Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ширин шаҳридаги Халқ қабулхонаси фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларни дарду ҳолини тинглаб, муаммоларини тегишли ташкилотлар билан биргаликда бартараф этиб келмоқда. Ушбу олиб борилган чора-тадбирлар натижасида аниқланган муаммоларнинг аксарияти ўз вақтида ва жойида бартараф этилишига эришилмоқда.
Бунга биргина мисол. Фуқаро Владимир Селезнев Россия Федерациясининг Свердловск областида 1953 йил 15 октябрда туғилган, рус миллатига мансуб. Тақдир тақозаси билан 1961 йилда ота-онаси қаромоғида Ўзбекистонга кўчиб келган. Аввал Наманган вилоятида, сўнг 1975 йилдан бошлаб Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида яшаб келмоқда. В.Селезнев узоқ йиллар мобайнида “Средазэнергоремонт” ва “Ташгресстрой” ташкилотларида меҳнат қилиб, Ўзбекистон энергетика соҳаси ривожига ҳисса қўшган.
Кейинчалик Гулистон шаҳрида хусусий ишларда ишлаб келган. 2000 йили Ширин шаҳри “Дўстлик” маҳалласида жойлашган хонадонида ёнғин содир бўлиши оқибатида барча уй анжомлари, шу жумладан ҳужжатлари билан бирга, унинг фуқаролик паспорти ҳам ёниб кетган. Шу вақтга қадар унинг ўзи ҳам шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тиклашга жиддий киришмаган бўлса-да, лекин бу масалада ёрдам сўраб ўша пайтда Ширин шаҳридаги бир қанча маъсул ташкилотларга мурожаатлар қилган.
Аммо унинг муаммосига на маҳалла маъсуллари на тегишли идора масъуллари жиддий эътибор беришмаган. “Югуришлар, бюрократиядан чарчаган” фуқаро дардини айтишдан фойда йўқ деган фикрда юраверган. Оқибатда у 20 йил мобайнида шаҳарда фуқаролик паспортисиз яшаб келган. Бунданда ачинарлиси, у паспорт йўқлиги сабаб 7 йил олдин ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқи бўла туриб, ҳозирга қадар бу имкониятидан фойдаланмай келишга мажбур бўлган.
Жорий йилнинг январь ойида Владимир Селезнев танишининг маслаҳати билан Президентнинг Ширин шаҳридаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Қабулхона ходимлари ҳамда шаҳар ҳокимлиги ҳамкорликда тегишли паспорт хизмати, мудофаа ишлари бўлими ва пенсия жамғармаси маъсулларини жалб этган ҳолда, қисқа муддатда фуқарога аввал шахсини тасдиқловчи ҳужжатни олишида, сўнг пенсия тайинланишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Улуғбек Сариев,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ширин шаҳридаги
Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси