Ҳайкалтарошликка юртимиз ҳудудида қадимий санъат турларидан бири сифатида қаралади. Ҳайкалтарошлик юксалиш палласини бошдан кечирди, ривожланишнинг бир неча босқичини босиб ўтган миллий мактаб шаклланди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ижодий тафаккур ҳурлиги юзага келди, маданият ва санъат соҳасида янги ва ёрқин номлар, ютуқлар пайдо бўлди.
Куни кеча ўзбек тасвирий санъатида қувончли воқеа юз берди. Кўҳна ва навқирон Самарқандда таваллуд топган, бугунги кунда Буюк Британияда яшаб, қизғин ижод қилаётган ҳамюртимиз Юнус Сафардиёр пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейига қимматбаҳо туҳфа — Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кичик ҳажмли бронза ҳайкалини совға қилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бронзадан ишланган ҳайкали тақдимоти бўлиб ўтди.
Истеъдодли ўзбек ҳайкалтароши Юнус Сафардиёр 1986 йилдан бери халқаро кўргазмаларнинг фаол иштирокчиси, Россия, Буюк Британия, АҚШда кўплаб шахсий кўргазмалар ўтказиб келади. Муваффақиятларига авангард эмас, балки академик ишлари сабаб бўлди. Унинг санъатида вақт ва макон қамрови жуда кенг, чегара билмайди.
Ижодкор мис, тош, ёқут, бронза, кумуш, ёғоч каби материаллар билан ишлайди. У иш учун этник ва мифологик, тарихий, лекин асосан портретлар ва композициялар, классик анъаналарда ва янги технологиялар ёрдамида турли мавзуларни танлайди. Юнус Сафардиёр ҳайкалтарошликда янги хомашёлар билан тажриба ўтказишни яхши кўради.
— Технология мунтазам ривожланишда, ўзгариш тезлиги ҳам доимий равишда ошиб бормоқда. Ушбу ҳайкал улуғ саркарда, давлат арбоби, шоир Заҳириддин Бобурнинг юрти, менинг ҳам юртим бўлган Ўзбекистонга чин қалбимдан қилган туҳфамдир, — дейди Юнус Сафардиёр. — Бу ҳайкалда от устида ўтирган Бобурнинг ўнг томонида шоҳ ва саркарда жасоратини англатувчи қилич бор. Образнинг умумий шакли талқинида Бобурнинг аниқ кўриниб турган хатти-ҳаракати, ўзига бўлган ишончи яққол кўзга ташланади.
Дарҳақиқат, ҳайкалтарош, бир томондан, дастгоҳ ҳайкалтарошлигининг замонавий тенденцияларига содиқлигини, иккинчи томондан, пластика воситасида саркарда образини шоирона тасвирлаш истагини намойиш этади.
Юнус Сафардиёрнинг барча асарлари ижро маҳорати, кучли фантазияси билан ажралиб туради. Пластик санъатдаги маҳорати туфайли у жаҳон замонавий санъатида муносиб ўрин эгаллашга муваффақ бўлди. Бугунги кунда унинг асарлари Россия Бадиий академияси, Буюк Британия, АҚШдаги коллекцияларда сақланади.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири