Дастлаб институт ректори Р.Каримов мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилган имкониятлар ва бунга муносиб равишда қилинаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, институтда ташкил этилган кўрик-танлов, мусобақаларда фаол иштирок этиб, ғолиб бўлган 292 нафар талабани мукофотлаш ва рағбатлантириш мақсадида 146 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Ректорнинг тил сертификати бўйича юқори натижа қайд этган талабаларни рағбатлантириш борасидаги ваъдасига биноан Ш.Ҳайдаровга халқаро тил билиш сертификатидан 7,5 балл натижа кўрсатгани учун ноутбук совға қилинди. Аввалроқ М.Aдашалиева ҳам худди шундай рағбатлантирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси учун номзод сифатида фаол иштироки учун 2-курс магистранти Й.Мустаева базавий стипендиянинг 5 баробари миқдоридаги пул мукофоти ва ташаккурнома билан тақдирланди.
Яна кўплаб талабаларга ҳам ижтимоий фаоллиги, турли кўрик-танловларда иштирок этиб, ғолиб бўлгани учун махсус диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалар топширилди. Ўз навбатида, талабалар яратилган имконият, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.