Бу манзил яшовчи Н.Тошева Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, хонадонида фойдаланилган газ учун катта миқдорда нореал қарздорлик ҳисоблангани, бу тўғрида шаҳар газ идорасига қилган мурожаатлари самарасиз бўлаётганидан шикоят қилиб, истеъмолчи сифатида бузилаётган ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида амалий ёрдам сўрайди.

Мурожаат тегишли тартибда Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан кўриб чиқилди ва фуқаронинг эътирозлари асосли экани маълум бўлди. Шаҳар газ идораси билан олиб борилган музокаралардан натижа бўлмагач, жамият томонидан фуқаронинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво аризаси киритилди.

2022 йил 24 август куни фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди биносида даъво аризаси бўйича фуқаролик иши кўриб чиқилди.

Суд жавобгар — “Навоийшаҳаргаз” таъминоти мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, фуқаро Н.Тошеванинг хонадони бўйича ҳисобланган нореал қарздорликни бекор қилиш, жавобгар ҳисобидан  давлат даромадига 900 минг сўм миқдорида давлат божи ҳамда манфаатдор шахс — Нодира Тошеванинг фойдасига 500 минг сўм миқдорида маънавий зарар ундириш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Муаммо ҳал этилди — фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди, унинг бузилаётган ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланди. Аммо Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига фуқаролардан бўлаётган мурожаатлар таҳлилидан кўринадики, ариза, шикоят ва норозиликларнинг асосий қисмини юқоридаги каби нореал қарздорлик ҳисобланиши ҳолатлари ва унинг оқибатида келиб чиқаётган муаммоли ҳолатлар ташкил этади.

Ҳақли савол туғилади — НЕГА?

Бу юқоридаги каби хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг айбими ёки “Билса ҳазил, билмаса чин” қабилидаги иш услубими?

Сиз нима дейсиз...