Президентимизнинг 2020 йил 17 июндаги “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади. Яъни, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши тартиби ўрнатилади.

Мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмаган ҳолда аксарият ҳолларда низоларни судгача ёки судсиз ҳал қилиш орқали ортиқча вақт, харажат ва ҳаракатларни қисқартиришга имкон беради. Шунингдек, низо ечими бўйича қилинган хулоса бўйича тегишли чора-тадбирлар ижросини енгиллаштиришга хизмат қилади. Ишларни суд инстанцияларида босқичма-босқич кўриб чиқиш ва ижро ҳаракатлари кечикишининг олди олинади.

Апелляция кенгашининг вазифалари қандай?

Ушбу меъёрий ҳужжатга кўра, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланса, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган бўлса, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш, мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш Апелляция кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шунингдек, низоларни муқобил усулда ҳал этиш билан шуғулланувчи профессионал медиаторларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Медиация маркази ва профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Низоларни муқобил усулда ҳал этиш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ташкил этилиши ва фаолият юритиши мумкинлиги назарда тутилди.

Давлат хизматлари марказларида медиатор хизмати

2020 йил 1 июлдан бошлаб, эксперимент тариқасида, давлат хизматлари марказлари биноларида низолашувчи фуқароларга медиатор хизматидан фойдаланиш учун алоҳида хоналар ажратилиши, экспериментнинг ижобий натижалари асосида 2021 йил 1 апрелга қадар ушбу амалиётни барча давлат хизматлари марказлари биноларида татбиқ этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қарорга низоларни муқобил усулда ҳал этиш механизмлари фуқаролик процессуал ва иқтисодий процессуал муносабатларда қўлланилишини назарда тутади. Шу билан биргаликда, мутасадди идоралар медиация институтининг жиноят процессига татбиқ этилиши мақсадга мувофиқлиги бўйича таклифлар ишлаб чиқиши мумкин.

Беш босқичли механизм

Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашида мурожаатларни кўриб чиқишнинг беш босқичли механизми яратилди. Биринчи босқичда жисмоний ва юридик шахс (мурожаат этувчи) низоли масалани апелляция кенгашида кўриб чиқиш учун Кенгаш тузилган давлат органига ёзма (электрон) тарзда мурожаат қилса, иккинчи босқичда мурожаат келиб тушган кундан кейинги 1 кун ичида ҳузурида Апелляция кенгаши тузилган давлат органи раҳбари (ёки унинг ўрин босарлари) томонидан мурожаат унинг муаллифини хабардор этган ҳолда Апелляция кенгашида кўриб чиқиш учун юборилади.

Учинчи босқичда эса Апелляция кенгаши мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида (заруратга қараб бир ойгача муддатда) мурожаатни ҳар томонлама ва пухта ўрганиб чиқади, ўрганиш натижаларини ўз мажлисларида муҳокама қилади, ўрганиш ва муҳокамалар натижасида тузилган хулоса мажлисда иштирок этаётган Апелляция кенгаши аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Хулоса қабул қилинган кундан бошлаб 3  кун ичида Апелляция кенгаши хулосасини давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш ва бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юбориш тўртинчи босқичда амалга оширилса, бешинчи босқичда хулоса қабул қилинган кундан бошлаб 3  кун ичида давлат органи келиб тушган Апелляция хулосаси ва тегишли мурожаатни кўриб чиқади ҳамда мурожаат бўйича якуний қарорни қабул қилади, қабул қилинган қарор тўғрисида Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма (электрон) тарзда хабардор қилади.

Янги тизим бизга нима беради?

Аввало, низоли-ҳуқуқий масала соҳага масъул бўлган ваколатли давлат органининг юқори инстанцияси томонидан якуний муносабат тарзида ҳал этилади. Қолаверса, низоли-ҳуқуқий масала соҳа бўйича малакали мутахассислар томонидан батафсил, илмий асосланган ҳолда норма ижодкорларининг ўзлари томонидан кўриб чиқилади, ортиқча савол ёки мунозарага ўрин қолмайди.

Жисмоний ва юридик шахсларда низоли масалани ҳал этишда давлат божи, суд харажатлари, процессуал муддатлар, ижро ҳаракатлари  ва муддатлари борасидаги муаммоларга барҳам берилади. Шунингдек, низоларни муқобил ҳал этишда ягона босқичли мурожаат этиш тартиби мавжудлиги босқичма-босқич, қуйидан юқорига қараб мурожаат қилиш ҳаракатлари инкор этилган ҳолда низоли-ҳуқуқий муаммони бир вақтнинг ўзида, бир босқичда ҳал қилиш имконияти яратилади.

Суд ишини кўриб чиқиш давомида янги ҳуқуқ нормаси яратилмасдан, амалдаги  ҳуқуқ нормасини қўллаш орқали низоли-ҳуқуқий вазиятга баҳо берилади ва хулоса қарорда акс эттирилади. Низоли вазият ечими амалдаги қонунчилик талабига мос келадиган ёки рад этадиган фактларга боғлиқ бўлади. Ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган фактларни тан олиш учун соҳага масъул давлат органи ёки унинг вакилининг нуқтаи назарига таянилгани сабабли низоли масала бўйича тегишли муносабат билдиришга ваколатли давлат органининг ҳам имкони бор.

Бир сўз билан айтганда, низоларни судгача ёки судсиз кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши янги фуқаролик жамиятига хос бўлган ҳуқуқий анъаналарни ривожлантиради, аҳолига амалда яратилган реал ҳуқуқий кафолат ва давлат органлари кўмагидан самарали фойдаланишга имкон яратади.

Самариддин ОЧИЛОВ,

Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси