Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йил 11 ноябрда бўлиб ўтган VIII Қурултойида 2021 йилда “Мустақилликнинг ўттиз йиллигига — ўттизта янги иш ўрни” ни яратиш ташаббуси эълон қилинган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси раҳбари А.Эргашевлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан касаба уюшмалари томонидан иш ўринлари яратишнинг манзилли дастури юзасидан 30 та иш ўрнига мўлжалланган тикувчилик цехини ташкил қилиш режалаштирилди. Ушбу хайрли ишни Бухоро вилояти Когон туманининг чўл зонасида жойлашган узелга қарашли саноат ишлаб чиқариш мажмуаси базасида амалга оширишга келишилди.

Темирйўлга ажратилган ушбу худудда 2019 йилдан буён аввало, соханинг эхтиёжи учун, қолаверса, аҳоли талабини қондириш мақсадида бурусчатка, ғишт блоклари, тиканли сим каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, махсус кийим-бош тикишга йўналтирилган тикувчилик цехи эса тўртинчи йўналиш сифатида ташкил этилди. Қисқа муддатларда қуриб битқазилган бинода ишчилар учун барча шарт-шароитлар мухайё қилинди. “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасида ташкил қилинган ушбу цехга Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган тикув машиналари ва ускуналари харид қилиниб, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан 60 миллион сўм, Бухоро минтақавий темир йўл узели ҳудудий касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 61 миллион сўм маблағ сарфланди.

Ва ниҳоят, истиқлолимизнинг 30 йиллик тўйига тўёна сифатида 30 кишига мўлжалланган тикувчилик цехининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги 5 йилда олиб борилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг бош мезони халқимизга хизмат қилиш, юртдошларимизни бу ҳаётдан рози бўлиши учун уларнинг турмушини фаровон қилиш асосий мақсадга айланганини айтиб ўтдилар. 

— Мамлакатимиз ҳаётида содир бўлаётган тарихий ўзгаришларга темирйўлчилар ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани эса шу соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир мутахассисга ғурур ва ифтихор бағишлайди, — деди М.Розиметов. — “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори билан ўтаётган ҳар бир кунимиз бунёдкорликларга бой бўлмоқда. Бугун очилган янги тикув цехи ва 30 та янги иш ўрнини яратилиши мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасига тўғри келишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Биз келгусида республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам янги иш ўринларини яратишга, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳаётини янада яхшилашга катта эътибор қаратамиз.

30 нафар ишчи доимий иш билан таъминланиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Касаба уюшмасига аъзоликка ҳам қабул қилинди.

Бундан ташқари, очилиш маросимидаги тадбирда темир йўл транспорти соҳасида кўп йиллик самарали меҳнатлари, ушбу тикувчилик цехини барпо этишга муносиб хиссасини қўшган, ташаббускор ва ташкилотчи шунингдек, жамоат ишларида фаол иштирок этган 100 нафар “Бухоро минтақавий темир йўл узели” УК ишчи-ходимлари байрам арафасида Бухоро минтақавий темир йўл узели касаба уюшма ҳудудий қўмитасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Яхши ниятлар билан очилган ушбу тикувчилик цехидаги режалар бисёр. Мустақиллигимизнинг кейинги шонли саналарида улкан натижалари билан, махсулотларининг сифати ва харидоргирлиги билан Республикадаги энг яхши тикувчилик цехлари қаторидан жой олса не ажаб.

Назокат НУРМАТОВА,

Ўзбекистон темирйўлчилари ва

транспорт қурувчилари касаба уюшмаси

 Республика Кенгаши

Меҳнаткашларнинг ижтимоий –иқтисодий

 манфаатларини ҳимоя қилиш

бўлими йўриқчиси