Президентимизнинг яқинда Қашқадарё вилоятига ташрифи айрича мазмун ва моҳиятга эга бўлди. Зеро, ташриф давомида воҳанинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш билан боғлиқ мисли кўрилмаган истиқболли режалар ва ташаббуслар илгари сурилди. Бу галги ташриф мазмуни “Билимга — рағбат, меҳнатга — имконият, ташаббусга — мадад” шиорида бўй кўрсатди.
Билимга — рағбат
Президентимиз илгари сурган ушбу ҳаётий тамойил замирида инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, йигит-қизларимизнинг билим ва касб-ҳунар эгаллашга интилишларини қўллаб-қувватлаш ғояси мужассам бўлди.
Бугунги кунда билим ва касб-ҳунар нафақат шахсий камолот, балки иқтисодий тараққиёт, ижтимоий барқарорлик ва турмуш фаровонлигининг ҳам муҳим омилидир. Шунинг учун давлат сиёсатида ёшларга сифатли таълим бериш, замонавий технологияларни ўзлаштириш борасидаги интилишларини рағбатлантириш, ўзлаштирган назарий билимларини амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш чораларига алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари илғор касбий маҳорат техникуми ва унинг негизида ташкил этилган “Касблар шаҳарчаси” фаолияти билан танишаркан, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, билим ва малакасини ошириш, замонавий меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратди. Қиймати 42 миллиард сўм бўлган мазкур техникумда 10 та йўналиш бўйича 417 ёш таҳсил олаётгани, ўқув жараёнига Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор тажрибалари татбиқ этилаётгани касбий таълимни халқаро тажриба асосида ташкил этишга интилишлар интенсив тус олаётганини кўрсатиб турибди. Техникумда ёшларга назарий билим улашиш билан чекланмасдан, амалий кўникмаларни шакллантиришга ҳам устувор аҳамият берилмоқда.
Билимга рағбат беришнинг яна бир муҳим йўналиши иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ. Мамлакатимиз етакчиси вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда Қарши шаҳридаги Президент мактаби “Cambridge” имтиҳонларида республика бўйича юқори натижа қайд қилганини, Абдулла Орипов номидаги ижод мактабининг “Заковат” турнирида ғолиб бўлганини эътироф этди. Косонлик ўқувчи Муроджон Ҳалимовнинг SAT имтиҳонида максимал 1600 балл тўплаганини алоҳида қайд қилиб ўтди. Шу муносабат билан келгуси йилдан ҳар бир туманда биттадан мактабда аниқ фанларни чет тилда ўқитишни йўлга қўйиш, барча туманларда робототехника тўгаракларини ташкил этиш вазифалари белгилаб берилди. Қашқадарёлик 500 ёшни немис тилига ўқитиб, Германияда ҳақ тўланадиган амалиётга юбориш ташаббуси илгари сурилди.
Президентимиз Қарши давлат университетида таълим олиш ва илмий тадқиқотлар қилиш учун яратилган шароитлар билан танишди. Университетнинг таълим салоҳияти, халқаро ҳамкорлиги, замонавий илмий инфратузилмаси ва талабалар учун яратилган қулайликларга эътибор қаратилди.
Айни пайтда Қарши давлат университетида бакалавриат ва магистратура босқичларида 14 мингдан ортиқ талабага 579 профессор-ўқитувчи таҳсил бермоқда. Университетда инглиз филологияси, математика, амалий математика ва физика таълим йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтказилган. Россия ва Беларусь олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 14 та қўшма таълим дастури ишга туширилди. Кейинги йилларда тиллар факультетида минг ўринли замонавий медиастудия, шунингдек, хитой, немис, француз, инглиз ва рус тилларини ўрганиш марказлари ташкил этилди. Халқаро дастурлар доирасида синхрон таржимонлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олийгоҳда илмий тадқиқотларни ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири еттита лабораторияни бирлаштирган Халқаро лабораториялар маркази ташкил этилгани бўлди. Ҳозир марказда сунъий интеллект, машинали ўқитиш ва робототехника йўналишларида илмий изланишлар қилинмоқда. Университетда талабалар учун учта янги турар жой қурилиб, 1300 дан ортиқ қўшимча ўрин яратилди. Натижада бу борадаги эҳтиёж тўлиқ қопланди.
