Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳам халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ташқи сиёсатни давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Мустақиллик – бу халқнинг ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ барчанинг ўз юрти ва халқи тақдири олдидаги масъулиятини ҳам англатади.
1991 йил 31 август куни юртимиз ўз тақдири ва ҳаётига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу кўп миллатли халқимиз тарихида туб бурилиш ясаган буюк тарихий воқеа бўлиб, унда халқимизнинг сабр-тоқати, матонати ва эртанги кунга бўлган юксак ишончи ётади.
Мана шу қисқа вақт ичида юртимизда давлат ва жамият ҳаётида туб ўзгаришлар амалга оширилиб, мамлакатимиз дунё миқёсида ўзига хос мавқеига эга бўлди.
Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб заминида инсон, халқ, миллат ва жамият фаровонлиги туради. Бу мақсад Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичда давом этаётганини англатади. Хусусан, янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституцияда “Инсон – жамият – давлат” тамойилига асосланган “Инсон қадри учун!” эзгу ғоя устуворликка эга. Унда нафақат бир шахс, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатланган, барчага бирдек дахлдор бўлган меъёрларни жамлаган ҳуқуқий ҳужжатни кўриш мумкин.
Янгиланган Конституцияга кўра, “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”дир. Мамлакатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги Конституция даражасида мустаҳкамланди.
Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш йўлидан дадил кетаётганини ҳисобга олиб, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили конституциявий норма сифатида белгиланди. Конституцияга киритилган ўзгартишлар, аввало, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий фаровонлик кафолатлари асосий қонун даражасида мустаҳкамланди.
Ижтимоий давлатнинг вазифаси инсон учун муносиб турмуш шароитини яратиш, бунда фуқаролар ва умуман халқнинг манфаатлари ва эҳтиёжлари жамият ҳаётини ўзгартиришда асосий устувор мақсад ҳисобланади. Шу мақсадда янги таҳрирдаги Конституциядаги нормаларнинг ярмидан кўпи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашни кўзлаган.
Ижтимоий давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида соғлиқни сақлашни ривожлантириш, таълим соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, ўқитувчи мақомини мустаҳкамлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш каби бир қатор муҳим вазифа ва мажбуриятларни келтириш мумкин. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар уч баробарга ортди.
Янги Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ижтимоий суғурта тизимини яратиш, жумладан, ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам ва хизматларни ижтимоий шартнома асосида тақдим этиш белгилангани бежиз эмас. Бунда асосий эътибор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш, жумладан, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” билан интеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилган ишларга назар соладиган бўлсак, ижтимоий ҳимоя ва доимий ёрдамга муҳтож шахслар билан ишлашнинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби янгича ишлаш механизми жорий этилди. Ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 1,5 баробар оширилди. Кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда. Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила –тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар ўз ижобий натижасини бермоқда.
Шу ўринда, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам шахс, инсон қадри биринчи ўринга қўйилиб, “инсон – жамият – давлат”, деган янги тамойил асосида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Хусусан, 2026 йилгача эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинади. 2022 йил 1 апрелдан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1-4-синф ўқувчилари мактабда бепул овқат билан таъминланадиган бўлди. 2023 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилишда иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача оширилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда илм-фанни ривожлантириш ва таълим сифатини оширишга бўлган эътиборни унга оид бўлган нормаларнинг қарийб икки баробар кўпайгани билан изоҳлаш мумкин.
Хусусан, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши, мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий-маданий салоҳиятини сақлаш ва бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилгани, давлат ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши кафолатланди.
Жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади (52-модда), ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади (53-модда) деб белгилаб қўйилди.
Келтирилган таърифлардан шуни анлаш керакки, ҳар бир инсон, у қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар мазкур касб эгаларига мана шундай онгли муносабатда бўлиши жамият аъзоларининг бугуни ва эртанги кунининг ижобий ўзгаришлари кафолати ҳисобланади.
Тан олиш жоизки, ўтган вақт мобайнида ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди, бироқ шу билан бирга, мазкур соҳада самарали механизмларни яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор камчиликлар ҳам йўқ эмас. Юқорида таъкидлаганимиздек, ислоҳотларнинг кейинги босқичида ҳам ижтимоий йўналишдаги масалалар устувор аҳамиятга эга.
Дунёдаги мураккаб сиёсий-иқтисодий вазиятга қарамасдан юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мустақиллигимиз шарофати ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғоя асосида нишонланиши амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини намоён этади.
Ҳ.Н.Обломуродова,
ТДЮУ доценти,
фалсафа фанлари бўйича
фалсафа доктори