Сўнгги йилларда олий таълим тизимида асосий эътибор талаба-ёшларимизнинг таълим олиши учун кенг имконият ва зарур шароит яратишга қаратилди. Натижада, ўтган 7 йил мобайнида олий ўқув юртлари сони 77 тадан 210 тага етди, уларга қабул 3,5 бараварга ортди. Ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 42 фоизга оширилди.

2023 йилда 9 та давлат, 29 та нодавлат ва 1 та хорижий олий таълим муассасалари ташкил этилди. 17 та филиал институтга, 10 та институт университетга трансформация қилинди.

Олий таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича 2024-йилда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори ишлаб чиқилди, 306 та билим ва таълим соҳалари, таълим йўналишлари мутахасиссисликлар 183 тага оптималлаштирилди, 26 та соҳалар бўйича мувофиқлаштирувчи Республика Кенгашлари янгиланди, уларнинг таркибига 25 фоиз хорижий мутахассислар жалб этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 20-ноябрдаги ПҚ-4524-сонли Қарорига асосан Тошкент шаҳридаги Беларус-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ташкил этилди. Институтда Беларус Республикаси таълим стандартлари асосида муҳандис кадрлар тайёрлаб келинмоқда.

Беларус Республикасининг миллий таълими анъанавий равишда Беларус халқининг энг юқори қадриятларидан биридир. Ижтимоий давлатни яратиш йўлини танлаш унинг фаолияти ва ривожланишининг тўғри стратегиясини аниқлаш имконини беради. Буни катта ёшдаги аҳолининг саводхонлик даражаси (99,7 фоиз), банд аҳолининг асосий, умумий ўрта ва касб-ҳунар таълими билан қамраб олиниши (98 фоиз) каби макро кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди.

Айни пайтда Беларус Республикасининг барча босқичларини ифодаловчи 8 мингдан ортиқ таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларда 430 мингга яқин таълим тизими ходимлари 3 миллиондан ортиқ болалар, ўқувчилар ва талабаларга таълим ва тарбия бермоқда.

Таълим соҳасидаги кўрсаткичлар бўйича Инсон тараққиёти индексига кўра давлатлараро рейтингда Беларус Республикаси инсон ривожланиши жуда юқори бўлган давлатлардан бири ҳисобланади.

Беларус Республикасида 2023 йил ҳолати бўйича 49 та олий таълим муассасалари, шундан 34 та университет ҳамда 9 та академиялар фаолият олиб боришмоқда. 225 500 нафар бакалавр талабалари, шундан 146 800 нафари кундузги, 75 100 нафари сиртқи ҳамда 6000 нафари масофавий таълим шаклида ва 10 300 нафар магистр талабалари таълим олишмоқда. 2023/2024 ўқув йилида 18 838 нафар хорижий талабалардан, 6 608 нафар Ўзбекистон Республикаси ёшлари таҳсил олмоқда.

Белорусия олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда ўз ўрнига эга бўлиши, олий таълим сифатини маълум кўрсаткичлари сифатида қараш мумкин. Дунё университетларининг QS Халқаро рейтинг агентлигининг маълумотларига кўра, Беларус миллий техника университети 2024 йил натижаларига кўра 801-850 ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 2024-йил 20-июнь куни “Муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш” масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Унга кўра соҳа корхоналари билан ҳамкорликда “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида институтимиз ҳозирги кунда саноат ҳамкорлиги бўйича йўналиш ва мутахассисликларни ишлаб чиқарувчилар талабларига мос ҳолда шакллантириш, корхоналар томонидан кафедраларни замонавий лаборатория билан жихозлаш ишларида иштирок этиш, корхона муаммолари асосида хўжалик шартномалари тузиш, институтни молиявий қўллаб-қувватлаш, талабалар учун корхона стипендияларини жорий этиш, талабаларни корхонага ишга қабул қилиш, дуал таълимни йўлга қўйиш, талабалар амалиётини ташкил этиш ҳамда битирув курсдаги таълим жараёнларини корхоналарда ташкил этиш каби бир қатор аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Ҳозирга кунда, институтимизда республикамизнинг соҳа корхоналарида кадрларга бўлган эҳтиёжларидан ҳамда саноатнинг устивор йўналишларидан келиб чиқган ҳолда машинасозлик технологияси, металл кесувчи дастгоҳлар ва асбоблар, метрология, стандартлаштириш ва сифат назорати, муҳандислик иқтисодиёти, иқтисодиёт ва бошқарув, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш (компьютер мехатроникаси), транпорт логистикаси (халқаро логистика), йўл ҳаракатини бошқариш ва транспортни режалаштириш, биотиббиёт муҳандислиги, муҳандислик тармоқлари, бинолар ва иншоотларнинг жихозлари, автомобиллар, тракторлар, мобил ва технологик тизимлар (электр ва автоном транспорт воситалари), экология аудити ва атроф-муҳит сифатини таъминлаш, муҳандислик – педагогик фаолият (машинасозликда), бино ва иншоотларни қуриш (қурилиш маҳсулотлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш), тракторсозлик ҳамда пайвандлаш ишлаб чиқариш ускуна ва технологиялари бакалавр таълим йўналишларида кундузги ва сиртқи таълим шакллари бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Ундан ташқари, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш мақсадида институтимизда илк бор муҳандислик бизнеси, сифатни текшириш, транспорт, машинасозликда инновацион технологиялар, қурилиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва аудит каби соҳаларда магистратура мутахассисликлари очилди.

2023/2024 ўқув йилида институтимизнинг 6 та таълим йўналиши бўйича 211 нафар битирувчиларига Беларус миллий техника университетининг бакалавр дипломлари топширилди.

Муҳтарам Перзидентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек “Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур. Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бунга албатта эришамиз”.

 

 

  Сафаров Жасур Эсиргапович,

Тошкент шаҳридаги Беларус-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий

техник квалификациялар институтининг

ўқув ишлари бўйича ижрочи директор ўринбосари,

техника фанлари доктори,

профессор