Зеро, ҳар бир ривожланиш стратегияси замонавий фикрлайдиган, дунёқараши кенг, янгиликка мослашувчан, доимий равишда ўз устида ишлайдиган, ташаббускор ҳамда фидойи ходимлар томонидан амалга оширилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун профессионал кадрлар таркибини шакллантиришда танлов жараёнларини такомиллаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, меритократия тамойилларига асосланган ҳолда муносиб ва қобилиятли шахсларни ишга қабул қилиш ҳамда хизмат поғоналари бўйича кўтариш — кадрлар сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги илк маротаба вазирликнинг марказий аппаратида мавжуд бўлган 11 та вакант лавозимни энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида очиқ мустақил танлов ўтказди.

Танлов меритократия тамойилига асосланган ҳолда инсон омилини камайтириш имкониятини тақдим этувчи Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали ўтказилди.

Танлов бир неча босқичлардан иборат бўлиб, вакант лавозимларга 405 та номзоднинг аризалари электрон тарзда қабул қилинди. Танловнинг кейинги босқичларида номзодлар вазирлик томонидан белгиланган малака талаблари асосида сараланиб, уларнинг ахборот технологияларини ўзлаштириш даражаси, шунингдек, соҳа бўйича билим ва малакалари тест синовлари ҳамда суҳбат ўтказиш орқали баҳоланди. Танловда соҳага оид илмий даражага эга, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган, соҳа бўйича етарли билим ва кўникмага эга бўлган малакали мутахассислар ҳамда иқтидорли ёш кадрлар танлаб олинди.

Танлов натижаларига асосан 10 нафар муносиб номзодларни вазирликнинг марказий аппаратига ишга қабул қилиш бўйича Комиссия хулосаси қабул қилинди.

Келгусида вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий HR услубларни амалиётда қўллаш, танлов жараёнларини сифатини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, меритократия тамойилларига асосланган ҳолда энг муносиб ва қобилиятли мутахассис ходимларни ишга қабул қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора тадбирларни белгилаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, вазирлик тизимида инсон ресурсларини ривожлантириш, кадрларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2020 йил октябрь ойи ҳолатига вазирликнинг марказий аппаратида фаолият юритаётган бошқарув ходимларининг барчаси олий маълумотли бўлиб, уларнинг 76 нафари ўз соҳаси бўйича магистрлик даражасига эга, 20 нафари хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олган, 8 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва 5 нафари Банк - молия академияси битирувчилари ҳисобланади. Ўтган йилга нисбатан магистрлар сони 14 нафарга, хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида таълим олган ходимлар сони 13 нафарга ортган ҳамда сифат таркибининг оширилишига эришилган.

Ходимлар таркибидаги ўртача ёш 2019 йилда 42 ёшни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 38 ёшни ташкил этди, бу эса 30 ёшгача бўлганлар салмоғи ўтган йилга нисбатан 2 баравар ортганлигини кўрсатади.

Ходимларнинг таркиби гендер тенглиги кесимида кўрилганда, аёлларнинг сони 2019 йилга нисбатан 3 бараварга ортган. Бугунги кунда ходимларнинг 37,8 фоизи хорижий тилларни ўзлаштирган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 11,1 фоизга ортган.

Вазирлик ходимларининг илмий салоҳиятини кўтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган бўлиб, 2019 йилда фаолият юритган ходимларнинг 16 нафари илмий даражага эга бўлган бўлса, 2020 йилда 9 нафар ходим соҳага оид илмий ишлар ҳимоя қилиб, илмий даражага эга ходимлар сони 25 нафарга (20,1%) етди. Шундан 9 нафари фан доктори ёки DSc (Doctor of Science) ва 16 нафари фан номзоди ёки PhD (Doctor of Philosophy).

Шу билан бирга, Вазирликнинг энг асосий ходимлар таркиби ва кадрлар салоҳияти вилоятларда жамланган бўлиб, қишлоқ хўжалигига илм-фан ютуқларини жорий этиш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқур англай оладиган малакали кадрлар билан тўлдириш борасида ҳудудларда тизимли ишларни амалга ошириш борасида бир қатор камчиликлар мавжуд. 

Шу боис, келгусида асосий эътиборни ҳудудларга қаратиш, танлов жараёнларининг янада очиқлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий филиаллари билан ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш орқали ходимлар сифат таркибини кўтариш, уларни ўқитиш ва малакасини оширишни тизимли ташкил этиш ҳамда улар фаолият самарадорлигини оширишга қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги