Кейинги йилларда шаҳримизда таълим соҳасида жуда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари замон талабларига жавоб берадиган зиё масканларига айланди.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида яна 3 та таълим муассасаси янги бинога эга бўлди.

Ушбу объектларни очилиш тадбирида иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бу ишлар мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига берилаётган юксак эътибор ва бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси эканлигини таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Ингичка шаҳарчасида янгидан барпо этилган 21 давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлдилар.

Туркистон кўчасида жойлашган ушбу муассасадаги қурилиш ишлари 2021 йил инвестиция дастури асосида бажарилди. Олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишларига 3 миллиард 286 миллион сўм маблағ сарфланди.

120 ўринли ушбу муассаса келажакда Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган болажонларни камол топтиришдек шарафли ишда хизмат қилиши шубҳасиз. Қолаверса, болаларни мактабгача таълимга қамраб олишда муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллик олди фойдаланишга топширилган яна бир муассаса 11-мактабгача таълим ташкилотида ҳам барча шарт-шароитлар яратилган. Каттақўрғон шаҳар “Ермачит” маҳалласида жойлашган ушбу таълим муассасаси 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, инвестиция дастури асосида янгидан барпо этилди.

Бугунги кун талабларига жавоб берадиган муассасада амалга оширилган қурилиш ишларига 1 миллиард 948 миллион сўмлик маблағ сарфланди.

Мактабгача таълим ташкилотидаги катта, ўрта ва кичик гуруҳлар учун ўқув машғулотлари хонаси, ётоғхона, кир ювиш, ҳамшира хонаси, овқатланиш ва бошқа хоналар ҳам зарур ўқув-дидактик материаллар ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган. Муассасадаги таълим-тарбия ишлари малакали педагоглар томонидан олиб борилади.

Шунингдек, байрам арафасида фойдаланишга топширилган яна бир таълим муассасасига янги бино барпо этилгани учун 8-умумтаълим мактаби жамоаси бу каби эътибор ва яратилган шарт-шароитлардан мамнунликларини билдирди. 8-умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари учун дарс машғулотлари 1904 йилда қурилган эски, яроқсиз ҳолдаги бинода ўтилар эди.

Ҳозирда Суфи Оллоёр маҳалласида жойлашган ушбу мактабда 300 нафар ўқувчининг таълим-тарбия олишига мўлжалланган янги бино қурилди. Шунингдек, 180 ўринли бошланғич синфларга дарс машғулотлари ўтиладиган эски бино ҳам капитал таъмирдан чиқарилди.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими барчани байрам билан муборакбод этди ва мактаб жамоасининг келгусидаги шарафли ишларида муваффақиятлар тилади, деб хабар беради Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Шу куни тадбир давомида фахрий устозлар ҳамда мактабнинг фаол педагог ходимларига фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.