Бироқ, маҳсулот сифатсиз чиққанида сарсон бўлишимиз ҳам бор гап. Бунда сизга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси кўмакка келади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига навбатдаги мурожаат Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро З.Фатуллаева томонидан келган бўлиб, унда қайд этилишича, истеъмолчи Ғиждувон тумани марказида жойлашган "Мега строй" савдо дўконидан 6 миллион 657 минг сўм эвазига маиший техника маҳсулотларини харид қилган, бироқ улардан бири – “370 ВТ” русумли сув насоси сифатсиз чиққан.

Сотувчига маҳсулот сифатсиз экани ҳақида бир-неча маротаба айтилган бўлсада, мурожаат эътибордан четда қолган.

Мурожаат Федерациянинг Ғиждувон туман жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида, сув насоси тадбиркор томонидан сифатли таъмирлаб берилишига эришилди.

Шунингдек, Андижон вилояти Марҳамат туманида яшовчи фуқаро А.Шералиев мурожаатида қайд этилишича, истеъмолчи туман марказида жойлашган авиакассадан "Москва-Тошкент" йўналиши бўйича 1 миллион 674 минг сўм эвазига авиачипта сотиб олган, бироқ карантин чекловлари сабабли учиш номаълум муддатга қолдирилади.

Истеъмолчи бир-неча маротаба сотувчи билан боғланиб авиачипта учун тўланган маблағни қайтариб беришини сўраган, лекин ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Мурожаат ўрганиб чиқилиши натижасида, авиачипта учун тўланган маблағ истеъмолчига қайтариб олиб берилди.