Олий таълимда талаба ўрганиб олиши керак бўлган энг муҳим малака ва кўникмалар ҳақида ўйлар эканман, ХХ аср педагоги Сухомлинский санаб ўтган, ўқувчи эгаллаши керак бўлган малака ва кўникмалар ёдимга тушди. Улар теварак-атроф, ҳодисаларни кузатиш, ўйлаш малакаси — таққослаш, қиёслаш, қарши қўя билиш, ўқилганлардаги мантиқан тугал қисмларни ажратиш, матнни ўқиш билан бир вақтда ўқитувчининг матн, мантиқан таркибий қисмлар устида ишлаш ҳақидаги маслаҳатларини тинглаш кабилар.
Бундай малакаларни орттирмай туриб, таълим олиб бўлмайди. Лекин ким ва қаерда талабанинг юқоридаги кўникмаларга эга бўлишига қаратилган махсус иш олиб боряпти? Шу мақсадга йўналтирилган алоҳида машқлар борми ўзи? Фикрлаш машқлари тўплами йилдан-йилга тўпланиб борадиган махсус дафтар профессор-ўқитувчиларимизнинг ҳар бирида мавжудми? Тўғрисини айтганда, буларнинг ҳеч қайсиси йўқ. Талабаларнинг ҳаммаси ҳам масала ечишни билмасликлари ҳеч ким уларга ўйлашни ўргатмаганидан эмасмикин? Ахир юқоридаги малакаларга эришган талабаларгина илмда, фанда юқори натижалар кўрсата олади.
Тошкент давлат транспорт университетида республикамиздаги бошқа олий таълим муассасаларидаги каби силлабусни талабаларнинг мустақил ишларини ташкил этишдаги услублардан бири сифатида ишлатиш жорий қилинмоқда. Кредит-модуль тизимига ўтар эканмиз, Бу айниқса долзарб бўлиб қолмоқда.
Талабаларнинг мустақил таълимини тўғри йўлга қўйиш — бу олинадиган билимларни тизимлаштириш ва сингдириш, малака ва кўникмаларни эгаллашни шакллантириш гарови. Шунингдек, талабанинг мустақил иши унинг мустақил равишда фанни эгаллаши эмас, ўқитувчи томонидан ташкил этилган алоҳида шартлардир. Силлабус бу ўринда алоҳида аҳамият касб этади. Ундаги маълумотлар орқали талаба нафақат галдаги машғулотга тайёрланиш имкониятига эга бўлади, балки у орқали исталган вақтда мустақил иш топшириқларини олиши ва мавжуд йўлланма бўйича маслаҳатлар билан танишиши, ишларини интернетдан фойдаланган ҳолда ўқитувчисига жўнатиши, мустақил таълимини йўналтирувчи бошқа кўрсатмаларни олиш имкониятига эга бўлади. Бу билан биз талабанинг замонавий технология (интернет)дан фойдаланишини ҳам изга солиб, унинг имкониятларидан кенг фойдаланиш чораларини кўрган бўламиз. Асосийси, бунда талаба ва профессор-ўқитувчининг билвосита мулоқоти ҳам йўлга қўйилади ҳамда иккисининг ҳам вақти тежалади.
Мустақил ишлаш, илмий изланиш давомида талаба назарий фикрлаш усулларини ўрганади. Илмий тадқиқот мавзуини шакллантириш, режани ишлаб чиқиш, адабиётларни танлаш ва таҳлил қилиш, асбоб-ускуналарни тайёрлашдан бошланиб, кейинги этапда материаллар йиғилади ва таҳлил қилинади. Тадқиқотда энг асосийси янги материал олинганидан сўнг бошланади: уни тушуниб етиш, маълум бўлган маълумотлар билан солиштириш, таҳлил ва синтез, натижаларни изоҳлаш, уларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш (мақола, конференция ёки семинарларга маъруза ёзиш, асбоб ясаш ва ҳ.к.).
Мустақил ишларнинг барча турлари ўзаро боғлиқлиқлигини кўриш мумкин. Бунда албатта асосий ўринни ўқув мустақил иши эгаллайди. Талабанинг мустақил ишлашини бу ишни режалаштиришни ўрганишдан бошлаш керак. 2- қадам бу талабаларда уларга берилган фаолият алгоритми ва вазифа шартлари асосида ташқи талабларни аниқлаш қобилиятини шакллантиришдир.
Учинчи қадамда уларнинг оддий вазифаларни ҳал қилишга имкон берадиган билимларини шакллантириш лозим. Шу билан бирга, талабаларнинг когнетив соф такрорлаш ва қисман реконструкция қилиш, илгари ўрганилган таълим маълумотларининг тузилиши ва мазмунини ўзгартиришдан иборат бўлиб, бу объектнинг ушбу тавсифини, вазифани бажаришнинг турли усулларини таҳлил қилиш, улардан энг тўғрисини танлаш зарурлигини англашдир.
Тўртинчи қадам — атипик (ноанъанавий) муаммоларни ҳал қилиш асосида ўқувчилар билимларини шакллантириш. Бундай муаммоларни ҳал қилишда талабанинг когнетив фаолияти бу илгари ўзлаштирилган, расмий тажриба (маълум алгоритм бўйича ҳаракатлар) асосида билимларини ўзлаштириш асосида улар учун янги бўлган тажрибани тўплаш ва намойиш қилишдир.
Бешинчи қадам эса ижодий фаолият учун зарур шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ. Ушбу ишларни бажаришда талабаларнинг когнетив фаолияти ўрганилаётган объектнинг моҳиятини чуқур кириб боришдан, янги, илгари номаълум бўлган тамойилларни, ғояларни топиш учун зарур бўлган алоқалар ва муносабатларни ўрнатишдан иборатдир.
Умуман олганда, ўқув жараёнини мустақил ишлашга йўналтириш ва унинг самарадорлигини ошириш, аввало талабаларнинг мустақил ишлашига сарфланадиган соатини кўпайтиришни назарда тутади. Шунингдек, доимий равишда босқичма-босқич талабаларнинг мустақил ишлари учун топшириқлар тўпламини бериш, университетларда мустақил равишда фанни пухта эгаллашга имкон берадиган ўқув услубий ва моддий-техника базасини яратиш (дарсликлар, ўқув қўлланмалар, компьютер хоналари), мустақил лаборатория амалиёти учун шароит бўлиши, анъанавий назорат тартиби ва машғулотларни қисқартириш эвазига талабаларнинг мустақил ишлаши учун имкон берадиган доимий назоратни ташкил этиш каби жиҳатларга эътибор қаратиш даркор.
Кўриниб турибдики, бу борада нафақат талабаларимиз, балки олий таълим муассасаси ва профессор-ўқитувчиларининг ҳам амалга ошириши керак бўлган ишлари ҳали жуда кўп. Янги Ўзбекистон қадам қўяётган Учинчи Ренессанс мамлакатимиз илм-фанининг ривожига боғлиқ экан, ёшларнинг салоҳияти, ақлий тафаккури билан боғлиқ ҳар битта масала ғоят муҳимдир. Айниқса, биз эртага замон талабига жавоб берувчи кадрлар етиштиришни истасак, мустақил таълимнинг барча турлари талабанинг мутахассис сифатидаги шахсий, компетенциявий сифатларини ривожлантиришини чуқур ҳис қилиб, аввало талабаларни мустақил ишлашга тайёрлашимиз керак бўлади.
Абдусалом УМАРОВ,
Тошкент давлат транспорт университетининг физика-математика фанлари доктори