Олийгоҳ ҳудудида 240 ўринли болалар боғчаси, кутубхона, ошхоналар, ёшлар маркази ва анжуманлар саройи фаолият юритмоқда. Университет ҳузурида “Лочин” футбол жамоаси ташкил этилиб, унинг машғулотлари учун замонавий спорт майдони қурилган. Давлатимиз раҳбари университетдаги шароитлар билан танишаркан, уларни замонавийлаштиришга доир қимматли ғоя ва таклифларни илгари сурди. Ташриф давомида касбий таълимни такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, замонавий фан ва технологияларни ўрганиш учун янги имкониятлар яратиш бўйича белгилаб берилган вазифалар “Билимга рағбат” тамойилининг амалий аҳамиятини очиб берди.
Меҳнатга — имконият
Ушбу ҳаётий тамойил замирида воҳа аҳлининг ҳалол меҳнат орқали фаровон ҳаётга эришишга бўлган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ғояси мужассам, десак айни ҳақиқат. “Меҳнатга — имконият” тамойили чуқур ижтимоий-иқтисодий мазмунга эга. Унинг моҳияти шундаки, тараққиётга юз тутаётган ҳар бир юртда инсоннинг ҳалол меҳнат қилиши, иқтидорини намоён этиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоғи лозим. Бунинг учун иш ўринлари сонини кўпайтириш билан чекланмасдан, аҳолининг меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш, меҳнат натижаларини муносиб қадрлаш ҳам тақозо этилади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ва маҳаллалардаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Жумладан, Қарши шаҳридаги “Sulton tex group” тўқимачилик кластери фабрикасида 54 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватлари йўлга қўйилган, 840 та иш ўрни яратилган. Корхонада сувнинг 95 фоиздан ортиғини тозалаб қайта ишлатиш имконини берувчи тизим жорий этилгани иқтисодий самарадорликни экологик масъулият билан уйғунлаштириш мумкинлигини кўрсатиб турибди.
Қашқадарёнинг меҳнат ва тадбиркорлик салоҳиятидан оқилона фойдаланишда қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади. Вилоятнинг иқлим шароити, ер ва сув ресурслари, деҳқончилик ҳамда чорвачилик анъаналари янги даромад манбаларини шакллантириш учун кенг имкониятлар яратади. Давлатимиз раҳбари вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўзи қўшимча равишда 200 минг кишини даромадли қилиши мумкинлигини таъкидлади. Бунинг учун яйловлардан самарали фойдаланиш, чорвачилик комплекслари ташкил этиш, янги ер майдонларини ўзлаштириш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш кераклиги айтилди.
Имконият яратишда маҳаллаларнинг ўрни катта. Бу борада Қамаши туманидаги Чим маҳалласи тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Маҳаллада ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш, аҳолини иш билан таъминлаш эвазига камбағалликни бартараф этиш борасида кўзга кўринарли натижаларга эришилган. Давлатимиз раҳбари ушбу тажриба асосида келгуси йилда ҳар бир туманда иккитадан замонавий маҳалла марказини ташкил этишни таклиф қилди.
Президентимиз аҳоли бандлигини таъминлашда туризм салоҳияти алоҳида ўрин тутишини қайд этди. Вилоятга йил бошидан буён 2,5 миллиондан ортиқ сайёҳ келгани, жумладан, Ғелон қишлоғига ташриф буюрганлар сони 500 минг кишига етгани мазкур соҳанинг иқтисодий имкониятларини ёрқин намоён этиб турибди. Ғелонда тоғ-чанғи курорти ривожлантирилиши, тоғ қишлоқларида этнотуризм ташкил этилиши, Шаҳрисабз туманида рафтинг ва спорт туризми йўлга қўйилиши маҳаллий аҳоли учун хизмат кўрсатиш, ҳунармандлик, умумий овқатланиш ва меҳмонхона бизнеси соҳаларида янги иш ўринлари яратади.
