Мурод ака кўп квартирали хонадонда яшайди. Бир неча йил аввал ўзи истиқомат қиладиган уйдаги канализация қувуридан сув оқиши қўшнилари қатори унга ҳам ноқулайлик туғдирди. Муаммони бартараф этишларини сўраб мулкдорлар ширкатига мурожаат қилди. Уларнинг “ана борамиз, мана борамиз, маблағ топилса, тўғирлаймиз”, деган баҳоналари билан 3 йил ўтди. Охири Мурод ака хонадонини сотиб, бошқа жойга кўчгач, бундай муаммолардан қутилди.
Куни кеча янги уйида сув қувури билан боғлиқ кичик кўнгилсизлик юзага келди. Минг иккиланишлар билан ҳудуддаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатадиган бошқарув сервис компаниясига қўнғироқ қилганди, 15 дақиқага қолмай, мутахассис етиб келди. Бир соат ичида юзага келган муаммо бартараф этилди.
Бошқарув сервис компанияси кўп қаватли уйларда ташкил этилаётган янги хизмат кўрсатиш шаклларидан бири. У моҳиятан мулкдорлар ширкатининг бир кўриниши бўлса-да, олдига қўйилган мақсад ва вазифалари, иш услуби жиҳатидан эски тизимдан фарқ қилади. Корхона ўзига бириктирилган кўп қаватли уйлардаги умумий мулкни таъмирлаш, соз ҳолатда ишлашини назорат қилиш, уй атрофини ободонлаштириш каби ишларга масъул. Бу жиҳатдан уларни мулкдорлар ширкатига рақобатчи дейиш ҳам мумкин. Аммо бу рақобат ҳар иккала тизимнинг қай бири афзаллиги, одамлар ишончини оқлай олиши борасида аҳолининг мустақил танловини юзага келтирмоқда.
Ширкатлар ўзини оқламади(ми)?
2020 йилда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида кўп қаватли уйларни қонунчиликда белгиланган тартибда бошқарув компанияларига бериш тажрибаси илк бор йўлга қўйилган эди. Ўшанда биринчилардан бўлиб ташкил этилган “Феникс Арт Сервис” МЧЖ бугунги кунда туманнинг 13-, 14-мавзеларидаги 110 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатяпти.
— Мазкур ҳудудлардаги 5739 та хонадонда 14 045 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди бошқарув сервис компанияси раҳбари Артём Секинаев. — Иш бошлаган давримизда барча маҳаллаларга кириб, одамлар билан суҳбатлашдик. Вазифамиз, фаолиятимиз ҳақида маълумотлар бердик. Очиғи, бошида кўпчилик янги бошқарув тизимига ишонмади. Бу ҳам мулкдорлик ширкатларининг бири, деган фикрлар бўлди. Чунки йиллар давомида одамларнинг ширкатларга ишончи қолмаган. Юзага келган муаммолар маблағ йўқлиги баҳонаси билан ортга суриб келинаверган. Ширкатлардан садо чиқмагач, одамлар маҳалла раислари, ҳокимиятга мурожаат қилиб, сарсон бўлган. Тўғри, ҳозиргача масъулият билан ишлаётган мулкдорлик ширкатлари ҳам бор. Аммо, бу хизмат кўрсатиш корхоналарининг 80 фоизи талабга жавоб бермади, ўзини оқламади. Шу боис, давлатимиз раҳбари бу соҳада янгича тизимларни жорий этиш топшириғини берди. Бу жуда катта иш. Боиси, шу вақтгача биронта масъул раҳбар бу соҳанинг ичига чуқур кириб, уни ривожлантиришга эътибор қаратмаган.
Шу йил 21 февраль куни Президентимиз Тошкент шаҳрида кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришни такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришга оид лойиҳалар билан танишиш чоғида таъкидлаганидек, мулкдорлар ширкатида техника ва мутахассислар етишмаслиги сабабли унинг сифати паст, бугунги кунда эса бошқа бошқариш шакллари жорий қилинган.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда республика бўйича жами 39 265 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, шундан 22 мингдан зиёди 3 753 та ширкат ҳамда 324 та бошқарувчи ташкилот томонидан бошқарилади. 889 та уй эса бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқариб келиняпти. 1 407 та кўп квартирали уйда аҳоли томонидан бошқарув усули танланмаган.
Мурожаатлар 3-4 баробар камайган
Янги тажриба қанчалик самара бераётгани билан танишиш учун Юнусобод туманига йўл олдик. “Феникс Арт Сервис” МЧЖнинг кўрсатилган манзили томон борарканмиз, хаёлимизга ширкат раислари ўтирадиган кичик, зах хона ёки ертўла келди...
