Шу йилнинг 11 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо мамлакатлар етакчилари Ўзбекистон Республикасига ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилдилар. Қайд этиш жоиз, ушбу масала мамлакатимиз парламентида чуқур ўрганилиб, муҳокама қилинган, бир қатор муҳим омиллар мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат мақомида ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги таклиф маъқулланиш учун асос бўлган эди.

Дарҳақиқат, ЕОИИ мамлакатлари, энг аввало, Ўзбекистоннинг асосий, табиий савдо шерикларидир. Кейинги йилларда юртимизнинг ташкилот давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ортгани бунинг амалий ифодаси. Қолаверса, мамлакатимизнинг ЕОИИга аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги айни муддао бўлиб, бу келгусида яхши натижалар беради. Чунки бу давлатлар нефть, газ қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади.

Бу ҳақда батафсил тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда ЕОИИга аъзо мамлакатлар ёқилғи-энергетика комплекслари салоҳиятидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Шунингдек, миллий иқтисодиётни энергетика манбаларининг асосий турлари билан таъминлаш мақсадида аъзо давлатлар энергетика соҳасидаги узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиряпти. Мувофиқлашган энергетика сиёсати амалга оширилиб, энергетика манбалари умумий бозори босқичма-босқич шакллантириляпти.

Энергетика манбалари умумий бозори бир қатор муҳим жиҳатларни қамраб олади. Чунончи, уни ташкил этиш ташаббуси, энг аввало, ЕОИИ ёқилғи-энергетика комплекси энергетик хавфсизлиги ва ишончлилиги даражасини оширишни, дунё энергетика бозорида унинг рақобатбардошлигини оширишни кафолатлайди. Шунингдек, аъзо давлатлар энергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, энергетика соҳасида товарлар ва хизматлар ҳаракатланишининг эркинлигини таъминлаш, энергетика объектларига инвестиция киритиш учун қулай муҳит яратиш, электр энергияси, газ, нефть ва нефть маҳсулотларига бўлган ички талабни максимал даражада қондиришни кўзда тутади.

Ўз навбатида, энергетика манбалари умумий бозорларининг шаклланиши аъзо давлатларнинг энергетика манбаларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, ҳалол рақобат ривожланишини таъминлаш, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аъзо давлатлар энергетика комплексига сармоялар жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, энергетика манбалари умумий бозорларининг технологик ва тижорат инфратузилмаси амал қилишининг миллий меъёр ва қоидаларини уйғунлаштиришга хизмат қилади. Айни чоғда  ўзаро савдода миқдор чекловлари ва четга олиб чиқишга доир божхона тўловлари (эквивалент қийматга эга бошқа божлар, солиқ ва йиғимлар)дан фойдаланмаслик, аъзо давлатлар нефть ва нефть маҳсулотларига оид меъёр ва стандартларни бир хиллаштириш, энергетика манбалари умумий бозорлари экологик хавфсизлиги ва ахборот таъминотини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда, энергетика манбалари умумий бозорларини шакллантириш дастурлари амалга оширилгач, қандай натижалар беради, деган табиий савол туғилиши мумкин. Қайд этиш керак, бунда, энг аввало, аъзо давлатлар Иттифоқ доирасида тегишли халқаро битимларни имзолайди. Жумладан, улар ўз ичига ўзаро савдо, биржа савдоларини ўтказишга оид ягона қоидалар, аъзо давлатлар ҳудудида жойлашган электр энергияси, газ транспорт тизимлари ҳамда нефть ва нефть маҳсулотларини ташиш тизимларидан фойдаланишга оид ягона қоидаларни олади. Бу 2025 йил 1 январгача кучга кириши лозимлигини кўрсатади.

Бинобарин, Иттифоқ газ, нефть ва нефть маҳсулотларининг умумий бозорлари тўғрисидаги халқаро битимлар кучга киргунга қадар агар аъзо давлатлар бу борада бошқа тўхтамга келмаса, аъзо давлатлар ўртасида газ, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш борасида тузилган икки томонлама битимлар амал қилади.

Ҳозирги вақтда умумий энергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва энергетика манбаларини давлатлараро етказиб берилишини мақбуллаштириш мақсадида аъзо давлатлар мутасадди органлари газ, нефть ва нефть маҳсулотларининг индикатив балансини ишлаб чиқмоқда ва келишмоқда.

Умуман айтганда, ЕОИИга аъзо мамлакатлар иқтисодиётларининг улкан салоҳиятидан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш, савдо муносабатларидаги тўсиқ ва ғовларни биргаликда бартараф этиш, ўзаро саъй-ҳаракатлар билан янги бозорларни шакллантиришда Ўзбекистоннинг ЕОИИ таркибида кузатувчи давлат мақомини олиши муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз саммитдаги нутқида таъкидлаганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги муҳим босқичида Ўзбекистон барча халқаро шериклар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни изчил кенгайтириб бориш, шу жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан мулоқотни ривожлантириш тарафдоридир.

 Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати