МДҲ давлатлари Илмий ва ижодий зиёлиларининг ўн олтинчи форуми доирасида Қирғизистон давлат санъат ва маданият институти билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўртасида меморандум имзоланди.
– Мақсадимиз улуғ – маданияти бир илдизга бориб тақаладиган барча туркий давлатлар маданият ва санъат йўналишидаги тажрибаларини ўрганишдир, – деди Қирғизистон давлат санъат ва маданият институти ректори Туменбай Колдошов. – Олийгоҳларимиз ўзбекистонлик талабалар учун ҳамиша очиқдир. Зеро, муштарак қадриятларимиз абадий давом этажак.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Элдор Шерманов меморандумнинг мақсади таълим соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва ижодий фаолиятлари юзасидан икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини тартибга солишдан иборат эканини таъкидлади.
Ушбу меморандум ёшларга берилаётган имкониятларнинг яна бир кўриниши бўлиб, ёш ижодкорларнинг келажакдаги фаолиятига замин яратади.