Ташқи кўриниши янгича қурилаётган маҳалла фуқаролар йиғини биносидан қолишмайдиган, ҳовлиси озода, замонавий дизайндаги корхона ичига кўнглимиз ёришиб кирдик. Унда иш қизғин. 24 соат ишлайдиган диспетчер хизмати мурожаатларни қабул қилиб, муаммонинг йўналиши бўйича ходимларни йўналтиряпти. Навбатдаги хонада эса кўп қаватли уйларга ўрнатилган видеоқурилмалардаги тасвирлар кузатиб борилади. Ходимларнинг қайси ҳудудда қандай ишларни амалга ошираётгани ҳам у орқали назорат қилинади.
Корхона томонидан кўп қаватли уйлардаги барча умумий мулкка, хусусан, том қисмини таъмирлаш, кириш йўлакларини янгилаш, иссиқлик қувурларини алмаштириш, эшиклар ва ойна ромларини ўрнатиш, фасад қисми, ички муҳандислик ва коммуникация тармоқларини таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари бўйича хизматлар кўрсатилади.
— Одамлар ишдан чарчаб, уйига келганида, хонадон иссиқ бўлса, сув, электр қувватида муаммо бўлмаса, кўча, даҳлизлар озода, томидан чакки ўтмаётган бўлса, мана шу энг муҳими, — дейди Артём Секинаев. — Бизнинг мақсадимиз ҳам шу масалаларни жойига қўйиб, катта-кичик муаммолар аҳоли кайфиятини бузмаслигини таъминлашдан иборат. Ўзим ҳам узоқ йиллар ширкат раиси бўлганман. Доим маблағ масаласи муаммо бўларди, техникалар етишмасди. Ҳозир бошқарув компаниямизга 25 та ширкатни бирлаштирган бўлсак, аввалари уларнинг ҳар бирида алоҳида раис, алоҳида ҳисобчи, сантехник — жами 194 нафар ходим ишлаган. Тушум камлиги ҳисобига ойлик маош ҳам оз бўлган. Ҳозир эса бизда 54 та ходим бор. Энг яхши ишчиларни саралаб олиб, уларга олдингидан кўп маош тўлаяпмиз. Зарур асбоб-ускуналар, керакли материаллар захираси мавжуд. Мурожаатчи ярим тунда қўнғироқ қилса ҳам, тонг отишини кутмасдан, ўша заҳоти авария ҳолатини бартараф этамиз.
Бошқарув компаниясини ташкил этишнинг талабларидан бири ҳам бино ҳамда техник базага эга бўлиш ҳисобланади. Бундан ташқари, компания раҳбари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида йўлга қўйилган 3 кундан 3 ойгача давом этувчи ўқув курсларини тамомлаб, махсус сертификатни олиши керак.
Бундай компаниялар фаолиятини янада ривожлантириш, аҳолининг коммунал хизматларни замонавий ва қулай шаклда амалга оширишини таъминлаш мақсадида “Менинг уйим” электрон биллинг тизими жорий этилиб, тест режимида ишга туширилган. Эндиликда, кўп квартирали уй-жойлар тўғрисидаги маълумотлар базаси мазкур тизимга киритиб борилмоқда ва ҳозирда жами абонентлар сони 1,3 миллионтани ташкил қилади.
“Феникс Арт Сервис” МЧЖ ҳам ана шу тизимга уланган. Бу одамларга бурча турдаги тўловларни уйда ўтирган ҳолда, электрон платформа орқали амалга ошириш имконини бермоқда. Компаниянинг мақсади аҳоли учун барча қулайликларни яратиб беришга қаратилган. Асосийси, сервис корхонасида ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди, тез фурсатда ҳал этилади. Ўз вақтида олиб борилаётган хизмат кўрсатиш ишлари натижасида Юнусобод туманида аҳолининг мурожаатлари аввалгидан 3-4 баробар камайган.
— 29 йилдан буён шу ерда истиқомат қиламан, — дейди Юнусобод тумани 14-мавзедаги 17-уй фуқароси Мапура Абидова. — Маҳалламизда охирги йиллардаги ўзгаришлар жуда катта. Кўриб турибсиз, кўчалар обод, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари, ертўлалар тоза. Олдинлари ертўлаларда сув тошиб, ҳидланиб ётарди. Мулкдорлик ширкатлари масалани узоқ вақтда ҳам ҳал қилиб бермасди. Янги бошқарув компанияси, биринчи навбатда, нотекис йўлларимизни асфальт қилиб берди. Кириш йўлаклари, канализация ва сув тармоқлари таъмирланди. Иситиш даврида барча назорат ишлари ўз вақтида амалга ошириляпти. Бирор муаммо чиқса, тўғри компанияга мурожаат қиламиз. Лекин ишонасизми, деярли муаммо бўлмайди. Чунки компания барча масалаларни олдиндан ҳал қилиб юради. Ҳатто, айрим одамларнинг иши тушмаётгани боис, компания биносига ҳам кириб кўрмаган.
