Маданий мерос агентлигида юртимизда фаолият олиб бораётган музей раҳбарлари ва мутахассислари билан Президентмиззининг 2021 йил 19 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги янги қарорининг музейлардаги ижросини таъминлаш бўйича ялпи йиғилиш ўтказилди.

Унда, Тошкент шаҳрида жойлашган музей мутассаддилари, Камолиддин Бекзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтининг “Музейшунослик” факультети мутахассислари якка тартибда, вилоятдаги музей раҳбарлари интернетдаги ZOOM платформаси орқали онлайн иштирок этди. Тадбирни Маданий мерос агентлигининг Илмий кенгаш раиси, санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова олиб борди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5150-сон қарорининг 1-иловасига мувофиқ, барча музейлар фаолиятини Маданий мерос агентлигининг Музейларни ривожлантириш, ёдгорликларни музейлаштириш ва Миллий музей фонди давлат каталогини юритиш бошқармаси назорат қилади, мувофиқлаштиради.

 Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни режалаштириш, амалга ошириш, мувофиқлаштириш ва илмий-техник назорат қилишнинг Йўл харитаси ишлаб чиқилган.

Унга кўра, 2021 йил 1 ноябригача музейлар экспозицияси ва фонд сақлаш шароитларини босқичма-босқич яхшилаш бўйича аниқ манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган.

2023 йил 1 январдан бошлаб моддий маданий мерос объектлари ва музейлар соҳасидаги электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматларини амалга ошириш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга оширилади. Бунда молиялаштиришнинг аниқ манбалари ва миқдорини, ижро учун масъуллар, давлат хизматларини амалга ошириш босқичларини ва бошқа тадбирлар белгиланади.

Камола Акилова музей раҳбарларига 222 йил 1 майгача замонавий санъат музейлари (Museum of modern art) бўйича хорижий илғор тажрибаларни ўрганиш, замонавий санъатни ривожлантириш чора-тадбирларини белгилаш юзасидан топшириқлар берди. Шунингдек, 2022 йил 1 июлгача музейлар фаолиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида тажрибали эксперт, мутахассис ва дизайнерларни жалб этиб ҳар бир музейнинг “Museum brendbook”ини яратиш;

Wikipedia — оммавий очиқ энциклопедияда ҳар бир музей бўйича 6 та жаҳон тилида материал жойлаштириш;

ҳар бир музейнинг расмий веб-сайтини замон талабидан келиб чиқиб, тўлиқ янгилаш, уларнинг мобил иловасини яратиш;

Youtube, Facebook, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда верификация қилинган ҳолда музейларнинг аккаунтларини ташкил этиш, юритиб боришлари шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда маданий мерос объектлари, шу жумладан, музей ашёлари ва коллекциялари, маданий бойликлар ҳақидаги барча ахборотларни тўплаш ва уларни қайта ишлаш мақсадида махсус сервер мосламаларини харид қилиш ҳамда унинг самарали ишлашини таъминлаш масаласи кўриб чиқилди. Ҳар бир музей раҳбарининг Музей электрон каталогини яратиш ҳолати бўйича ҳисобот тингланди.

Президент қарорига биноан, 2022 йил 1 августгача Биринчи ва иккинчи ренессанс, жумладан буюк даҳолар ва давлатчилик тарихи бўйича музейлар туркумини яратиш бўйича тегишли қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи берилган. Янги музейлар фаолияти буюк алломалар — Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Бухорий, Термизий, Мотурудий, Насафий, Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи, Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Шарафиддин Али Яздий, Камолиддин Беҳзод сингари мутафаккирлар ҳаёти ва ижодига бағишланади. Уларда давлатчилик тарихи — Катта Хоразм ва Бақтрия, Хоразм, Қанғ, Қадимги Фарғона ва Кушон, Хоразмшоҳлар, Темурийлар каби цивилизацияга кучли таъсир кўрсатган давлатлар тўғрисида экзпозициялар яратиш назарда тутилган. Таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан ишчи гуруҳини ташкил этиш келишиб олинди.

“Virtual Museum” (Виртуал музей) лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, виртуал музей бўйича Халқаро музейлар кенгаши (ICOM), илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва Ўзбекистонда қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳолати таҳлил қилинди. Музейлар ва туристик йўналишлардаги маданий мерос объектларида “Museum shop” (музей дўкон) тизимини йўлга қўйишнинг афзалликлари “Museum shop”ларни ташкил қилиш бўйича:

Туркия, Хитой, Франция, АҚШ каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ва уларнинг илғор тажрибаларини Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича таклифларни, ўзига хос бренд ва савдо белгиларини, ноёб музей ашёлари нусхаларини ишлаб чиқиш; савдо майдонлари ташкил этиш учун жой ажратиш ва фаолиятини йўлга қўйиш ишларини жаддаллаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Янги қарорда маданий мерос соҳаси бўйича 1 000 нафар мутахассисни, хусусан, музейшунослик, бадиий экспертиза каби йўналишлардаги ихтисослашган мутахассис-экспертлар рўйхатини шакллантириш, малакасини ошириш ҳамда уларни соҳага кенг жалб этиш белгиланган. Шунга кўра, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори Жаббор Эшонқулов музей ходимлари маошини ошириш зарурлиги бўйича қарор ишлаб чиқариш юзасидан юқори турувчи ташкилотга таклиф билдириш зурурати мавжудлигини, музейшунослик таълимида араб каллиграфиясига асосланган битикларни ўқий оладиган универсал мутахассислар етиштириш шартлигини таъкидлади.

Уй-музейларни Маданий мерос объектларининг миллий рўйхатига киритиш масаласи Маданий мерос агентлигининг илмий-эксперт кенгашида ўрганиладиган бўлди, дея хабар қилади Маданий мерос агентлигининг матбуот хизмати.