Транспорт ҳафталиги доирасида ташкил этилган тадбирда эксперт ва иштирокчилар транспорт тизимлари интеграцияси ва ҳамкорлик масалаларини, ўрта коридорни ривожлантириш ҳамда мультимодал ташувлар соҳасидаги янги технологиялар ва инновациялар, юк ташувлар самарадорлигини ошириш ва етказиб беришни такомиллаштириш масалаларини муҳокама этяпти.

Бизнес-форум ишида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илхом Махкамов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этяпти. Илхом Махкамов форумдаги нутқида бугун дунёда кузатилаётган геосиёсий жараёнлар фонида интермодал ва мультимодал ташувларнинг аҳамияти ортиб бораётганлигини таъкидлади, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Айни шу жиҳатни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томонидан минтақада истиқболли мультимодал транспорт йўлакларини шакллантириш ва мавжудларини ривожлантириш борасида амалий чоралар кўриляпти.

Жумладан, МДҲ давлатларидан Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятига эга янги минтақавий коридор яратиш ташаббуси фаол илгари суриляпти.

Таҳлилларга кўра 2022 йилда Афғонистон орқали Покистонга транзит юк ташиш ҳажми икки баравар кўпайиб, 670 минг тоннани ташкил этди. 2023 йил охирига келиб, юк ташиш ҳажми 1 миллион тоннадан ортиқ бўлиши кутилади.