1-савол: Фуқаролар муддатли ёки сафарбарлик чақируви резерви хизматига қандай танлаб олинади?
Муддатли ҳарбий хизмат учун танлов ҳар йили 10 августдан чақирув йилининг 10 февралига қадар Танлов кенгаши томонидан амалга оширилади. Яъни, мазкур жараён чақирилувчиларнинг ҳужжатларини ўрганиш, умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, касбий танлов ўтказиш ҳамда якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали ташкиллаштирилади. Танлаб олинган номзодлар чақирув мавсумида, яъни март-апрель ойларида туманлардаги тиббий комиссиядан ҳамда бутлаш комиссияси томонидан суҳбатдан ўтказилиб, якуний қарор қабул қилиш учун мудофаа ишлари бошқармаларидаги ҳарбий тиббий комиссияси ва раҳбарият кенгашига юборилади. Чақирилувчилар ҳарбий тиббий комиссияси ҳулосасига кўра, соғлом деб топилганда раҳбарият кенгаши томонидан ушбу чақирилувчилар қўшин турига тайинланади ҳамда чақирилувчига қайси ҳудудга ва қачон кетиши айтилади.
Сафарбарлик чақируви резерви хизмати.
Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган фуқаролар сафарбарлик чақируви резерви сафига чақириладилар.
Чақирилувчилар ҳар йили чақирув мавсумида, яъни март-апрель ойларида туман ҳокимининг қарори асосида тайинланган ҳудудий комиссия томонидан саралаб олинади. Бунда тиббий кўрик хулосасига кўра, соғлом деб топилган, оилавий шароити яхши бўлган номзодлар танлаб олинадилар ва улар билан Сафарбарлик чақируви резерви хизматини ўташ ва белгиланган пул бадалини тўлаш учун шартнома тузилади. Шартномага кўра пул бадалларини тўлиқ қоплаган чақирилувчилар бир ойлик ҳарбий йиғинга жалб этиладилар.
2-савол: Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга қандай имтиёзлар берилади?
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга:
олий таълим муассасалари, шу жумладан олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёз берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси берилади, яъни олий таълим муасасаси қабул қилиш квотасининг 5 фоизи, яъни умумий қабул қилинадиган талабалар миқдоридан тавсияномага эга бўлган 5 фоиз номзодлар қўшимча равишда ўқишга қабул қилинади. Олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат топширган фуқароларга эса ўзининг тўплаган балининг 50% миқдорида қўшимча балл қўшиб берилади;
хизматдан сўнг тадбиркорликка йўналтириш мақсадида уларга имтиёзли кредитлар ажратилади;
белгиланган хизмат муддатини тугатган ҳарбий хизматчиларнинг мутахассисликлар бўйича ишга жойлаштириш, яъни уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари жойлардаги бандлик бошқармаси ва туман бўлимлари орқали амалга оширилади.
3-савол: Олий ҳарбий таълим муассасалари ва “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейларига қандай тартибда ўқишга кириш учун ҳужжатлар топширилади?
Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга топшириш истагида бўлган фуқаролар ҳарбий ҳисобда турган мудофаа ишлари бўлимларига ҳар йили 1 февралдан 1 апрелгача, темурбеклар мактабига эса ҳар йили 1 мартдан 30 апрель кунига қадар ариза билан мурожаат этадилар.
Олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодлар туман тиббий комиссияси ва ҳарбий тиббий комиссиядан ўтишлари, комиссия хулосасига кўра яроқли деб топилганларида белгиланган тартибда ҳарбий касбий танлов, жисмоний тайёргарлик синовидан ўтадилар ва тест синовларига жалб этиладилар.
Темурбеклар мактабига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар туман ва вилоят тиббий кўрикларидан ўтадилар, комиссия хулосасига кўра яроқли деб топилганларида белгиланган тартибда диктант, ҳарбий касбий танлов, жисмоний тайёргарлик синови ва якка тартибда суҳбат ўтказиш йўли орқали танлаб олинадилар.
4-савол: Қандай ҳолатларда сафарбарлик чақируви резерви хизмати учун тўланган пул бадали қайтариб берилади?
Пул бадалини тўлаган, бироқ ҳарбий йиғиндан ўтмаган фуқароларга тўланган маблағлар қуйидаги ҳолатларда, яъни фуқаро:
ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда;
тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан
27 ёшгача I, II ёки III гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда;
вафот этганда;
янглишиб пул бадали ўтказилганда – фуқарога пул бадали белгиланган тартибда қайтариб берилади.
5-савол: Ҳозирги кунда армияга қадар қайси турдаги ҳарбий мутахассисликлар тайёрланади ва қайси муддатларда ўқитилади?
Бугунги кунда ҳар бир вилоятнинг Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида ҳарбий-техника мутахассисликларини тайёрлаш марказлари ташкил этилган бўлиб, уларда ўқув жараёнлари йилнинг қуйидаги муддатларида ўтказилади:
1-ўқув даври – 15 мартдан 30 июнгача;
2-ўқув даври – 5 июлдан 20 октябргача;
3-ўқув даври –25 октябрдан 10 февралгача.
Чақирилувчилар 9 та ҳарбий-техника мутахассислик йўналишлари бўйича тайёргарликка жалб этилади, яъни “В-С” тоифали ҳайдовчилар, ҳайдовчи-электриклар, ҳайдовчи-ёқилғи қуювчилар, радиотелефонистлар, телефонистлар, ўқчи-ошпазлар, чавандозлар, дизелист-электриклар ва хизмат итлари йўриқчилари.
6-савол: Эгизаклар ҳозир ҳам ҳарбий хизматни биргаликда ўтайдиларми? Агар борди-ю, уларнинг бири СЧР, иккинчиси муддатли ҳарбий хизматга боришни хоҳласа, уларнинг хоҳиши инобатга олинадими?
Эгизакларни муддатли ҳарбий хизматга жалб этиш жараёнида аввалом бор уларнинг Танлов кенгаши томонидан муддатли ҳарбий хизматга тавсия этилганлиги, жисмоний ҳолати ҳамда асосийси соғлиғининг ҳолати инобатга олинади. Агарда уларнинг бири Сафарбарлик чақируви резерви, иккинчиси муддатди ҳарбий хизматга боришни хоҳласа, юқоридаги ҳолатлар инобатга олинган ҳолда тегишли қарор қабул қилинади.
7-савол: Олий таълим муассасасида ўқиётган талаба қандай қилиб бир ойлик ҳарбий хизматга бориб келиши мумкин, бу ўқишига халақит бермайдими?
“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, олий таълим муассасаси талабалари ўқиётган даврида ўз хоҳишларига кўра ҳарбий ҳисобда турган мудофаа ишлари бўлимларида сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтишлари, белгиланган пул бадалини тўлиқ тўлаб бўлганларидан сўнг, ёзги таътил вақтида, яъни йилнинг июль-август ойларида ойлик ҳарбий йиғинларга бориб келишлари мумкин.