Суҳбат чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг долзарб масалалари, минтақавий ва халқаро муаммоларнинг айрим жиҳатлари муҳокама қилинди.

В.Ишингер Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, фуқароларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши учун қулай шарт-шароит яратиш, парламент, партиялар ролини ва жамоатчилик назорати кучайтириш борасида эришилаётган натижаларни юқори баҳолади.

Германия томони Ўзбекистоннинг асосий йўналиши Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат бўлган ташқи сиёсатини олқишлади.

Мулоқот чоғида Афғонистондаги бугунги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мамлакатни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб қилиш, афғон халқига ёрдам кўрсатиш, шунингдек, бу мамлакатда гуманитар инқирознинг олдини олиш зарурлигини таъкидладилар.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.