Тўғриси, эркак зоти кучли, ҳимоячи, оила қўрғонининг устуни сифатида яратилган. Аммо тақдирнинг турфа синов ва зарбалари туфайли уларнинг ўзлари ёрдамга муҳтожлик сезса-чи? Беморлар руҳан ва жисмонан бошқаларнинг қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд бўлса, атрофдаги соғлом фикрли одамлар доимо кўмакка шай туришлари шарт ва зарур. Чунки бу сизу бизнинг инсоний бурчимиздир.

Наманган вилояти, Поп туманининг Марғизор қишлоғида жойлашган ногиронлиги бор эркаклар “Мурувват уйи” 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, 1988 йилда янги бинога кўчирилган эди. Ушбу “Мурувват уйи”да айни пайтда 320 нафар руҳий хаста ногирон эркак истиқомат қилади. Уларнинг яшаши ва дам олиши учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ақлий жиҳатдан имконияти чекланган фуқаролар мавсумга мослаб тўлиқ кийим-бош, иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Шунингдек, мазкур масканда ободонлаштириш ишларига  алоҳида эътибор қаратилган. Муассаса биноси атрофида яшнаб турган турфа гуллар баҳри дилингизни очади.

Шу ўринда ногиронликни келтириб чиқарувчи сабаблар хусусида қисқача тўхталиб ўтиш жоиз. Яъни ота-онанинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиши, ичкиликбозлик, кашандалик, анемия (камқонлик) ва авитаминоз (витаминлар танқислиги) билан ҳомиладор аёлнинг оғриши, жинсий йўллар билан юқувчи турли инфекциялар оқибати ҳамда яқин қариндош-уруғларнинг оила қуриши, вояга етмаган ёшларнинг фарзанд кўриши, ирсий хасталиклар, ота-онанинг турли кимёвий моддалар билан заҳарланиши ҳамда онанинг ҳомиладорлик даврида турли юқумли касалликлар асоратини бошидан кечириши ва ҳоказо.

“Мурувват уйи”дан қўним топган беморлар йилда икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрик (диспансеризация)дан ўтказилади, аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштирилади. “Мурувват уйи”да ногиронларга жами 243 нафар ишчи-ходим, шулардан 9 нафар шифокор, 48 нафар ўрта тиббиёт ходими, 127 нафар кичик тиббиёт ходими сидқидилдан, беғараз хизмат кўрсатмоқдалар.

Ҳаёт синовларида синалаётган инсонларга зимдан боқиб, ўзимизга ато этилган неъматларга ҳамиша шукр қиламиз, – дейди Поп “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи директори, “Дўстлик” ордени соҳиби Моҳиниса Марипова. – Ногиронлиги бўлган шахслар учун барча кулайликларга эга бўлган 6 та ётоқ бўлими, даволаш бўлими, спорт майдончаси ва замонавий спорт анжомларига эга бўлган зал, 200 ўринга мўлжалланган овқатланиш зали, ёзги ва қишки ошхона, ҳаммом, кир ювиш хонаси мунтазам ишлаб турибди. Васийликка олинганларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун ҳар ойда бир марта туман маданият саройи санъаткорлари томонидан кўнгилочар кечалар уюштирилади.

Ногиронлар ўртасида хасталикларга чалинишнинг олдини олиш, соғломлаштириш мақсадида Поп тумани тиббиёт бирлашмасининг малакали тор доирадаги мутахассислари иштирокида йилда 2 марта диспансер кўригидан, бир маротаба Наманган вилоят силга қарши курашиш диспансери мутахассислари томонидан кўчма рақамли флюорография аппарати орқали барча ногиронлар тўлиқ флюорографик текширувдан ўтказилади. Васийликдагиларнинг барчасига баҳор ва куз ойларида режали равишда умумий қувватлантирувчи, анемиянинг олдини олувчи, гельминтозга қарши даво муолажалари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисидаги”  2021 йил 25 мартдаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида муассасада бир қатор ишлар амалга оширилди. Кутубхона очилиб жиҳозланди, 2 дона компьютер билан таъминланди, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 210 дона 3100.0 сўмлик адабий ва бадиий китоблар билан бойитилди. Муассасса шаҳар марказидан узоқда жойлашганлиги боис интернет тармоғига уланмаган эди. Ҳозирда шиша толали кабел тортилиб, интернет тармоғи ишга туширилди.

Яна бир муҳим жиҳатларидан бири давлатимиз раҳбарлигида 2021 йилнинг 6 март куни “Саховат” ва “Мурувват” уйлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, муассасага вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Президент совғаси сифатида “Дамас” автомашинаси ва ISUZU автобусини тақдим этди.

- Масканимизда овқатланиш хизматини аутсорсинг хизматига ўтказиш танловига асосан  “Mukammal Muruvvat Lux”  МЧЖ ғолиб деб топилди ва бугунги кунда тажриба синов сифатида фаолият олиб бормокда, - дейди “Мурувват уйи” директори ўринбосари Фурқат Мамажонов. - Ёрдамчи хўжалигимизда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида қорамол ва товуқ боқуви йўлга қўйилган. Қолаверса, муассаса ҳудудида 30 сотих майдонда 22 туп лимон кўчати парваришланмоқда.

Халқимизда “Яхшилик қил, дарёга сол, балиқ билади. Балиқ билмаса, Холиқ билади” деган мақол бор. “Мурувват уйи”да фаолият юритаётганлар бу мақол замирида улкан маъно яширинганини дилдан ҳис этишади. Хулоса қилиб айтганда, Попдаги ногиронлиги бўлган эркаклар “Мурувват уйи” бугун ана шундай савобли, беминнат маконга айланган.   

 

Орифжон  ЖЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.