Маданий мерос агентлиги тизимида 104 та музей ва унинг филиаллари фаолият юритиб келмоқда, шундан, 37 таси асосий музейлар, 67 таси филиаллардир. Музейларнинг 7 таси музей-қўриқхоналар, 12 таси уй-музейлари ҳисобланади.
Республика музейлари фондларида, жами 2 400 000 та музей ашёлари ва коллекциялари мавжуд бўлиб, шундан 1 700 000 та ортиғи асосий фондда, 600 000 та илмий-ёрдамчи фонддаги музей ашёлари ва коллекциялари ҳисобланади.
2020-2021 йил давомида музейлар соҳасини ривожлантиришда асосий эътибор соҳага ахборот технологияларни фаол тадбиқ қилиш, рақамлаштириш ишларига қаратилди. Жумладан, 2020 йилда Миллий музей фондининг электрон каталоги тизими яратилиб (www.davkatalog.uz), унга 46 та давлат музейлари бириктирилди. 2021 йилда 229 677 та музей ашёлари ва коллекциялари электрон идентификация қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон музейлари ягона портали яратилиб, ҳозирги вақтда 26 та музей тўғрисида маълумотлар киритилди. Айни пайтда 12 та музейларнинг маълумотлар базаси шакллантирилмоқда. Жорий йилнинг якунига қадар 12 та музей маълумотлари ягона порталга киритилиши режалаштирилган.
Тошкент шаҳрида жойлашган музейларни roundme.com платформаси учун энг замонавий IT технологияларидан фойдаланган ҳолда, сифат кўрсаткичнинг янги стандарти – 12 К ўлчамида 3D форматда тасвирга олиш (“Виртуал музей” лойиҳаси) ишлари олиб борилди. 18 тадан ортиқ музейларда тасвирга олиш ишлари олиб борилди ҳамда дунёнинг энг катта платформаси бўлган roundme.com, шунингдек vrmuseum.uz (TasIX) га жойлаштирилди.
2022 йилдан бошлаб республика музейларида ташкил этиладиган кўргазмалар, кўчма кўргазмалар, маданий-маърифий тадбирлар, форумлар, конференция ва семинарлар бўйича календарь режаларини тасдиқлаш амалиёти жорий этилди. Шунингдек, музейлар фаолиятини баҳолаш тизими йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6000-сон Фармойишига мувофиқ музейларнинг илмий салоҳиятини кучайтириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб музейларнинг илмий даражага эга бўлган ходимларининг базавий лавозим маошлари 2-2,5 коэффициентга оширилди.
2020 йил сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинди ва ушбу “очиқ эшиклар куни”да фуқаролар музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилиши белгиланди.
Регистон мажмуаси намуна сифатида 34 тўпламдаги IP 4 (рақамли) видео қайд қилиш мосламалари, 6 тўпламдаги турникет (лазер-датчикли)лар билан жиҳозланган бўлиб, мажмуага кириш учун электрон тўловларни амалга ошириш имкониятлари яратилди.
“Ипак йўли” туризм халқаро университетида 2022 йилдан бошлаб доимий равишда маданий мерос ва давлат музей йўналишида фаолият олиб бораётган мутахассисларни “Маданий бойликларни назорат қилиш ва бадиий экспертизадан ўтказиш”, “Менежмент”, “Маркетинг”, “Музей фондини юритиш”, “консервация ва реставрация”, “Музей экспозициясини яратиш ва бадиий безаш” бўйича малакаси оширилади.
Юқоридаги соҳаларда кадрларга сифатли таълим бериш мақсадида АҚШ, Франция, Австралия, Туркия ва Хитой давлатларидан Oxford, Queensland ҳамда Griffith каби дунёнинг топ университетларида фаолият олиб борган профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.
Музейлар соҳасида Россия Федерациясининг Маданият вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги билан биргаликда жорий йилнинг
30 октябрь куни, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида ўрнатилган дипломатик алоқаларнинг 30 йиллигини кенг нишонлаш, шунингдек, икки томон маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва соҳадаги ўзаро тарғибот ишларини кенгайтириш, жумладан музейлар ўртасидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш мақсадида “Ўзбекистон – Россия музейлар ROAD-SHOW” мавзусида мультимедиали кўргазма ва илмий-амалий семинар бўилиб ўтди.
Шунингдек, Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамда Маданий мерос агентлиги ўртасида “Ипак Йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали сақлаш” бўйича грант лойиҳаси имзоланди.
Айни пайтда Музейлар ва моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг пуллик хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 19 июндаги қарорига асосан, “Хорижий ва илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда музейлар ва моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш” вазифалари юклатилган.
“Музейлар тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига асосан, Давлат музейлари ва моддий маданий мерос кўчмас мулк объектлари томонидан пуллик хизмат кўрсатиш фаолият турлари, Ўзбекистон фуқороларига бериладиган имтиёзларни белгилаш мақсадида Маданий мерос агентлиги томонидан Давлат музейлари ва моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида пуллик хизмат кўрсатиш тартибини белгилаш тўғрисида низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Маданий мерос агентлиги томонидан Музейлар ва туристик йўналишлардаги маданий мерос объектларида «Museum shop» (музей дўкон) тизимини йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Мазкур ишчи гуруҳ томонидан «Museum shop»ларни ташкил қилиш бўйича Туркия, Хитой, Франция, АҚШ каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ва уларнинг илғор тажрибаларини Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Ҳар бир музейда «Museum shop»ларида музейнинг ўзига хос бренд ва савдо белгилари, ноёб музей ашёлари нусхаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар
Биринчидан, Миллий музей фондининг электрон каталоги (www.goskatalog.uz) тизимига бир миллионта музей ашёлари ва коллекциялари тўғрисидаги маълумотлар киритилиб, миллий музей фондининг электрон давлат каталогига киритилган музей ашёлари улуши 10 фоиздан 55 фоизга етказилади.
Иккинчидан, Музейларда сақланаётган музей ашёлари ва коллекцияларининг 100 тасининг 3D шаклидаги кўринишлари яратилган бўлиб, жорий йилда уларнинг сони 200 тага етказилади.
Миллий музей фонди таркибига киритилган 200 та музей ашёлари ва музей коллекцияларини реставрация, консервация қилиш ишларини амалга оширалади.
Музейлар томонидан таълим муассасалари ва йирик ташкилотларида 2022 йилда 530 та кўчма кўргазмалар ўтказилади.
Учинчидан, 2022 йилда “Арт-карвон” кўчма кўргазмалар, “Миллий сувенирлар” фестивали, “Музейдаги тун”, “Open sky”, “Юлдузлар билан музейга саёҳат” каби турли хил маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Тўртинчидан, 2022 йилдан бошлаб “Ипак йўли” туризм халқаро университетида маданий мерос ва давлат музей йўналишида фаолият олиб бораётган 350 нафар мутахассисларни “Маданий бойликларни назорат қилиш ва бадиий экспертизадан ўтказиш”, “Менежмент”, “Маркетинг”, “Музей фондини юритиш”, “консервация ва реставрация”, “Музей экспозициясини яратиш ва бадиий безаш” бўйича малакаси оширилади.
Бешинчидан, Ҳар бир музейда «Museum shop»ларида музейнинг ўзига хос бренд ва савдо белгилари, ноёб музей ашёлари нусхаларини ишлаб чиқилади. Шунингдек, Ҳар бир музейнинг веб саҳифасида электрон «Museum shop»лари жорий этилади.