"Президентимиз бу йил биринчи бор “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрамида ўзлари чиқиб табрик сўзи билан мурожаат қилдилар. Таълим-тарбия тизимини яхшилаш бўйича Фармон лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқ бердилар, кейин яна қўшимча селектор ўтказиб, ҳар бир ҳоким энди камида 30-40 фоиз вақтини мактабга ёрдам беришга қаратсин деб айтдилар ва ҳурматли ҳокимларимиздан бу масалага чин дилдан ёндашишни, кундалик топшириқ сифатида қабул қилмасликни сўрадилар.
Куни кеча Фармонга имзо қўйишдан олдин яна бир бор таълимни кўтариш муҳимлигини қатъий таъкидладилар.
Бугун эрталабдан эса жойлардан шундай янгиликларни ўқиб турибмиз...
Бундай ҳолатларни, нафақат Президент сиёсатига хиёнат, балки атайлаб Давлат Раҳбарини имижини дискредитация қилишга ҳаракат деб баҳолаш керак ва ҳар бир бундай ҳолат бўйича жойлардаги мутасаддиларни керак бўлса жиноий жавобгарликка тортишгача олиб бориш зарур деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли ҳокимлар ва сектор раҳбарларидан халқ таълими тизими ходимларини фақат таълим сифати бўйича ишлашларига шароит яратишда ёрдам беришингизни сўраймиз! Ёрдам беришга имкониятингиз бўлмаса, илтимос, жуда бўлмаса халақит қилманг!
PS. Бундай қўшимча ишларга, адашмасам, Меҳнат вазирлигидаги алоҳида фонддан маблағ олиб жойлардаги ишсизларни жалб қилса бўлади", деб ёзади халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.