Конституциямизнинг 32-моддасида ҳам фуқароларнинг давлат органларининг фаолиятлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланиши кўрсатиб ўтилган. Шунга мувофиқ, 2018 йилнинг 12 апрель куни 21 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани ҳам бу масаланинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Қонунга кўра фуқаролик жамиятининг тўртта асосий институтлари жамоатчилик назорати субъекти ҳисобланади. Уларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари киради. Давлатнинг бир қатор ваколатлари жамоат ташкилотлари зиммасига юкланади.
Мамлакатимизда ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиш, ватанпарвар бўлиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз кучи, билим ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит яратилмоқда. Зеро, интеллектуал салоҳиятини юқори, дунёқараши кенг, мустақил фикрлайдиган авлодни вояга етказиш ва тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йуналишларидандир.
Ўзбекистон Республикасида барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида Ҳаракатлар стратегияси, бугун эса Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ётади ҳамда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” деган эзгу ғоя асосида амалга ошириб келинмоқда. Сўнгги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида янги турдаги таълим масканлари очилди. Хусусан, Президент ва ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Биргина 2020 йилда юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, IT соҳасида информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаб ташкил этилди.
Жаҳон тажрибаси ўрганилиб, янги тартиб-қоидалар, замонавий таълим усуллари жорий этилмоқда. Жумладан, хусусий мактаб очиш учун лицензия олиш тартиби соддалаштирилди. Нодавлат таълим масканлари давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани туфайли ҳозирги вақтда уларнинг сони 195 тага етди. Буларнинг барчаси ўз ижобий натижасини бермоқда. Буни 2017-2020 йилларда ўқувчиларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 30 та медални қўлга киритгани мисолида кўришимиз мумкин. Ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш учун 2020-2021 ўқув йилини ўзида 339 та касб-ҳунар мактаби, 194 та коллеж ва 195 та техникум фаолияти йўлга қўйилди.
Олий таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди. Сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, янги ташкил этилган ОТМлар ва уларнинг филиаллари ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 141 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари ҳам 15 тага етди ва қабул квоталари 3 баробар оширилди. Шу билан бирга, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари соддалаштирилиб, давлат тест синовлари бўйича ҳар бир асосий фандан бўладиган тест саволлари 36 тадан 30 тага туширилди ва тест кунлари мамлакат бўйича навбатма-навбат 15 кун давомида очиқ муассасаларда шаффоф тарзда ўтказиладиган бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Яқин йилларда ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга етказиш мўлжалланган.
Биз демократик ҳуқуқий давлатда яшаяпмиз, келажакда унинг юқори босқичи бўлган фуқаролик жамиятини қарор топтиришни мақсад қилиб қўйганмиз. Бу жамият фуқароларнинг эркин ва демократик фаолиятининг кенг намоён бўлишини тақозо этади. Келажагимиз бўлган ёшлар ўқишда, спортда, илмий-техник ижодда, меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишда, мустақил ҳаётий позицияга эга бўлишининг аҳамияти ортиб бормоқда. Бунинг учун оилада соғлом муҳитнинг бўлиши, таълим муассасаларида сифатли ўқитиш, ўқувчининг фикрини эшитишни ва эркин мунозарани йўлга қўйиш, мустақил фикр юритиш кўникмаларини ҳосил қилувчи ижтимоий муҳитни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Алишер Хурсандов,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти