Айни шу саволларга жавоб излаш мақсадида бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари мухбирлари учун Наманган вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан «Наманган» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида медиа-тур ташкил этилди. ОАВ вакиллари дастлаб вилоят божхона бошқармасининг «Наманган» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб, тарихи, у ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар билан танишишди.
Маълумот ўрнида, мазкур постда 2020 йил давомида 26 минг 333 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилиб, 403 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган. Пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган 305 млн. АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хориж мамлакатларига экспорт қилинган.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш йўналишида ҳам бир қатор ишлар бажарилган. Жумладан, 2020 йил давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 1 трлн. 337,2 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хом-ашё, технологик асбоб ускуналар, маиший техника ва уларнинг қисмлари каби товарларнинг божхона расмийлаштирувида 933,6 млрд. сўм қисмига ёки 70 %ига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

Бугунги кунда вилоят божхона бошқармаси тасарруфида 7 та божхона омбори (4 та очиқ ва 3 та ёпиқ турдаги) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 апрелдаги «Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 210-сонли қарори талаблари асосида фаолият юритмоқда.
Божхона омборларининг барчаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган, видеотасвирларни онлайн тарзда Давлат божхона қўмитаси ҳамда ҳудудий бошқармаси орқали кузатиш имконияти мавжуд. Мазкур божхона пости «Ёқут» МЧЖга қарашли логистика маркази ҳудудида жойлашган бўлиб, журналистлар 2018 йил декабрь ойидан фаолият бошлаган мазкур логистика марказини ҳам кўздан кечиришди. У ҳозирги кунда сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланган, замонавий дастурий таъминот томонидан бошқариладиган замонавий логистика маркази сифатида ташкил этилмоқда.
«Ёқут» божхона омбори ҳудудида умумий ҳажми 29542мЗ га тенг 8 та ёпиқ бинолар ҳамда 1059,27 м2 майдонга эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида 10 минг тоннагача бўлган турли товарларни жойлаштириш имкони мавжуд. Мазкур ҳудудда 3 та темир йўл тармоғи (ветка) ўтган, умумий узунлиги 600 метрдан иборат. Марказида бир вақтнинг ўзида 8 та темир йўл вагонларини жойлаштириш ёки 16 та юк автотранспортида товарларни тушириб-ортиш имконияти бор ҳамда омбори замонавий юклаш-тушириш ускуналари билан жиҳозланган.
Иштирокчилар медиа-тур давомида ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди. Журналистлар, энг аввало, мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлишди. Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.
Равшанбек АСҚАРОВ,
Наманган вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.