Яқинда Ўзбекистон фуқароси Е. Кадирова мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги Бош консуллигидан Ўзбекистонга қайтиш юзасидан кўмак сўради. Унинг маълум қилишича, икки нафар вояга етмаган фарзанди билан Приморск ўлкасининг Владивосток шаҳрида мушкул молиявий вазиятга тушиб қолган.

Бош консулхона томонидан ватандошимизнинг мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Е.Кадирова 2013 йили Россиянинг Приморск ўлкасига вақтинча ишлаш учун келган. Сўнгги вақтларда у Владивосток шаҳридаги уй ҳайвонларига хизмат кўрсатиш салонида ёрдамчи лавозимида ишлаган. Ойлик маоши камлиги, яшаши ҳамда уй ижараси учун етарли бўлмагани сабабли икки нафар вояга етмаган фарзанди билан моддий жиҳатдан мушкул аҳволга тушиб қолган.

Бош консулхона томонидан фуқаронинг аризаси батафсил ўрганиб чиқилиши натижасида Е.Кадирова ва унинг вояга етмаган фарзандлари номига «Меҳр» лойиҳаси жамғармаси ҳисобидан Владивосток - Тошкент йўналиши бўйича учадиган ҳаво қатновига чипталар харид қилинди ва ватандошлар Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.