Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳам мустақиллик байрамини ўзгача ҳаяжон ва катта кўтаринкилик билан нишонламоқда. Вилоятдаги барча Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимларида Президентимизнинг 2021 йил 24 июлдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Мустақиллик экспозицияси ташкил этилди.

Экспозиция “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этиб, миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатининг намуналарини ўзида жамлаган. Марказга ташриф буюрган фуқаролар    мустақилликни тараннум этувчи бадиий асарлар, юксак маҳорат ва тажриба асосида яратилган санъат асарлари, каштачилик буюмлари, тарих саҳифаларидан ҳикоя қилувчи асори-атиқалар билан яқиндан танишмоқда. Марказ ходимлари иштирокида маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда, дея хабар беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати.