Huawei компанияси “Seeds for the Future”  таълим лойиҳасининг очилиш маросимини ўтказди ва унда Ўзбекистондаги таълим муассасалари ва АКТ соҳасидаги етакчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Лойиҳа Ўзбекистонда олти йилдан бери амалга оширилиб келинмоқда.

Ҳар йили унинг доирасида Тошкент ахборот технологиялари университетининг бир гуруҳ талабалари Huawei компаниясининг бош қароргоҳида амалиёт ўташади. Дастурда бутун дунёдаги 500 дан ортиқ университетлардан жами 30 000 нафар талаба иштирок этди ва унинг доирасида умумий ҳисобда 5770 нафар энг яхши талаба Хитойга боришга муваффақ бўлди.

Бутун дунёда пандемия туфайли юзага келган ҳозирги вазиятни ҳисобга олган ҳолда, бу йил “Seeds for the Future”  лойиҳаси онлайн тарзда ўтказилмоқда.

Лойиҳада Тошкент Ахборот Технологиялари Университети ва Тошкент шаҳридаги Инха университети талабалари билан бирга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган ахборот-коммуникация технологиялари мактабидан ҳам тўрт нафар ўқувчи иштирок этмоқда.

Мактаб ўқувчилари Муҳаммаджон Абдураззоқов, Муҳаммадислом Йўлчибоев, Нигина Ўткирова ва Жавоҳир Нурматжановлар лойиҳа доирасида 5 кун давомида 5Г технологиялари, булутли ҳисоблаш, сунъий интеллект, HMS бўйича чуқурлаштирилган курсларда қатнашади.

Шу билан бирга улар Huawei  компаниясининг Хитойдаги бош қароргоҳи ва базалари бўйлаб виртуал саёҳатни амалга оширади ва Хитой маданияти ва анъаналари билан танишади.