантин шароитида даромадсиз қолганлигини ҳисобга олиб, обуна ишларини ташкил этмадик. Натижада юзлаб ўқувчиларимизни йўқотишимизга тўғри келди. Бироқ, излаган имкон топади. Газета орқали муштарийларга етказишимиз мумкин бўлган аксарият мақолаларни газетамизнинг “ Auz.Uz” сайти орқали эълон қилдик. Шундай бўлсада тан олиш керак, ОАВда газетанинг ўз ўрни бор.

Пандемия шароитидаги инқироз Жалақудуқ тумани ҳокимлиги нашри “Жалақудуқ ҳаёти” газетасига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Тахририят ходимлари ойлик маошсиз қолгани камлик қилгандек, босмахона ҳаражатлари учун ҳам маблағ етишмовчилиги билан юзлашдилар.

-Ҳокимликлар нашрлари муассислар кўмагига муҳтож,-дейди газета муҳаррири Шукурилло Ҳайитохунов. –Зеро, бу нашрлар ҳукуматимиз ислоҳотларини тарғиб қилиш, давлатимиз сиёсатини аҳолига етказиш билан шуғулланадилар. Бизнинг газета бозоргир газета эмаски, эстрада юлдузининг қандай ухлаб турганидан тортиб, нима еганигача баён қилиб, пул топса.

Бугунги кунда Анджон вилоятида 18 та давлат газеталари мавжуд. Марҳамат, Бўз ва Улуғнор туман ҳокимликлари нашри афсуски, молиявий муаммолар туфайли чоп этилмаётир. Айрим муасссислар эса ўз газеталарининг мана шундай ҳолатга тушиб қолмасликлари учун ҳаракатдалар. Масалан, вилоят ва Жалақудуқ туман ҳокимликлари томонидан “Андижоннома”, “Жалақудуқ ҳаёти” газеталарини йил якунига қадар босмадан чиқариш мақсадида молиявий кўмак кўрсатилди.

Кези келганда айтиш жоизки, бугунги қун матбуоти кескин бурилиш даврини ўтамоқда. Ижтимоий тармоқларнинг шаклланиши энг аввало, босма нашрлар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. Бу эса аксарият юртдошларимиз орасида “Энди газеталарга ҳожат қолмади” деган фикрни уйғотгани ҳам рост. Бир пайтлар телевидение тараққий топа бошлаганида радиоларга нисатан ҳам шундай хулосалар туғилганлигини эсласак, бу табиий хол, албатта. Бироқ, шуни ҳам тан олиш керакки, ҳар бир оммавий ахборот воситаларининг жамиятда ўз ўрни мавжуд. Мисол учун, ижтимоий тармоқлар тезкорлиги ва муносабат билдириш имкониятининг кенглиги билан ажралиб турган бир пайтда нима учун газеталар тахлилий мавзуларга мослашиши керак эмас. Агар жаҳон матбуотига разм соладиган бўлсак, бугунги кун газеталари ахборот етказувчи манбаа эмас, балки, ҳодисага, ҳолатга холис баҳо берувчи, уни тахлил қилувчи ва ўринли таклиф киритувчи нашр сифатида тан олинган. Газеталаримизнинг келгуси фаолиятини ташкил этишга оид бу каби фикрлар алоҳида мавзу, албатта. Бироқ, бугунги кунда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, деярли 100 йиллик тарихининг сўнишига бефарқ қараб турмаслик учун муассислар одилона фикр юритиши керак, деган фикрдамиз.

Зиё СИРОЖ, журналист.