Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Дарҳақиқат, оила мустаҳкамлиги, унда вояга етадиган фарзандларнинг келажаги никоҳнинг қонунийлигига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Бу оиланинг ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларининг қонуний муҳофаза этилишига хизмат қилади, муқаддас қўрғоннинг мустаҳкамлигини таъминлаб, жамият бўғинига айлантиради.

Аммо айрим кимсаларнинг буни англаб етмаслиги ва белгиланган мезонга риоя этмаслиги эса ўзига “қимматга тушади”.

Ш.Розиқов (исм-фамилияси ўзгартирилган) Фарғона туманидаги жоме масжидларидан бирида 32 йилдан буён имом ноиби вазифасида ишлаб келган. 2021 йилнинг 4 июнида жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди томонидан Ш.Розиқовга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисми (Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) билан унга нисбатан жарима жазоси тайинланган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаганлиги уни жиноят кўчасига етаклади.

2021 йилнинг 24 июнь куни унинг олдига маҳалла оқсоқоли Н.Марипов ва ўзини “Жамшид” деб таништирган шахс келиб, фуқаро Ш.Рустамовага уйланмоқчилигини, шу сабабли шаръий никоҳлаб қўйишини илтимос қилади. Имом ноиби эса рози бўлиб, “келин”нинг тоғаси хонадонида “вазифаси”ни адо этади. Никоҳ ўқилишидан олдин ФҲДЁ томонидан берилган гувоҳнома мавжудлиги ҳақидаги саволига “куёв”нинг “ҳозир сиз никоҳни ўқиб тураверинг, биз кейинроқ қонунийлаштирамиз” деган жавобини эшитиб ҳам, тўғри қарорни қабул қилмайди.

Оқибатда қонун олдида жавоб беришига тўғри келди. Ш.Розиқовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра бир йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.