Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ташаббуси билан “Мустақиллик — ҳуқуқ, имконият ва бурч” мавзусида маданий-маърифий  тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон халқ шоири, сенатор  Маҳмуд Тоир, Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлими  ходимлари иштирок этди.

Учрашув аввалида бошқарма бошлиғи ўринбосари Жасур Қаюмов мустақиллик буюк неъмат эканлиги, истиқлол йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланганлиги,  Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олганлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг ижод ва ҳаёт йўли ҳақида йиғилганларга қисқача маълумот бериб ўтди.

Шоир ўз сўзида Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб, Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлим ходимлари билан юзма-юз мулоқотдан мамнунлигини изҳор этди. Ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилаётганлиги, мард ва олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марралар забт этилганлиги, халқимизнинг оғирини енгил қилиш, унинг муаммоларини вақтида ва самарали ечиш, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш барча ислоҳотларимизнинг бош мақсади этиб белгилангинлиги, замонавий ва барча қулайликларга эга хизмат биноларининг қад кўтараётгани ҳар бир ижодкор кўнглини тўлқинлантиришини айтиб ўтди.

Бугун ўзбек шеъриятига халқ оҳангларини, мумтоз адабиётимизнинг гўзал анъаналарини олиб кирган шоирни шеърият мухлислари жуда яхши билишади. Ўзбек халқининг буюк қалбини, кечмишини, бетакрор табиатию унга ҳайратла боқаётган беғубор нигоҳларини, эрки ва озодлигини, Ватан соғинчини тараннум қилаётган шоирнинг ҳар мисраси бизга таниш ва қадрдон бўлиб кетган.

— Маҳмуд Тоир шеърлари халққа жуда яқин бўлиб, оддий, аммо гўзал ифодалар, ташбеҳлар бор, — дейди Ангрен шаҳар Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи Зуҳриддин Маликов. — Ватан, ота-она соғинчларига тўла бу оташин мисралар ҳар бир ўқувчи қалбини сеҳрлайди. Шу юртга садоқат билан хизмат қилишга, ота-она, ака-ука, яқинлар қадрини баланд тутишга ундайди. Бугунги учрашувдан бир олам таассурот олдик. Инсон ҳар доим эзгу ният қилиб, яхшиликни дилига тугиб яшайди. Шоир билан учрашувда ана шундай туйғуларни ҳис қилдим. Ҳақиқатан ҳам, биз Давлат хизматлари маркази ходимлари халқ эътиборидаги, назаридаги инсонлармиз. Шундай экан, нафақат муомаламиз, одобимиз, балки юриш-туришимиз, хулқимиз билан ҳам бошқаларга намуна бўлишимиз лозим.

Самимий руҳда кечган шеърият оқшомида шеърлар ўқилди. Учрашувда Маҳмуд Тоир Нурафшон шаҳар Давлат хизматлари маркази кутубхонаси учун китоблар совға қилди. Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан халқ шоирига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.  

Эркин ДОРИПОВ,

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси

матбуот хизмати раҳбари