Гуллар фестивали ҳар йили кенг қамровда ўтказилиб, унга дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонлар қизиқиш билдиради. Ҳар йили байрам тадбирида иштирок этиш учун Жанубий Корея, Россия, Туркия, Нидерландия, шунингдек Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон каби қўшни мамлакатлардан меҳмонлар таклиф қилинади.

Фестивални оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун нафақат маҳаллий ОАВ вакиллари, балки хорижий ОАВ вакиллари ҳам жалб этилади. Туркия, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, Россия Федерацияси ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ОАВ вакиллари шулар жумласидандир.

Гуллар фестивали ҳудудда туризм соҳасини ривожлантириш, Наманган вилояти жозибадорлигини ошириш, шунингдек маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар билан барқарор алоқалар ўрнатиш йўлида хизмат қилади. Бу Наманган вилоятининг туристик салоҳиятини дунёга намойиш қилиш учун ажойиб имкониятдир, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Фестивалда жами 150 дан зиёд флорист-тадбиркорлар ҳамда 300дан ортиқ ҳаваскор гулчилар иштирок этиши кутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, йил сайин ўтказилаётган кўчатлар сони ошиб бормоқда. Жорий йилда Гуллар фестивали тарихида биринчи марта 100 миллион гул кўчати экилиши кутилмоқда.

«Namangan Flowers – 2021» фестивали доирасида энг диққатга сазовор воқеалардан бири шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб ўтказиладиган гуллар паради ҳисобланади. Парадда 150 дан ортиқ транспорт воситаси, қишлоқ хўжалиги ва махсус техника қатнашиб, уларнинг барчаси ёрқин ва ранг-баранг гуллар ҳамда Ўзбекистон Республикаси байроғи билан безатилади. Фестивалнинг расмий очилиш маросими Бобур номидаги марказий паркда бошланиб, парад ҳам шу ердан йўналиш олади.

Гуллар фестивалини ўтказиш баҳорнинг бошқа байрамлари билан бир қаторда этно-экологик жиҳати билан аҳамиятлидир. Ушбу фестивал 1961-йилдан буён Ўзбекистоннинг энг йирик ҳодисаларидан бўлиб, юртимизнинг бой ўсимликлар дунёсини акс эттиради.