“Меҳнатга — имконият” тамойили аҳамияти саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, туризм имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллаларда бандликни таъминлаш кабиларда намоён бўлади.
Ташаббусга — мадад
Ушбу ҳаётий тамойил замирида фуқаролар ташаббусларини амалий натижага айлантириш ғояси турибди. Жамият тараққиётини таъминлашда ташаббускорликнинг аҳамияти беқиёслигини исботлашга ҳожат йўқ. Зеро, ҳар қандай ислоҳот муваффақияти жамият аъзоларининг янгиликка интила олиши, ўз ғояларини амалий натижага айлантириши билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида илгари сурган “Ташаббусга — мадад” тамойили алоҳида ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга.
Ушбу тамойилни ҳаётга татбиқ этиш учун Қашқадарё вилоятида етарли иқтисодий ва ижтимоий салоҳият мавжуд. Вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, туризм ва ҳунармандлик соҳаларида янги ғояларни амалга ошириш, маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш ва аҳоли бандлигини кенгайтириш имкониятлари катта. Бироқ давлатимиз раҳбари мулоҳазаларидан кўринадики, бу ишларни рўёбга чиқариш учун ташаббускор фуқароларни аниқлаш, уларнинг лойиҳаларини пухта баҳолаш, зарурий ресурслар билан таъминлаш, ташаббусларнинг натижадорлигини мунтазам кузатиб бориш талаб этилади.
Ҳар қандай ижтимоий аҳамиятга молик илғор ташаббус молиявий ва ташкилий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватланганидагина рўёбга чиқади. Шунинг учун тадбиркорларга кредит ажратишда уларнинг пул оқими ва аниқ буюртмаларини ҳисобга олиш, ортиқча ҳужжатбозликни қисқартириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ҳудудларни режали ривожлантириш, аҳоли учун замонавий яшаш муҳитини яратиш ва экологик барқарорликни таъминлаш ташаббусларига эътибор қаратилди. Қарши шаҳри, Кўкдала ва Қарши туманлари чегарасида 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Қарши шаҳрини барпо этиш, янги ҳудудларни “яшил” ва “ақлли” шаҳар тамойиллари асосида ривожлантириш режалари шулар жумласидандир. Маҳаллаларда яшил ҳудудларни кўпайтириш, кўчат экиш ва ҳар йили Наврўз арафасида “Энг яшил маҳалла” танловини ўтказиш ташаббуслари эса аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳамда жамоавий масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади. Бу ташаббуслар фуқароларни ислоҳотларнинг фақат кузатувчисига эмас, балки бевосита иштирокчисига айлантиради.
Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифи нафақат келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш имконини берди, балки аҳолини руҳлантирувчи, кайфиятини кўтарувчи, келажакка ишончини оширувчи омил бўлиб хизмат қилди. Ташриф давомида воҳа иқтисодий имкониятларини аҳоли эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришга урғу берилди. Бундай ёндашув одамларда ўз муаммолари эътибордан четда қолмаётгани, турмушини фаровонлаштириш масаласига устувор вазифа сифатида қаралаётгани ҳақидаги тасаввурни кучайтирди. Айни пайтда воҳа аҳли кайфияти ва келажакка ишончининг мустаҳкамланиши ташрифнинг ўзи билангина эмас, балки белгиланган вазифаларнинг қадр-қиммати ва кўлами билан ҳам боғлиқ бўлди.
Учрашув чоғида вилоят аҳолиси, тадбиркорлар, ёшлар ва таълим муассасалари вакилларининг умидлари, ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса кишиларни ўз ғояларини амалга ошириш, воҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиш сари руҳлантирди. Айниқса, иқтидорли ёшлар ютуқлари эътироф этилиши, уларнинг билим олиши ва касбий ривожланиши учун янги имкониятлар тақдим этилиши воҳа йигит ва қизларининг қаддини кўтарди, келажакка ишончини юксалтирди.
Санжар ЧОРИЕВ,
Қарши давлат университети профессори