Янги имтиёзлар берилади
Бошқарув компаниялари кўп қаватли уйлардаги кам таъминланган, муҳтож оилалар аъзоларини ҳудудлардаги ободонлаштириш ишларига жалб этиш орқали, бандлигини ҳам таъминламоқда. Уларга ойлик маоши тўланади. Асосийси, кўмак бўлсин, деган мақсадда қатъий иш режими белгиланмаган. Ёш болали аёллар куннинг исталган вақтида ишларни бажариши мумкин. Бошқарув компаниясига эса кўчалар озода, аҳолидан шикоятлар тушмаса бўлгани.
Юнусобод туманидаги 2- ва 6-мавзеларга хизмат кўрсатаётган “Мумтоз сервис” МЧЖ бошқарув компанияси ҳам ҳудудлар тозалигига алоҳида эътибор қаратади. Ахир, маҳалла обод, кўчалар чиннидай чирой очса, ундан ўтган ҳар қандай кишининг дили яйрайди-да. Бунинг устига, бу мавзелар аҳоли энг гавжум жойлардан саналади.
— Компаниямиз 126 та кўп қаватли уйдаги 5 839 та хонадонга хизмат кўрсатади, — дейди “Мумтоз сервис” МЧЖ раҳбари Гулнора Отажанова. — Уларда 20 минг аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир хонадон эгаси билан шартнома тузиш асносида 60 дан ортиқ турдаги хизматларни таклиф этамиз. Бунинг учун корхона барча техника воситалари, зарур материаллар билан таъминланган. Кўп қаватли уйларга 24 соат давомида кўрсатиладиган тезкор хизматлар ҳам бошқарув компанияларининг афзалликларидан саналади.
Аввал бу ҳудудларда 26 та мулкдорлик ширкати иш олиб борган. Мавжуд талаб доирасида улар бирлаштирилиб, ягона бошқарув компаниясига айланди. Ҳозир бу ерда 29 нафар ходим фаолият юритяпти. Уларнинг аксарияти ўз соҳасининг тажрибали мутахассислари.
Юртимизда барча жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шундай янгича ишлайдиган, замонавий тизимларга талабни ошириб бормоқда. Шу боис, Юнусобод тажрибаси 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказлари, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида давом эттирилиб, 15 та бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда бу тизимни кенгайтиришни рағбатлантириш кераклиги, йил якунигача бошқарув компаниялари томонидан хизмат кўрсатишни Тошкент шаҳрининг барча хизмат сифати паст туманларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Хизматларидан аҳоли рози бўлган ширкатлар ва уй-жойни бевосита бошқарувчилар эса бундан мустасно.
Бу билан мазкур йўналишда рақобат муҳити яратилади. Яхши ишлаган, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб, одамларнинг ишончини оқлаган корхоналар ривожланиб боради, уддалай олмаганлари эса ўз-ўзидан, вазифасини уларга топширади. Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти, аҳоли фикрларини ўрганади, уларнинг молиявий муаммоларини ҳал этиб боради. Фаолияти ва молиявий аҳволи қониқарсиз бўлган ширкатлар ҳудудини танлов ва рейтинг асосида бошқарув компанияларига бериш масаласи ўрганилади.
Шу билан бирга, уй-жой бошқарув компанияларига муайян имтиёз ва енгилликлар берилиши ҳам кўзда тутилган. Жумладан, улар мулкдорларга кўрсатган хизматларидан тушадиган фойда ҳамда мулк солиғидан озод этилади, ижтимоий объектларга аутсорсинг асосида иш юритишга, яъни тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари ёки вазифалари талаб қилинадиган соҳада фаолият олиб борадиган ташкилотлар билан хизмат кўрсатиш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади. Махсус техника ва ускуналар сотиб олишга 90 миллиард сўм кредит ажратилади ва фоизларининг бир қисми қоплаб берилади. Импорт қилинадиган ускуна ва техникаларга божхона божлари келгуси 3 йилда “ноль” ставкада қўлланилади, тугатилаётган ширкатларнинг муаммоли кредитлари 3 йилга музлатилади.
Демак, бу тизим ўзини оқламоқда. Бошқарув компаниялари сифатли хизматлари билан одамлар ишончига кириб боряпти. Асосийси, кўп қаватли уйлар обод бўлиб, аҳоли мурожаатлари тезкор ечим топмоқда. Бошқарув компаниялари фаолиятини эндиликда, тизимли ривожлантириш, бундан кейин ҳудудларда барпо этилаётган барча кўп квартилали уй-жойлар, хусусан, замонавий “Янги Ўзбекистон” массивларида жорий этиш ўз самарасини беради.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири